Роҳинжа мусулмонлари икки ой денгизда оч қолганлар, йигирмадан зиёди ўлган - коронавирус

Сурат манбаси, Reuters
Бангладеш соҳилни қўриқлаш хизмати тарқатган хабарга кўра, камида 382 Роҳинжа қочқини икки ой денгизда қолиб кетганидан кейин қутқарилган, кемада бўлган йигирмадан ортиқ инсон очидан ўлган.
Бангладеш расмийларига кўра, кемага ўтирган қочқинлар Малайзияга етиб олмоқчи бўлганлар.
Айрим хабарларга кўра, кема Малайзия қирғоқларига яқинлашганида коронавирус пандемияси боис ортга қайтарилган.
Дастлабки хабарларда қочқинлар кемага қаерда ўтиришган, Бангладешдами ёки ўзлари туғилиб ўсган Мянмарданми, номаълум экани айтилди.
2017 йили Мянмар ҳарбийларининг ҳужумлари оқибатида минглаб Роҳинжа мусулмонлари ўлдирилган, жинсий зўрланган, уйлари ёқиб юборилган, бунинг ортидан 700000 дан ортиқ Роҳинжа қўшни Бангладешга қочиб ўтишга мажбур бўлган эди.
"Биз одамга тўлиб кетган балиқчилик кемасидан камида 382 Роҳинжани қутқардик ва уларни Текнаф яқинидаги қирғоққа олиб келдик", деб айтган Бангладеш соҳил қўриқчилик хизмати сўзчиси лейтенант Шоҳ Зиё Раҳмон "Франс Пресс" ахборот агентлигига.
"Уларнинг очликдан силлалари қуриган эди. Улар 58 кундан буён сузиб юришган ва охирги етти кунда [кема] бизнинг территориал сувларимизга кирган," деб айтган расмий мулозим.
Лейтенант Раҳмон айтишича, кема ҳақидаги сигнал олинганидан кейин уч кун давомида қидирув ишлари олиб борилган ва тунда Бангладешнинг Мянмарга қўшни жануби-шарқий соҳилига яқин жойда топишган.
Социал медиада соҳилда турган дармонсиз одамлар гуруҳи, аксари аёллар ва болаларнинг фотосуратлари тарқалган.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост

"Биз уларни жойлаштирган ерни ўраб олдик. Коронавирусни юқтирган бўлишлари мумкин деган хавотир туфайли улар билан ҳали савол-жавоб қилмадик", деб айтган лейтенант Шоҳ Зиё Раҳмон.

Қарийб 400 Роҳинжа балиқчилик кемасида очликка юз тутгани ҳақидаги хабар халқаро кўмак ташкилотларининг Бангладеш ва Мянмар ҳукуматларига мурожаат билан чиққан вақтларига тўғри келди.
"Болаларни асранг!"(Save the Children), Action Aid ва Халқаро Қутқарув қўмитаси(International Rescue Committee) юз минглаб Роҳинжа қочқинларининг Интернетдан фойдаланишларига рухсат беришни сўраганлар.
Халқаро кўмак ташкилотларига кўра, Интернетдан фойдаланишга имконли бўлиш пандемия вақтида инсонлар ҳаётини асраб қолишга восита бўлиб хизмат қилади.
Ўтган йили Бангладеш ҳукумати Роҳинжа қочқинларининг энг йирик лагерини Интернетдан узиб қўйган, буни хавфсизлик хавотирлари билан изоҳлаган эди. Хайрия ташкилотлари Мянмардаги чегарага яқин жойда истиқомат қиладиган Роҳинжаларнинг тўққиз жамоаси учун ҳам мобил Интернетдан фойдаланишлари учун шароит яратишни Мянмар ҳукматидан сўрашди.
Роҳинжа мусулмонлари Мянмардаги мусулмонларнинг йирик жамоаси ҳисобланади, уларнинг аксари Ракхайн штатида яшаб келганлар.
Лекин Мянмар ҳукумати Роҳинжаларга мамлакат фуқаролигини беришни рад этиб келади, уларни Бангладешдан нолегал ўтган иммигрантлар деб атайди.
Ўнлаб йиллар давомида Мянмардаги Роҳинжа қочқинлари қўшни Бангладешдан бошпана топиб келганлар, аммо 2017 йилдаги Мянмар армиясининг хунрезликлари юз минглаб мусулмонларнинг ўзларининг яшаб келган манзилларини ташлаб қочишга мажбур қилган эди.
Аҳолисининг аксари Буддойи бўлган Мянмар ҳукумати Роҳинжа мусулмонларига қарши қатли ом бўлганини рад этиб келади, фақат Ракхайн штатида қуролли ҳужумларни содир этган экстремистларга қарши ҳарбий амалиёт ўтказганмиз, деб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
















