Янгиликлар: Мусулмон Иордания нега христианлар учун бош зиёратгоҳга айланмоқчи? Din va Dunyo

Сурат манбаси, Petra news agency
- Author, Йоланде Нелл
- Role, BBC News
АҚШ ва Европадан келаётган зиёратчилар гуруҳи лойқа сувнинг тор ўзанига аста тушаётгани, суратга тушаётганини кузатаман.
"Агар шу атрофда бўлсангиз, бу ерга келишингиз керак, у тарихнинг бир қисми", дейди Оливер, у француз. Мэриленддан Марк эса "Исо пойқадами етган сўқмоқларда юриш руҳини ҳис этиш" мақсадида келган.
Ғарбий ва Шарқий православ черковлари Исонинг зоҳир бўлишини нишонлаш учун оқиб келаётган ҳозирги ой бу ер ҳар қачонгидан гавжум. Бу байрамда уч донишманднинг янги туғилган Исони кўргани келгани ва Яҳё пайғамбар уни чўқинтиргани нишонланади.
Яқинда Иордания 2030 йилгача бу ерга йилига бир миллион христианни жалб қилиш учун 100 млн долларлик лойиҳасини эълон қилди. Айни шу йили Исо чўқинтирилганининг 2000 йиллиги нишонланади.
Лойиҳага кўра, Библия қишлоғи ва христиан зиёрати ва динлараро мулоқот маркази қурилади. Ушбу марказ Иордан дарёсининг ҳам яҳудийлар, ҳам мусулмонлар учун аҳамиятини кўрсатиши назарда тутилган.

Сурат манбаси, MK Associates
"Зиёратчиларимиз Яҳё ва Исони шу ерда ҳис этишларига ёрдам берсак, катта иш бўларди", дейди Иорданиянинг чўқинтириш маскани раҳбари Рустом Мхжян.
"Тўрт инжилда ўқиганингизни бу ерда ўз кўзингиз билан кўришни "бешинчи инжил" деб атайман. Бу ерда ўзингизни диний тарихда ҳис этасиз, иймон ҳаловатини туясиз."
Чўқинтириш жойи Иордан ортидаги Вифания номи билан ҳам танилган. У ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси объекти бўлиб, бу ерда Рим ва Византия черковлари, монастирь ва чўқинтириш ҳовузлари харобалари сақланиб қолган.
Улар 1995 йилда Иордания ва Исроил ўртасида тинчлик шартномаси тузилганидан кейин топилган.
Бунгача дарёнинг ҳар икки томони 1967 йилги Яқин Шарқ урушидан сўнг ёпиқ ҳарбий зонага айланган, бу урушда Исроил Иорданиядан Ғарбий Соҳилни тортиб олган эди.

"Бу жойнинг қайта кашф этилиши тинчлик шарофатидан, - дейди жаноб Мхжян менга. - Тасаввур қилинг, 11 та улкан мина майдони тозаланди. Мен олиб ташланган ўн минглаб миналар ҳақида гапиряпман. Миналар ўрнига миллионлаб зиёратчиларнинг бўлиши ажойиб эмасми?"
Иорданияликлар зиёратчиларни жалб қилиб учун дарёнинг Исроил назорати остидаги томони билан рақобатлашса да, сўнгги йигирма йил ичида учта католик папаси, қибтий черковидан икки папа ва бутун дунёдан черков раҳбарлари ал-Мағтасга ташриф буюришган.
Бойлар ва машҳурлар ўз фарзандларини бу ерда чўқинтиради ва Иордания қироллиги Британия қироллик оиласига чўқинтириш маросимлари учун муқаддас сув юбориб туради.
Иордания ҳукумати таклифига кўра, турли насроний конфессиялар бу ерда янги черковлар қурган ва яна бир нечта черковлар қуриш режалаштирилган. Бу Яқин Шарқда кам учрайдиган манзара.
Америкалик меҳмон Шарон Иордания қироллик оиласининг ушбу ташаббусини олқишлаб: "қалбга ёқадиган ишлар", дейди.
"Биз муштарак жиҳатларимизни танияпмиз, Иордания ҳукумати турли диний оқимларни бу ерни ўзиникидек кўриши учун ҳаракат қилмоқда."

ЮНEСКО объекти ёнидаги 340 гектарлик янги чўқинтириш майдонининг бош режаси ўтган ой Қирол Абдулла томонидан эълон қилинган эди.
Лойиҳани назорат қилиш учун Иордания ҳукумати ташкил этган нотижорий фонд раҳбари Самир Мурод ҳудуднинг ўзига хослигини сақлашни талаб қилмоқда.
"Бундай муқаддас жойни тижоратлаштириш ва турли паркларни қуриб сайёҳларни жалб қилиш аҳмоқлик ва ақлсизлик бўларди", дейди у.
"Бу ер христиан динидаги учинчи муқаддас маскан эканлигини ёдда тутайлик. Бу Исо ўз миссиясини бўйнига олган жой ва шунинг учун уни ўзгартириш ёки бирор тарзда бузиш жуда ноўрин бўлар эди."

Сурат манбаси, Petra news agency
Янги ривожланиш режаларига глэмпинг услубидаги уйлар ва органик, маҳаллий маҳсулотлардан таомлар тайёрланадиган жойлари киради. Интернет ва электр кабеллари ер остида бўлади.
Зонанинг катта қисми атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун қишлоқ хўжалигига ва қушлар қўриқхонасига ажратилади. Буюк Британиядаги Кью Қироллик ботаника боғидан Библияда келтирилган айрим ўсимликларни ҳудудга қайтаришда ёрдам сўралмоқда.
Иордания ҳукумати халқаро донорлардан, жумладан, ҳукуматлар ва диний ташкилотлардан ҳам харажатларни қоплашни сўрамоқда.
Мазҳаблараро можароларга бой бу минтақада лойиҳа маданий очиқлик ва динлараро тотувликни намойиш этиш орқали бошқаларни ҳам илҳомлантиради, деган умидлар бор.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















