Рамзан Қодиров атрофидагилар гейларни таъқиб қилганлик учун судга берилди – Россия, Чеченистон Rossiya geylar dunyo yangiliklar

Суд даъвоси остига тушганлар орасида чечен парламенти раиси Магомед Даудов ҳам бор

Сурат манбаси, Getty Images

Германия судига даъво билан "Конституцион ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа маркази" ва Россиянинг ЛГБТ-тармоғи чиқишган. Улар Чеченистон президентига яқин беш кишини жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилишган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Чеченистон расмийлари ва хавфсизлик ходимларини гейларнинг таъқиб қилиниши сабабли, "инсониятга қарши жиноятлар"да айблашмоқда.

97 саҳифали иш билан Британиянинг нуфузли Guardian нашри танишишга муваффақ бўлган.

Мазкур ҳужжатда чечен ҳарбийлари ва Чеченистон ҳукумати вакиллари жинсий ориентациялари боис, камида 150 кишига нисбатан ўзбошимча ҳибслар, қийноқлар, жинсий тажовуз ва қотилликка ундашда айбланишган.

Маълум бўлишича, суд даъвоси шу йилнинг февраль ойида берилган.

Чеченистон

Сурат манбаси, SERGEI FADEICHEV/TASS

Британ газетасининг ёзишича, сўз бораётганлар орасида Чеченистон ҳукумати раисининг ўринбосари Абузаид Висмурадов, Чеченистоннинг Аргун шаҳри полицияси бошлиғи Аюб Катаев ва Чеченистон парламенти раиси Магомед Даудовлар бор.

Аммо Guardian суд даъвоси қўзғатилган яна икки нафар шахснинг кимлигини очиқламаган.

Чеченистондаги гейларни таъқиб қилишгани учун Висмурадов ва Катаевларга бундан аввал Европа Иттифоқи, Британия ва АҚШ санкция ҳам қўллашган.

Агар Германия Бош прокуратураси ушбу даъво бўйича жиноий иш қўзғатса, айбланувчилар Германия Федератив Республикаси ва расмий Берлин ҳуқуқий кўмак кўрсатиш бўйича ўзаро шартномага эга давлатлар ҳудудида ҳибсга олинишлари мумкин.

Маълум бўлишича, универсал юрисдикция принципи амал қилгани боис, суд даъвоси Германияда берилган.

Чунки бу бошқа мамлакатларда содир этилган бўлса ҳам, инсониятга қарши жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортишга имкон беради.

Chechen geylar

Сурат манбаси, NAIRA DAVLASHYAN/AFP

Сурат тагсўзи, Қочишга ва Москвада яширинишга муваффақ бўлган чечен гейлар

Гейларга қарши Чеченистондаги оммавий таъқиблар борасида илк бор 2017 йилда "Новая газета" хабар берган.

Нашр ўшанда Чеченистон ҳукумати гомосексуалликда гумон қилинган эркакларни "яширин қамоқхоналарга жойлаштира бошлагани, у ерда уларнинг қийноққа солингани ва бир қанчасининг ўлдирилгани" ҳақида ёзган.

Россия ЛГБТ тармоғининг хабар беришича, худди ўша йилнинг апрелидан бошлаб ташкилот ходимлари Чеченистондан 150 га яқин одамни олиб чиқиб кетишган. Улардан аксарияти эса, аллақачон Россияни тарк этганлар.

2017 йилнинг май ойида Россия Президенти Владимир Путин Чеченистонда гейларга қарши олиб борилган рейдлар бўйича тергов очилишини қўллаб-қувватлаган.

Аммо учта француз гуруҳи Россиянинг ички терговига ишончсизлик билдириб, Гаагадаги Халқаро жиноий судга мурожаат қилишган.

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров

Сурат манбаси, YELENA AFONINA/TASS

Сурат тагсўзи, Чеченистон ҳукумати уларнинг мамлакатда йўқ эканини айтиб, гейлар билан боғлиқ барча айбловларни рад этиб келади

Худди ўша йили Le Monde уч француз гуруҳи президент Қодировни гейларни қийноққа солувчи махсус турмаларни қуришда айблагани ҳақида ёзган.

2017 йилнинг апрель ойида мазкур айбловлар текширилиши талаби билан Россия Бош прокурорига петиция беришга уринган беш гей фаоли Москвада қўлга олинган.

Ўшанда петицияга 2 миллион одам имзо чеккани айтилганди.

Чеченистон ҳукумати эса, мамлакатда гейлар йўқлигини айтиб, улар учун махсус қамоқхоналар мавжудлиги ва жинсий озчиликларнинг таъқиб этилишига оид айбловларни рад этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek