Коронавирус Италияда 79, Эронда 92 инсон умрига зомин бўлди, ундан қандай қутилиш мумкин?

ўлим

Сурат манбаси, STR/Getty Images

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Италияда коронавирусдан ўлганлар сони 79 нафарга етди. COVID-19 Эронда 15 кишининг умрига зомин бўлди ва ўлганлар сони 92 га етди. Жаҳон банки вирус билан курашишга 12 миллиард доллар ажратмоқчи.

Коронавирус илк маротаба тарқаган Хитойда унга чалинганлар 80 мингга етди қарийб 3 минг инсон ушбу касалликдан оламдан ўтди. Хитой сўнгги кунларда коронавирус ўчоғи Уханда 38 кишининг ушбу касалликдан ўлганини маълум қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қоғоз пуллар коронавирусни юқтириши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Халқаро ташкилот сўзчиси хавфни камайтириш учун тўловларни контактсиз пластик карталар билан амалга оширишни тавсия қилди.

Коронавирус масжидда юқиши мумкинми, жамоат намозлари хавфлими?:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Жаҳон банки ривожланаётган давлатларга коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун 12 миллиард доллар ажратишини маълум қилди.

Фавқулодда ажратилаётган ёрдамга паст қийматли қарзлар, грант ва техник кўмаклар киради.

Халқаро ташкилотлар касалликка чалинаётганларнинг 80 фоизи соғайиб кетаётганини айтмоқда.

Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам бошидан кечирганларини айтиб бергиси келмайди. Чунки оммага маълум бўлгач камситиш ва тамға босишларидан қўрқади.

Коронавирусдан қутилган аёл ҳикояси

Жули коронавирусдан соғайганини ҳикоя қилиб беришга қарор қилди
Сурат тагсўзи, Жули коронавирусдан соғайганини ҳикоя қилиб беришга қарор қилди

Сингапурлик Жули ушбу жимликни бузиб, коронавирусдан қандай қутилиб оиласи бағрига қайтганини айтиб беришга қарор қилди.

Унинг айтишича, бошланишида унда касалликнинг бирор аломати бўлмаган.

"Менда ҳеч нарса йўқ эди: на аксириш, на йўтал. Лекин, шунга қарамасдан

7 феврал куни тонгги соат 3 да уйқудан турдим. Хонам айланар эди", дейди у.

Сингапурлик Жулига коронавирус ташхиси қўйилди ва бошқалардан иҳоталанди.

У карантин пайти телефонига видеолар ёзди.

"Менинг овқатим, дори-дармон, кийимларим ва сочиқларим махсус туйнукдан узатилиб турди. Телефонга рухсат беришди. Бошқа бировга хабар ёзишинг, видео қўнғироқ қилиш мумкин эди.Аммо одам зоти билан мутлақ мулоқот қилмаганимдан деворни тақиллатгим келар, нариги хонадаги бемор билан гаплашгим келарди. Гурунг қилишга одам бўлса бўлгани эди".

Жулининг айтишича, касалликнинг энг қийин босқичида нафас олишдаги қийинчилик бўлган.

"Ўпкам зўриқиб ишлаётганга, кучанаётганга ўхшарди. Бу нормал кундагидек эмасди. Одатда қандай нафас олаётганинг хаёлингга ҳам келмайди. Тўшагимдан атиги 5 метр наридаги ваннага етиб бориш ҳам жуда машаққатли иш эди. Бунинг узоқ муддатли таъсири қандай бўлишини билмайман. Биладиганим - узоқ юролмайман, чунки нафасим қисилиб қолади. Ўтириб дам олмасам бўлмайди. Бундай нарса олдин менда ҳеч ҳам бўлмаган", дейди у.

Жули 9 кунлик карантиндан кейин уйига қайтди. Докторлар айтишича, у тўла соғайган.

"Фикримча, бу глобал диққат марказига тушган грипп ва у ҳақда маълумот йўқлигидан одамлар хавотирга тушганлар. Чунки бу пайтда маълумот кам. Агар қўрқув пайдо бўлса, индивидуалми ёки кенг миқёсда, бу қўрқув жоҳиллик ва нотўғри тушунча кўпайишига ёрдам беради".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek