You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўғли жасадини оммавий қабрдан топиб қувонган она - Видео
Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ғазо бўлгасининг икки йирик шифо мажмуалари - Носир ва Ал-Шифо вайрон этилгани ва бу икки шифохона яқинида Исроил рейдлар ўтказганидан кейин оммавий қабрлар топилгани ҳақидаги хабардан "даҳшатга тушган"ини айтди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волкер Турк ўлимлар сабабини аниқлаш бўйича мустақил тергов ўтказишга чақирди.
Фаластин расмийлари Носир шифхонаси яқинидаги оммавий қабрда 283 инсоннинг жасадини қазиб олганларини хабар қилдилар.
Жасадларнинг айримларининг қўллари боғланган бўлган.
Ҳозирча улар қандай ўлгани ва қачон дафн этилганлари номаълум бўлиб турипти.
Алоқадор мавзулар:
Оммавий қабрлар мавзуси Ҳамас ва Ғазода фаолият юритадиган ёрдам ташкилотлари ходимлари бир томондан, иккинчи томондан Исроил ўртасидаги баҳсли даволарга сабаб бўлди.
"Оммавий қабрдагиларни Исроил ўлдирди" деган иддаолар асоссиз", дейди Исроил.
Уларга кўра, 2023 йил октябрида Ҳамас Исроил ҳудудига бостириб кириб гаровга олган исроиллликларнинг айримлари Хон Юнусдаги Носир шифохонасида ушлаб турилган.
Сўнгра озод этилган исроилликлар Носир шифохонасида 10 киши гаровда ушлаб турилгани, ҳозиргача улардан бири Ҳамас қўлида қолаётганини айтишган.
Исроил февраль ойида Носир шифохонаси атрофини босиб олган.
У ерда исроилликлар ушлаб турилгани исбот-далилини топишганини айтишди Исроил расмийлари.
Исроил расмийларига кўра, "қабрларни орасида исроиллик гаровга олинганлар бор ёки йўқлигини текшириш учун очишган".
"Текширувлар марҳум инсонларга ҳурмат бажо келтириб амалга оширилган. Жасадлар исроиллик гаровга олинганларники эмаслиги аниқланганидан кейин яна қайта жойига қайтарилган", деди Исроил ҳукумати сўзчиси Дэвид Менсер.
"Биз Ғазода кўрганимиз қатор инсон ҳуқуқлари поймол этилишига йўл қўяолмаймиз. Уларнинг аксари уруш жиноятларидир. Биз ваҳшийлик жиноятлари ҳақида бонг урдик. Поймол этилишлар жадаллиги жуда улкан", деди Би-би-сига БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссарлигининг Фаластин ҳудудлари бўйича идораси вакили Ажит Сунгҳай.
Ғазолик она Рим Зидан 23 яшар ўғли Набил ҳалок бўлганини январь ойида билди.
Ўшандан буён у қизи билан ўғлининг жасадини излашди.
"Ўлик жасади бўлсаям мен ўғлимни истайман. Менга ўғлимни беринг! Ўғлимдан айрилганимдан бери юрагим қонга тўлди", дейди Рим Зидан.
Ваниҳоят, уч ойлик қидирувдан кейин Набилнинг жасади Носир шифохонаси ёнидаги оммавий қабрда топилди.
"Қасамки, бу у. Бу унинг кийими. Ўғлим. Менинг ўғлим. Мен уни топдим. Ў, менинг ўғлим, ў менинг юрагим, ў менинг ҳаётим", дея жасадни кўриб қувонди она.
Номаълум қабрдан фарзандининг жасадини топиб хурсанд бўлиш - бу бугун Ғазони қамраб олган азоб-уқубатнинг ўлчови, дейди Би-би-си мухбири.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002