"Одам Атонинг яратилиши" мусулмонларни ғазабга келтирди - dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
"Одам Атонинг яратилиши" мусулмонларни ғазабга келтирди - ўқувчиларга мактабларда нима ўргатилиши кераклиги масаласи кун тартибига чиқди. Эътирозлар ҳатто жума намозларини четлаб ўтмади, айрим дин пешволари жуда норози.
"Африкалик журналистлардан мактублар" туркум мақолаларимизнинг бу галгисида суданлик ёзувчи Зайнаб Муҳаммад Солиҳ инқилобдан кейин ўқувчиларга мактабларда нима ўргатилиши кераклиги масаласида чиққан тортишувлар ҳақида ҳикоя қилади.
Суданнинг узоқ йиллар ҳукмфармолик қилган президенти Умар ал-Башир ағдарилгач пайдо бўлган кўтаринки кайфият ўрнини демократик инқилоб асосини янада мустаҳкамлаш ташвиши эгаллади.
Аммо мактаблар учун янги таълим дастури устида айрим диний етакчилар билан чиққан зиддият муваққат ҳукумат юраётган йўл қанчалар нотекислигини кўрсатди.
Ўтган ой пойтахт Хартумдаги масжидда ўқиладиган жума намозларида ағдарилган президент Баширни қўллаши билан танилган имом "Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ" дея қичқириб, эркак намозхонларни инқилобдан кейинги тарих дарслигига Микеланжелога мансуб "Одам атонинг яратилиши" асари киритилганига қарши бақириш ва йиғлашга даъват қилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Имом Муҳаммад ал-Амин Исмоил Ватикандаги Сикстин капелласига ишланган ушбу тасвирий санъат асарини куфроний сурат, деб ишонади.
Шунингдек, у расмий ахборот агентлиги "Суна"ни янги таълим дастури тузувчиларидан бири бўлган Умар ал-Қаррайга минбар бергани учун танқид қилиб, иймонсизлик ва атеизмда айблади.
Бу имомнинг ташаббуси билан Башир тарафдори бўлган бошқа имомлар ҳам унга эргашиб, янги дастур ва ал-Қаррайга қарши кампания бошлади. Oиласининг кейинроқ айтишича, унинг иши сабабли ўзларига ўлдириш билан таҳдид қилишган.
Сўнг Бош вазир Абдулла Ҳамдок янги таълим дастурини жорий қилишни музлатиб қўйди.
Қаррай Республикачи биродарлик - Исломнинг тараққийпарвар талқинини тутувчи гуруҳга мансуб. У норозилик билдириб таълим дастури лойиҳасидан истефо берди.
У Бош вазир ўзи ва бошқа сиёсий партияларни писанд қилмаяпти ва фақат экстремистлар, Башир тарафдори бўлган исломий гуруҳларни эшитяпти, деб ҳисоблайди.
Суданнинг 19-асрдаги тарихи бўйича ҳам тортишувлар бор.
Инқилоб қандай бўлди?
2018 декабрь: Ҳукумат субсидиялашни тўхтатиши ортидан ошган нон нархларидан норозилик намойишлари бошланди.
- 2019 февраль: Башир фавқулодда ҳолат эълон қилди ва унинг ҳокимиятига қарши бўлаётган, 40 нафар одам ўлган намойишларни тўхтатиш учун вазирлар ва маҳаллий ҳокимларни ишдан олди.
- 2019 апрель: Ҳарбийлар Баширни ҳокимиятдан ағдарди, демократияга ўтиш бўйича мухолифат билан музокараларни бошлади.
- 2019 июнь: Хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарата ўқ узди, камида 87 одам ўлди.
- 2019 сентябрь: Ҳарбийлар, фуқаровий вакиллар ва норози гуруҳларнинг уч йил давомида ҳокимиятни бўлишиш бўйича битимининг бир қисми сифатида Бош вазир Абдулла Ҳамдок бошчилигидаги янги ҳукумат тузилди.
Келгуси авлод нимани ўрганиши кераклиги устида чиққан жанжал янги сиёсий тузилма таркибидаги турли сиёсий, ижтимоий қарашлар ўртасидаги зиддиятни намоён қилди.
Қачонлардир Башир билан алоқаси бўлган айрим собиқ исёнчи гуруҳлар Бош вазирнинг янги таълим дастурини тўхтатиб қўйганини олқишлади.
Масалан, Адолат ва Тенглик ҳаракатидан Сулаймон Сандал Бош вазир ва ҳаракат етакчиси ва ҳозирда Mолия вазири бўлган Жибрил Иброҳимни ёқлади. Сандалнинг болалари Норвегияда яшайди, Иброҳимники эса Британияда яшаб, дунёвий таълим олади. Уларни мунофиқликда айбладилар.

Сурат манбаси, Getty Images
1983 йил сентябрида президент Жаъфар Нумайр даврида Шариат Судан қонунчилигига киритилган. Бу ўзгариш мамлакат жанубида, ҳозирда Жанубий Судан бўлиб ажралиб кетган давлат ҳудудида фуқаролик уруши келиб чиқишига сабаблардан бири бўлган эди.
Демократик йўл билан сайланган Содиқ ал-Маҳдий ҳукумати исломий қонунларни уч йилга тўхтатиб қўйди, аммо 1989 йили Башир исломий партия дастаги билан давлат тўнтариши асосида ҳокимиятга келгач, уни яна тиклади.
Башир ўрнига келган ўтиш ҳукумати кескин турган Шариат масаласини ҳал қилишга рўйxушлик бермаётгани кўриниб қолди. Бу масала Жанубий Карбофандаги исёнчилар билан зиддият сабабидир.
Бу ҳудуддаги энг таъсирли исёнчи гуруҳ бўлмиш "Судан халқ озодлиги ҳаракати - шимол" (СХОҲ Ш) гуруҳи ҳукумат дунёвий йўлни танлаши кераклигини талаб қилмоқда. Ўтган йили у бошқа партиялар қўшилган тинчлик битимига қўшилмади ва ўтиш ҳукуматини исломчилар билан тил бириктирганликда айблади.
СХОҲ Ш асосан христианлар ва бошқа ғайримусулмонлар яшайдиган ҳудудда ҳаракат қилади. У сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан четга чиқариб қўйилганлар учун курашади.
Алкоголга қўйилган тақиқ қисман бекор бўлди
Янги ўтиш ҳукумати улар учун ҳаётни осонлаштирадиган айрим ўзгаришларни қилди.
Атиги олти ой олдин ғайримусулмонларни алкоголь ичишига бўлган тақиқ бекор қилинди, аммо у мусулмонлар учун ҳамон амалда.
Аммо, айрим хабарларга кўра, Хартум атрофларида ичганларни савалаш, алкоголь тайёрловчиларни қамоққа олиш тўхтагани йўқ.
СХОҲ Ш етакчилари ишонишича, Суданда барчанинг, айниқса, ғайримусулмонларнинг ҳуқуқларини кафолатлашнинг ягона йўли дунёвий ҳукумат тузиш, бойлик ва ҳокимиятни адолатли тақсимлайдиган иқтисодий дастур ишлаб чиқишдир.
"Ғайримуслимлар азият чекмаслиги"нинг ягона йўли бу, дейди ёзувчи ва исёнчилар етакчиси Аббакр Исмоил.
Ўтиш ҳукумати коалиция гуруҳлари - қачондир Баширга яқин бўлган генераллар ва исломий мафкурага таянадиган айрим партиялардан тузилган.
Таълим дастури борасидаги охирги ўзгариш билан ҳукумат зиддиятларга барҳам берадиган, диний, миллий, ирқий, маданий турфахилликни акс эттириш ўрнига, консерватив қарашлар билан уйғунлашишни кўпроқ истаётгани кўриниб қолди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












