Бешинчи тўлқин: Ўз вакцинасига ишонган Эронда 100 мингдан кўп одам Ковиддан ўлди - Ковид Коронавирус Eron dunyo yangiliklar

Эронда

Сурат манбаси, AFP

Эронликлар қарийб бир ҳафталик чекловлар ортидан яна кўчаларга чиқишмоқда.

Аммо бу мамлакатда коронавирусга оид аҳвол яхшиланганини кўрсатмайди.

Аксинча, Эрон ҳалокатли вируснинг бешинчи тўлқинига юз тутмоқда. Буни расмийлар ҳам тан олишяпти.

Ҳозиргача тўрт миллиондан кўпроқ эронлик коронавирусни юқтирган.

Ўлимлар сони ҳам рекорд даражага чиқди. Ўлганлар сони 102 мингдан ошиб кетди.

Ҳукумат вакиллари ҳам ҳақиқий рақамлар бундан юқори бўлиши мумкинлигини тан олишмоқда.

Фойдасиз чеклов?

Эронда

Сурат манбаси, Reuters

Эронда вирусни жиловлаш учун қарийб бир ҳафта давомида бозорлар ёпилди.

Аммо баъзи эронликларнинг айтишича, чоралар етарли бўлмаган.

"Бозорлар ёпилди, лекин йўллар очиқ эди" - дейди тужжор Салмон - "Дафн маросимлари ва бошқа йиғинлар ҳам тақиқланмаганди".

"Бозорни ёпган билан одамлар бошқа жойга боришади, яъни ёпиш билан аҳвол ўзгаргани йўқ".

Вакцина ва сиёсат

Ҳозирги ҳолатга Дельта варианти сабабчи, деб айтилади.

Бироқ Эрондаги эмлаш дастури ҳам кутилган натижага эришмади.

Аҳолиси 80 миллиондан ортиқ бу мамлакатда атиги 5 миллион одам икки марта эмланган, холос.

Бунинг устига, Эрон олий руҳоний раҳбари АҚШ ва Британия вакциналарини тақиқлади.

Эронда

Сурат манбаси, EPA

Эрон ҳукумати, асосан, Хитой ва Россия вакциналарига суянишди.

Шу қаторда, раҳбарлар Эроннинг ўзида ишлаб чиқилган маҳаллий вакцинани ҳам самарали, деб айтишди.

Бироқ бу вакцина фойдаси ҳақида очиқ далиллар ва маълумотлар йўқ.

"Имкони бор эронликлар бошқа давлатларга, хусусан, Кавказга бориб, Ғарбда ишлаб чиқилган вакциналарни олишмоқда" - дейди АҚШдан олим Амири Афхамий.

"Демак, эронликлар ўз мамлакатларида ишлаб чиқилган вакцинага ишонишмайди".

Эрон ҳукумати эндиликда четдан кўпроқ вакцина олиб келишини айтмоқда.

Ҳозирча эса эронликлар коронавируснинг қақшатқич янги тўлқини қаршисида қолмоқдалар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek