Коронавирус: Англия учинчи карантинда, беморлар сони 30000 дан ортди, кунлик ўлим рекорди

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Covid-19нинг янги штамми топилган Буюк Британиядаги вазият хавотирли тус олди.

6 январ куни коронавирус оқибатида ҳаётдан кўз юмган инсонлар ўлимининг сони шу вақтгача мамлакатда кузатилган рекорд даражага чиққани хабар қилинди - кунлик ўлим 1041 ни ташкил этган.

Вирусни юқтирганларни бир кунда аниқланган сони ҳам энг юқориси бўлган - 62322 янги ҳолат аниқланган.

Британия Соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хенкок шифохонага ётқизилган Ковид беморларининг сони 30074 ни ташкил этгани ҳақида хабар қилди.

6 январдан Англияда учинчи карантин эълон қилинди.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудлари - Уэльс, Шимолий Ирландияда ҳам тўлиқ, Шотландиянинг аксар қисмида ҳам тўлиқ карантин кучга кирган.

Мактаб ва университетларда дарслар тўхтатилган, ҳаётий муҳим аҳамиятга эга дўконлардан ташқари бошқа барча муассаса, ташкилот, бизнесларни ёпишга қарор қилинган.

Тез тиббий ёрдам хизматлари ўзларига бўлаётган беморларнинг мурожаатлари тобора ортиб бораётгани ҳақида хабар бермоқдалар, беморлар орасида коронавирус билан бирга қишки мавсумий хасталикларга чалинганларнинг сони кўпайган.

Беморлар сони ортиши босимига тиббиёт тизими дош беролмаслиги мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар билдирилмоқда.

Шунинг учун ҳам Британия ҳукумати ноябрь-декабрь ойида чекловлар жорий этди, насронийлар учун оилавий муҳим ҳисобланадиган Исо Мавлуди байрами кунлари қариндошлар билан учрашмаслик, кўришмаслик маслаҳати берилди.

Аммо бу чораларга қарамасдан, коронавирусни юқтирганларнинг сони декабрь ойининг охирги кунлари ва 2021 йилнинг дастлабки кунларида кўпайган.

Айрим шифохоналар ҳовлидаги "Тез ёрдам" машинаси ичига Ковид беморларини ётқизишга мажбур бўлганларини хабар қилдилар.

Вирус юқтириш ҳолатлари пойтахт Лондонда кўпайган, шифохоналар ходимлари беморлар кўплигидан қийналиб қолганларини айтишмоқда.

"Ишлари бошидан ошиб кетган, ходимлар етишмайди, босим кучайган", деб тасвирлайди Лондон жанубидаги Сейнт-Жорж шифохонасидаги вазиятни тасвирга олишга рухсат берилган Би-би-си ижодий гуруҳи.

Расмийларга кўра, шу вақтгача 1 миллиондан зиёд британиялик Pfizer/BioNTech вакцинаси билан эмланган.

Шу билан бирга, 4 январь куни Оксфорд Университети ва AstraZeneca фармацевтика компанияси вакцинаси билан эмлаш ҳам бошланди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek