Видео. Қамоқдаги қийноқлар: Эркакларни турли предметлар билан зўрлашарди ва хохолаб кулишарди, Россия, Yangiliklar

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Россия қамоқхоналаридаги таҳқирлаш ва қийноқлар ҳақидаги миш-мишлар кўп йиллардан бери айланади. Бироқ 2021 йилга келиб Россиянинг машъум қамоқхонасидан боди-камера тасвирлари чиқа бошлади. Собиқ маҳкум яширин тарзда қаттиқ дискни олиб чиқди ва дунёга ошкор қилди.

Бу Россия тарихидаги қийноқлар акс этган энг йирик видеолар сизиши бўлиши мумкин.

Би-би-си Рус хизмати мухбири Олег Болдирев бу ҳақда фильм ишлади.

Денис Покусаев фрибгарлик учун 3 йиллик жазони ўташ учун Сибирдаги Иркутскка юборилди.

Ўша ерда 2020 йилнинг баҳорида бошидан кечирганлари уни ҳамон таъқиб қилади.

"Гоҳида портлаб кетайин дейман. Деярли ҳар куни ёнимдаги ўрмонга чиқаман. Ичимдагини тўкиб солиш учун бақириб сўкинаман. Бақиришини бошлаганимдан бери анча енгил бўлиб қолдим", дейди у.

Ўшанда маҳкумларнинг ғалаёни расмийлар махсус кучларни чақириши билан якунланади.

Денис ушланиб, тергов изоляторига юборилган 300 маҳкумдан бири эди.

"Улар менинг синган қовурғаларимга, оёқларимга уришди. Ҳамма жойимга уришди. Менга "сенинг ҳақ ё ноҳақлигинг бизни қизиқтирмайди, бош кўтардингми, энди қилмишингга жавоб берасан", дейишарди. Дўппослашлар 3 ой ҳар куни давом этди, фақат дам олиш кунлари уришмасди".

Дениснинг айтишича, қамоқхона раҳбарияти ғалаённи ким бошлагани ҳақида маълумот олишни истаган.

Алоқадор мавзулар:

"Эркак киши руҳан синса у ҳар нарсага тайёр бўлиб қолади. Мен ҳам, "Майли, келинглар қўл қўйиб берайин, фақат менга тегманглар", дедим. Улар кулишарди, банан, мева ейишарди. Одамни турли нарсалар билан жинсий зўралашарди ва хохолашарди, бундан роҳатланишарди".

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, ғалаёндан сўнг 300 дан ортиқ маҳкум қийноққа тутилган.

Денис қамоқхона ходимларига нисбатан кўрсатма беришга тайёр оз сонли кишилардан бири.

Иркутскдаги ғалаёндан бир йил ўтиб яна бир собиқ маҳкум Россиянинг бошқа қамоқхонасида қийноққа доир янги далиллари борлигини айтиб чиқди.

Ахборот манбаси Сергей Савельев ҳаёти хавф остидалигини сезиб, Россиядан қочди ва Франциядан бошпана сўради.

Сергей донғи чиққан Саратов қамоқхона касалхонасида гиёҳванд моддаларини ташиш айби билан 7 йил ўтирган.

Қамоқхонада ишчи етишмаган ва хавфсизлик бўлимида ишлаш учун одам керак бўлган.

Компютерни яхши билган Сергей ишни ва ундан келадиган имтиёзларни қабул қилади.

Олдинда нималар кутаётгани унинг хаёлига ҳам келмаганди.

"Касалхона палатасида ухлардим, соат 6 да туриб, тўғри ишга кетардим. Менга ҳужжатларни юритишимни, видео архивлар билан, кузатув камералари билан ишлашимни айтишди. Боди-камералар доим видеога олади ва ходимлар уни доим ёқиб қўйиши керак. Маълум вақтдан кейин уларни тўплашим керак, деб ўйладим. Қўлимдан келганича уларни бир ерга йиғдим ва яширдим".

Сергей ташкиллаштирилган қийноқ тизимини фош қилди.

Видеолар маҳкумлар жинсий зўрлангани, дўппослангани ва таxқирланганини кўрсатарди.

"Буларнинг ҳаммаси маъмурият томонидан пинҳон тутилган тўхтовсиз қийноқ машинаси ишлаб турганини англатади. Улар буни билишган. Назорат қилишган. Ва ошкор бўлишининг олдини олишган", дейди Gulagu.net сайти фаоли Владимир Осечкин.

Сергей ва Владимир жинсий зўравонлик акс этган видеоларни жамоатчиликка ошкор қилмоқчи.

Уларнинг ичида қийноқларни яққол кўрсатувчи шу вақтгача чоп қилинмаган далиллар бор.

Фильмни тўлиқ Би-би-си Ўзбек хизматининг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek