Қозоғистон огоҳлантирди, Тожикистон эса, Қирғизистонга борманг, деди - O‘zbekiston Qirg‘iziston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

Қозоғистон

Сурат манбаси, Reuters

Қозоғистон ўз ҳудудида бўлиб турган хорижликларга огоҳлик билан чиқди. Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида нималар бўлмоқда?

"Огоҳ бўлинг"

Шу йилнинг 5 июнь куни чет элликларнинг Қозоғистонда вақтинча қолиш муддати тугайди.

Қозоғистон томони расман огоҳлантирди.

Хорижликлардан шу муддатгача Қозоғистон ҳудудида қолишларини қонунийлаштиришни сўради.

Акс ҳолда маъмурий жавобгарликка юз тутишлари мумкинлиги билан огоҳлантирди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бу хусусда билдиришнома билан чиқди.

Олма отадаги Бош консуллик ҳам Қозоғистондаги Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди.

Уларни айтилган муҳлат ичида вақтинчалик қолиш мавқеъларини қонунийлаштириш ва ёки Қозоғистондан чиқиб кетишларини сўради.

Янгилик аксарият минтақавий нашрларнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмади.

Қозоғистон Россия билан бирга дунёнинг энг кўп сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд иккита давлатидан биттаси бўлади.

Глобал коронавирус пандемиясига қадар уларнинг сони бир миллионга яқин экани айтилган.

Айнан пандемия боис, чет эл фуқаролари ҳам Қозоғистонни ўз вақтида тарк эта олишмаган.

Расмий Нур-Султон орада уларнинг мамлакат ҳудудида қолиш муддатларини бир неча бор узайтиргани расман хабар берилган.

Қозоғистон

Сурат манбаси, Reuters

Қозоғистон томонига кўра, Чегара хизмати хорижликларнинг мамлакатдан тўсиқсиз қайтишлари учун барча чора-тадбирларни кўради.

Давлат чегарасидаги ер ва ҳаво қатновларида ҳам узилиш йўқ, одатий тарзда фаолият юритмоқда.

Қозоғистон шу пайтгача дунёнинг ўндан ортиқ давлати билан мунтазам ҳаво қатновларини қайта тиклаган.

Уларнинг орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хабарида ҳозир Қозоғистонда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг сони очиқланмаган.

Ўзбекистон минтақанинг энг кўп сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Улар ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган энг муҳим молиявий манбалардан бири бўлади.

Россия эса, чет эл фуқароларининг ўз ҳудудида вақтинчалик бўлиб туриш муддатини сўнгги бор 15 июнгача қилиб узайтирган.

Глобал коронавирус пандемиясининг минтақа давлатлари иқтисодига таъсири шундоқ ҳам халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб бўлиб улгурган.

Агар, уларга ўз вақтида молиявий ёрдам кўрсатилмаса, иқтисодий тангликка сабаб бўлиши, бу эса ижтимоий портлаш хавфини пайдо қилишига оид фикрлар янграган.

Ўзбекистон Сенати кеча, 26 май куни эълон қилган расмий маълумотларга таянилса, ҳозир 2 миллионга яқин ўзбекистонлик четда меҳнат муҳожирлигида банд.

Уларнинг аксарияти эса, айнан Россия ва Қозоғистон ҳисобига тўғри келади.

"Қирғизистонга борманг"

Бишкекдаги "Манас" халқаро аэропорти

Сурат манбаси, Getty Images

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расман мурожаат билан чиққан.

Вазирлик ўз фуқароларидан Қирғизистонга умуман бормай туришларини сўраган.

Расмий мурожаат чартер рейс билан Душанбедан Бишкекка учиб келган йўловчи самолётининг ортга қайтариб юборилиши ортидан бўй кўрсатган.

Самолёт бортидаги 189 нафар йўловчидан аксарияти Тожикистон фуқаролари бўлишган.

Маълум бўлишича, чет эл фуқаролари бўлган 9 нафар йўловчи қайддан ўтказилиб, Бишкекка киритилган.

Қолган барча йўловчилари ўзлари келган чартер рейс билан Душанбега қайтарилган.

Бундан аввал Қирғизистон Тожикистон билан чегарадаги ҳар қандай ҳаракатни тўлиқ тўхтатганига оид хабарлар бўй кўрсатган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг расман билдиришича, Қирғизистон ҳукуматининг бу хусусдаги 21 май кунги қарори "бирор бир огоҳлантиришсиз" қабул қилинган.

Бу ҳақда Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашри хабар берган.

Хабарда айтилишича, Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегараларини тўлиқ ёпиш қарори ортидан, вазирлик ўз фуқароларидан Қирғизистонга умуман бормай туришларини сўраган.

Бошқа давлатга борган тақдирларида ҳам, Қирғизистон орқали ўтмасликларини тавсия қилган.

Вазирликнинг мурожаати ҳар қандай транспорт тури билан юк ёки йўловчи ташиш билан шуғулланувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни ҳам кўзда тутиши маълум бўлган.

Уларга ҳам Қирғизистон ҳудуди орқали ўтмаслик, бошқа, муқобил йўллардан фойдаланишлари тавсия этилган.

Chegara

Вазирлик уларнинг Қирғизистон ҳудудида ҳуқуқлари бузилган ёки ғаразли муносабатга дучор бўлган тақдирларида, мурожаат қилишлари учун Бишкекдаги элчихоналарининг шошилинч хизмат кўрсатувчи телефони рақамини ҳам илова қилган.

Қирғизистон оммавий ахборот воситалари мамлакат Бош вазирининг сўзларига таяниб, чегарадаги тақиқнинг вақтинчалик экани ҳақида ёзишган.

Қирғизистон Бош вазири 23 май куни бу ҳақда ўзининг Facebook даги постида маълум қилган.

Улуғбек Марипов, "муаммоли масалалар ўз ечимини топмагунча, Тожикистон билан ўзаро чегарадаги ҳаракатланишга вақтинчалик тақиқ киритилиши"ни айтган.

"Ҳозир чегара масаласи ўзлари учун энг устиворларидан бири экани"ни таъкидлаган.

"Бу муаммони ҳал қилиш учун барча чоралар ишга солингани, унинг албатта ўз ечимини топиши"ни баён қилган.

Маълум бўлишича, тақиқ Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари, хорижий ташкилотлар ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини кўзда тутмайди.

Яна қирғиз томони билан аввалдан келишилган ҳолда, Қирғизистон ва Тожикистон мулозимларининг ҳам ўзаро чегарадан ўтиб-қайтишлари мумкинлиги айтилади.

Қирғизистондаги Тожикистон, Тожикистондаги Қирғизистон фуқаролари эса, бунинг учун фақат чегара ўтиш нуқтасидан фойдаланишлари лозим бўлади.

Қирғизистон-Тожикистон чегараси

Ўтган ой охирида бу икки қўшни давлат ўртасида сувтақсимлагич устидан келиб чиққан можаро улар ҳарбийлари иштирокидаги қуролли тўқнашувларга айланиб кетган.

Низонинг бу яқин йиллар ичида кузатилган энг ёмони экани айтилган.

Қуролли тўқнашувларда ҳар икки томондан жами 50 дан зиёд одам қурбон бўлган, яна юзлаб яраланган.

Кўплаб турар-жой ва бошқа турдаги объектларга жиддий зиён етганди.

Орада Тожикистон учун юк ортилган машиналарнинг тожиқ-қирғиз чегарасида туриб қолганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Аммо ўнлаб юк машиналарининг Тожикистонга ўтолмаётганига оид хабарларга ҳалича Қирғизистон томонининг расмий муносабати маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek