Нега ҳамма FinCEN файлларига қизиқиб қолди? Dunyo yangiliklar

FinCEN Files graphic

2 триллион долларли транзакцияларни қамраб олган ҳужжатлар сизиб чиқиши дунёнинг айрим йирик банклари жиноятчиларга пулларни дунё бўйлаб айлантиришига қандай ёрдам бераётганини фош қилди.

Улар пулларини Ғарб банкларига қўйишини тўхтатиш учун қўйилган санкцияларни четлаб, рус олигархлари банклардан қандай фойдаланиб келганини ҳам кўрсатади.

Бу махфий битимлар, "пул ювиш" ва молиявий жиноятларни фош қилувчи сўнгги беш йил ичида сиздирилган ҳужжатларнинг охиргисидир.

FinCEN ҳужжатлари нима?

FinCEN ҳужжатлари 2500 ҳужжатдан иборат бўлиб, уларнинг аксари 2000-2017 йилларда банклар томонидан АҚШ расмийларига тақдим этилган. Улар бу банкларнинг мижозлари қилаётган ишлар юзасидан хавотир уйғотади.

Бу ҳужжатлар халқаро банк тизимининг қаттиқ сақланадиган сирларидандир.

Банклар улардан шубҳали ҳатти-ҳаракатлар ҳақида хабар бериш учун фойдаланади, аммо уларнинг ўзи бирор жиноят учун далил бўла олмайди.

Бу ҳужжатлар "Buzzfeed News"га сиздирилган ва дунёнинг турли чеккаларидан тўпланган суриштирувчи журналистлардан иборат гуруҳга берилган, улар эса ҳужжатларни 88 мамлакатдаги 108 та ОАВга, жумладан Би-би-сининг "Панорама" дастурига берган.

Юзлаб журналистлар зич, расмий тилдаги ҳужжатларни ўргана бошлаган, улар орасида банклар жамоатчиликка ошкор қилишни истамайдиган фаолиятлар ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Билишингиз керак бўлган икки қисқартма

FinCEN АҚШ Молиявий жиноятларга қарши курашиш тармоғидир. Улар АҚШ Молия вазирлигида тузилган молиявий жиноятларга қарши курашувчи гуруҳдир. АҚШ долларида қилинган шубҳали транзакциялар ҳақидаги маълумотлар FinCEN'га юборилади. Улар АҚШдан ташқарида қилинса ҳам маълумот берилади.

Шубҳали ҳаракатлар хабарномалари (SAR) бу хавотирлар қандай ёзилганини кўрсатади. Банк агар бирор мижози ўзини шубҳали тутса, ана шу хабарномалардан бирини тўлдириши керак. Хабарнома эса расмийларга юборилади.

Example SAR (suspicious activity report)
1px transparent line

Бу нима учун муҳим?

Агар сиз жиноий фаолият орқасидан даромад топишни кўзлаган бўлсангиз, қилишингиз керак бўладиган энг муҳим иш пулни ювишдир.

Пул ювиш наркофурушлик ёки коррупция орқасидан топган пулингизни - кир пулни олиб, жиноятга алоқаси йўқ бирор нуфузли банкдаги ҳисоб рақамга ўтказиш жараёнидир.

Агар сиз пулингизни Ғарбга ўтказишингизни тўхтатиш учун қўйилган санкцияларга тушган рус олигархи бўлсангиз, пулни ювиш сиз учун ҳам керак.

Банклар мижозларга пулни ювиш учун ёки қоидаларни бузиб, пул айлантириш учун ёрдам бермаслиги керак.

Қонунга кўра, улар мижози кимлигини билиши керак. Банклар SAR ҳужжатини тақдим қилиши ва ҳукумат расмийлари текшираётганда мижоздан кир пулни олиб қўйишининг ўзи етарли эмас. Агар улар жиноий фаолият ҳақида далилга эга бўлса, пулларнинг кўчишини тўхтатиб қўйиши керак.

Суриштирувчи журналистларнинг Халқаро Консорциумидан (СЖХК) Фергус Шилнинг айтишича, сиздирилган ҳужжатлар "банклар дунё бўйлаб кир пулларнинг улкан оқими ҳақида нимани билишини кўрсатади."

Шунингдек, унинг айтишича, ҳужжатлар кир пулларнинг не чоғли катталигини ҳам кўрсатмоқда. FinCEN ҳужжатлари 2 триллион долларлик транзакцияни қамраб олган ва улар банклар томонидан тақдим қилинган хабарномаларнинг бир қисми, холос.

Нима фош бўлди?

  • HSBC ҳатто АҚШ терговчилари бу схемада қонунбузарлик борлигини билгандан кейин ҳам, фирибгарларга миллионлаб долларни дунё бўйлаб айлантиришига қўйиб берган.
  • JP Morgan эгаси кимлигини билмай туриб бир миллиард долларни Лондондаги ҳисоб орқали ўтказган. Банк кейинчалик ўша компания ФҚБ устивор қидирувидаги 10 нафар жиноятчидан бирига тегишли бўлганини аниқлаган.
  • Далиллар кўрсатишича, Россия Президенти Владимир Путинга яқин бўлган шахслардан бири Ғарбдаги молиявий хизматлардан фойдаланишига қўйилган санкцияни четлаб, Лондондаги Barclays Bank’дан фойдаланган. Пулларнинг айримлари санъат асарлари сотиб олишга сарфланган.
  • Буюк Британия Консерватив партиясига 1,7 миллион фунт тортиқ қилган аёлнинг эрига тегишли бу маблағ президент Путинга яқин олигарх томонидан молияланган.
  • FinCEN текширув бўлими маълумотига кўра, Буюк Британия Кипр каби "юрисдикцияси юқори рискли" давлат ҳисобланади. Чунки SARда номи учрайдиган компаниялар орасида Британияда рўйхатдан ўтганлар сони кўп. 3000дан ортиқ Британия компанияси - бошқа ҳар қандай давлатникидан кўп - FinCEN ҳужжатларида тилга олинган.
  • Бирлашган Араб Амирликлари Марказий банки Эронга қарши санкцияларни писанд қилмаётган маҳаллий фирма ҳақидаги огоҳлантирувларга эътибор бермаган.
  • Deutsche Bank жиноий гуруҳлар, террорчилар ва наркофурушлар- пул ювувчиларнинг кир пулларини "ҳаракатлантирган".
  • Standard Chartered Иордания банки мижози ҳисоби терроризмни молиялашда фойдаланилганидан ўн йилча ўтиб, Араб банкига пул ўтказган.
Canary Wharf, London

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Канэри Уорф Лондон банклари қароргоҳи

Сиздирилган маълумотлар нимаси билан муҳим?

Кейинги йилларда молиявий маълумотларни акс эттирган бир неча тўплам ҳужжатлар ОАВга сиздирилди:

  • 2017 Paradise Papers -Офшор юридик хизматлар фирмаси Appleby ва корпоратив хизматлар фирмаси Estera'дан каттагина ҳужжатлар тўплами сиздирилди. Бу икки фирма 2016 йилгача бир номда - Appleby бўлган, сўнг Estera алоҳида мустақил бўлиб чиққан. Улар сиёсатчилар, машҳур шахслар ва бизнес етакчиларининг офшор молиявий битимларини ошкор қилган эди.
  • 2016 Панама ҳужжатлари - Mossack Fonseca номли юридик фирмадан сиздирилган ҳужжатларда бой одамлар қандай қилиб офшордаги солиқ енгилликларига қочиб, қандай фойда олишини кўрсатган эди.
  • 2015 Швейцария сиздируви - HSBC швейцар хусусий банкидан сиздирилган ҳужжатлар унинг мамлакатдаги махфийлик ҳақидаги қонунлардан фойдаланиб, солиқдан қочувчиларга қандай ёрдам бериб келганини фош қилган эди.
  • 2014 LuxLeaks- PricewaterhouseCoopers ҳисоб юритиш фирмасидан сиздирилган ҳужжатларда йирик компаниялар солиқдан қочиш учун Люксембургдаги солиқ имкониятларидан фойдаланаётганини ошкор қилган.

FinCEN ҳужжатлари шуниси билан фарқлики, булар бир ёки иккита компаниядан сиздирилмаган, балки улар бир қанча банклардан келган.

Улар бир талай компания ва шахсларнинг шубҳали фаолиятларига эътибор қаратади ва банклар нега уларнинг бундай хавотирли ишларига қарамай вақтида чора кўрмагани ҳақидаги саволларни ўртага чиқаради.

FinCEN сиздирилган ахборот АҚШ миллий хавфсизлигига таъсир қилади, терговга халал беради, хабарномани берган ташкилот ва шахслар хавфсизлигига раҳна солади демоқда.

Ўтган ҳафта у пул ювишга қарши дастурлари бўйича таклифини эълон қилган эди.

Буюк Британия ҳам пул ювиш ва фирибгарликка қарши курашиш учун компанияларни рўйхатга олиш тизимини ислоҳ қилиши ҳақидаги режасини очиқлаганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek