You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Инсон қандай пайдо бўлгани ҳақида абадий баҳс... Дарвиннинг эволюция назарияси кеча ва бугун
19-асрга ўрталаригача Ғарбдаги аксар олимлар инсонни Худо ўзига ўхшатиб яратган деган фикрда бўлганлар. Улар сайёрамиздаги барча мавжудотни илоҳий куч яратганига ишонишган.
Сўнг Чарлз Дарвин буни ўзгартирди.
Баъзи тадқиқотчилар аллақачон турлар эволюциясини муҳокама қилишаётганди, лекин бу британ табиатшуноси эволюция қандай юз беришини исботлади.
Яъни, табиий танланиш билан.
Видеони томоша қилинг:
Унинг назарияси инсон қандай пайдо бўлганини янгича изоҳлаб биология фанини кескин ўзгартирди. Ва бу уни тарихдаги энг муҳим олим ва зиёлилардан бирига айлантирди.
Лекин унгача Дарвин ғайриоддий сафарга чиқиб, юзлаб синовларни ўтказди ва ғояларини сайқаллаш учун 20 йил сарфлади.
1831 йилда 22 яшар Дарвин табиатшунос сифатида ажойиб экспедицияга таклиф этилганида Кембриж университетида ўқиётганди.
У HMS Beagle кемасида беш йил турли қитъаларга сафар қилди ва Жанубий Америкадан ўнлаб янги жонли турлар ва қазилма ҳайвон қолдиқларини олиб келди.
Эволюцияга илк ишораларни у шу қазилма суяклардан олди.
Масалан, у дангасага ўхшаш йирик ҳайвон - Милодоннинг қолдиқларини ўрганиб, бу тасодиф бўлмаса керак деб ўйлади. Улар ўртасида қандайдир боғлиқлик бўлиши керак эди.
Галапагос оролларида Дарвин яқин атрофдаги баҳайбат тошбақаларни кузатди, аммо улар қайси оролда яшашига қараб ўзига хос фарқли жиҳатларга эга эдилар.
Ўсимлик кўп бўлган намли жойларда тошбақаларнинг бўйинлари қисқа ва тошлари гумбазсимон эди, қуруқроқ табиатли оролларда эса уларнинг тоши эгарсимон ва бўйни узун эди. Дарвин буни қандай изоҳлай оларди?
Британияга қайтгач, Дарвин чорвадор ва боғбонлар янги турларни яратиш учун ҳайвон ва ўсимликларни чатиштиришларини кузатди. Бу муваффақиятли бўлиши учун инсон яратган "танланиш" муҳим эди.
Дарвин табиат ҳам шу каби танланишни қилиши мумкинлигини англади, лекин бу қандай юз беришини тушунтира олмади. Шунда 18-асрда яшаган британ олими Томас Роберт Малтуснинг китоби унга ёрдамга келди.
Демография ҳақидаги мақоласида Малтус Европада аҳоли сони ўсиб бораётгани ва бора-бора озиқ-овқат ўсишидан ўзиб, одамлар орасида яшаб қолиш учун кураш бошланишини ёзган.
Бу фикр Дарвинга эволюция қандай ишлашини изоҳлашга ёрдам берди.
Табиатда яшаб қолиш учун кураш бор, лекин бу ҳар доим ҳам энг кучли организм яшаб қолади дегани эмас.
Аслида, ўз яшаётган атроф-муҳитига мослашадиганлар омон қолади.
Яшаб қолиш хусусиятига эга бўлган жонзот кўпайишда ҳам муваффақиятлироқ бўлади. Мослаша олмаганлар, авлод қолдирмай йўқ бўлади.
Кўпайишда энг эпчил бўлган жонзотлар бу хусусиятни авлодларига қолдириб бораверади ва бора-бора бу турлар янги организм турига айланади.
Шу сабаб, Галапагос тошбақаларидаги фарқлар эволюциянинг маҳсули бўлган.
Қуруқ табиатда узун бўйинли тошбақалар озиқланиш учун буталарга ета олганлар. Нам шароитда яшаганлари эса ўт-ўланларни еб, калта бўйин ва гумбазсимон қобиқлари билан ўзларини йиртқич ҳайвонлардан ҳимоя қила олганлар.
Дарвинга кўра, барча турлар, жумладан инсонлар ҳам мустақил равишда эмас, балки битта аждоддан тарқалганлар.
Ўша ондан бошлаб сайёрадаги ҳаёт турфахиллаша бошлаган.
Сафаридан 20 йил ўтиб ҳам Дарвин минглаб бет илмий ишларни ёзса-да, китоб чиқармаганди. У чамаси ўз назарияси шовшувга сабаб бўлишини билгани учун инкор қилиб бўлмайдиган исботни кутган.
У ўз муҳлиси ва ҳамкасби Алфред Рассел Уолласдан хат олганида бари ўзгарди. Уоллас унга у ҳам эволюция табиий танланиш маҳсули деган хулосага келган бўлганини айтди.
Дарвинни ваҳима босди. Уоллас бу назария уники дея тақдим қилиши мумкин эди. Икки табиатшунос ўз хулосаларини қўшма мактубда баён қилишга келишдилар.
Лекин, бир йил ўтиб Дарвин "Турларнинг келиб чиқиши" китобини чоп қилди ва илм аҳлидан ташқарида ҳам машҳур бўлди.
Унинг хулосалари Виктория Британияси асосларини титратди.
Ўз даврида Коперник қилгани каби, Дарвин биологик жараён Худонинг аралашувисиз бўлади дея ўйин қоидаларини ўзгартирди.
Дарвин инсонни сайёрамиздаги барча мавжудотлар билан бир эволюцион даражага қўйди.
Илм-фандаги илгарилашлар унинг назариясини тасдиқлади. Ҳатто Католик черкови ҳам кўп йиллар ўтиб у динга қарши эмас, дея хулоса қилди.
Бугун, Дарвин назарияси баён қилинганидан юз эллик йил ўтиб биз эволюция факт эканини биламиз.
Сайёрамиз ўзгаришда, ва баъзида, кескин ўзгаришда давом этяпти. Унга қўшилиб биз ҳам ўзгаряпмиз.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002