'Ҳаққоний' тармоғи раҳбарининг ўғли қўлга олинди

Сурат манбаси, NDS

Кекса Жалолиддин Ҳаққонийнинг яна бир ўғли Насриддин ўтган йил охирида Покистон пойтахти Исломобод яқинида отиб ўлдирилганди.

Хабарларга кўра, Анас Ҳаққоний тармоқнинг бошқа бир юқори мартабали қўмондони Ҳафиз Рашид билан бирга Афғонистонда ҳибсга олинган.

Анас Ҳаққоний тармоқ таркибида иккинчи қудратли шахс сифатида билинган.

У отаси бошчилигидаги жангари гуруҳнинг стратегияси ва молиявий таъминотида муҳим ўрин тутган.

"Ҳаққоний" тармоғи ҳарбий салоҳияти жиҳатдан Толибон ҳаракатидан кўра ҳам кучлироқ, деб билинади.

"Ҳаққоний" жангари тармоғининг Афғонистондаги маҳаллий ва Нато кучларига қарши уюштирилган энг ҳалокатли ҳужумлар ортида тургани ишонилади.

АҚШ гуруҳни ўзининг "ашаддий душмани", деб билади.

Сўнгги янгиликни Афғонистон Жосуслик Хизматининг матбуот воизи расман тасдиқлаган.

Ҳасиб Сиддиқ жанобларининг айтишича, ҳибслар шу ҳафта сешанба куни тунда амалга оширилган.

Сурат манбаси, AP

"Ҳаққоний" тармоғи лидерлари Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош қавмлар яшовчи минтақаларидан бошпана топишган.

Покистон Қуролли кучларининг сўнгги йирик ҳарбий амалиётлари сабаб, ҳозир улар аксариятининг Афғонистонга қочиб ўтишгани ишонилади.

Аммо, минтақадан олинаётган энг сўнгги хабарларга кўра, тармоқ асосчиси ва лидери Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўзи ҳануз Покистонда.

Афғонистон Жосуслик Хизматининг билдиришича, сўнгги ҳибслар "Ҳаққоний" тармоғи ва унинг марказий қўмондонлиги фаолиятига жиддий зарба бермай қолмайди.

"Ҳаққоний" жангари гуруҳи ҳозир ҳам Покистон ва ҳам Афғонистонда фаол бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг яқин иттифоқчиларидан саналади.

Тармоқ, ўз ўрнида, Афғонистон Толибон ҳаракати ва "Ал-Қоида" билан ҳам яхши алоқаларга эга.

Ўзининг ашаддий жангарилиги билан танилган гуруҳ минтақадаги худкушлик ҳужумларининг ҳам устабошиси саналади.

2012 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистон-Толибон бўйича қўмитаси "Ҳаққоний" тармоғини ўзининг "қора рўйхати"га киритган.

Тармоқ АҚШ Давлат департаментининг "террорчи ташкилотлар" рўйхатида ҳам туради.

Сурат манбаси, FBI

Департамент яқинда гуруҳ тўрт юқори мартабали аъзосининг бошига тикилган мукофот пулларини ҳам оширган.

Расмий маълумотларга қаралса, халқаро иттифоқ кучлари сўнгги йилларда афғон томони билан ҳамкорликда Афғонистон шарқида "Ҳаққоний" тармоғига қарши юзлаб ҳарбий амалиётлар уюштиришган.

Бу амалиётлар натижасида тармоқнинг ўнлаб етакчилари ўлдирилгани ва яна юзлаб аъзолари ҳибсга олингани хабар қилинади.

Аммо "Ҳаққоний" тармоғи ҳануз Толибон билан бир сафда Афғонистонда жанг олиб бораётган учта йирик исёнкор гуруҳдан бири, аммо энг хатарлиси саналади.

Гуруҳнинг Афғонистонга худкушлик ҳужумларини олиб киргани ва қатор шов-шувли ҳужумлар ортида тургани ишонилади.

"Ҳаққоний" тармоғига қирқ йилча бурун, Афғонистоннинг собиқ Шўролар Иттифоқи томонидан ишғоли пайтида асос солингани айтилади.