Тиббиёт, саломатлик: Оғизни скочтлаб ухлаш зарарлими ёки фойдали?

Andien

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Индонезиялик таниқли қўшиқчи Андиен ўзи, турмуш ўртоғи ва икки яшар ўғлининг оғзи скотчланган ҳолдаги суратини жойлаган
    • Author, Ашита Нагеш
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

«Биз доимо ўзимиз одатланмаган нарсалар ҳақида кўп ўрганишга ҳаракат қиламиз, аммо тўхтовсиз амалга оширадиган бир нарсамиз ҳақида ҳеч нарса билмаймиз: нафас олиш.»

Индонезиялик таниқли қўшиқчи Андиен ўзи, турмуш ўртоғи ва икки яшар ўғлининг оғзи скотчланган ҳолдаги суратини Instagram'га қўйиб, мухлисларини ҳайратга солган.

У оиласи билан ўтган уч ойдан бери Бутейко номли усулни тажриба қилаётганини билдирган. Мазкур тажриба бурундан самарали нафас олиш йўлларини топишда ёрдам беради. Шундай усуллардан бири - бу оғиз скотчланган ҳолда ухлашдир.

Андиен Бутейко орқали ўз уйқусининг яхшилангани, томоғи қуриб қолишдан тўхтагани ва оғиздан келувчи бадбўйдан халос бўлганини иддао қилмоқда.

Бироқ оғизни ёпиб ухлаш ростдан фойда берадими ва, энг муҳими, у хавфсизми?

"Бутейко" нима ўзи?

Бутейко усули 1950 йилларда шундай исмли совет шифокори - Константин Павлович Бутейко томонидан ишлаб чиқилган.

Шифокор нафас олиш муаммолари, хусусан, астма ривожланиши одамларнинг қандай усулда нафас олишига боғлиқ эканига ишонган эди. У агар беморлар бурун орқали тўғри нафас олишга ўргатилса, уларнинг ўпка билан боғлиқ муаммолари йўқолади, деб ўйлаган.

Орадан деярли етмиш йил вақт ўтиб, бутун дунё бўйлаб Бутейко издошлари оғизларини ёпган ҳолда ухлашга ҳаракат қилмоқдалар.

Presentational white space

Бутейко усули қандли диабетдан тортиб сурункали чарчоқ ва тушкунликка қадар хасталикларни даволаши айтилади, аммо унинг уйқу апноэасига таъсири хавотирларга сабаб бўлган.

Уйқу апноэаси - бу ухлаётган инсоннинг нафас олиш йўллари тўсилиб қолиши ёки чекланиши. Оқибатда, инсон яхши ухлай олмайди, чарчоқ, тушкунлик ва бошқа касалликлар билан юзлашади.

Хуррак отиш ҳам шу ҳолат билан боғлиқ. Уйқу апноэаси бор инсонлар трахеяга кираётган ва ундан чиқаётган ҳавонинг тўсиққа учраши туфайли ёқимсиз товуш чиқарадилар.

Халқаро Бутейко Клиникаси асосчиси Патрик Маккеон Би-би-сига оғиздан нафас олиш уйқу апноэасига сабаб бўлиши, бундай вақтда тил орқага кетиб, ҳаво йўлига тўғоноқ бўлишини айтади.

«Оғизни ёпиб ухлаш бунинг олдини олади,» иддао этади у.

'Оғизни ёпиш яхши эмасʼ

Бироқ шифокорлар бу фикрга қўшилмайдилар.

«Бурун орқали нафас олиш афзалликлари яхши тушунаман, аммо аксарият одамлар бурундан нафас олишда қийналмагунча, оғизларини очмайдилар,» сўзлайди АҚШнинг Детройт шаҳридан жарроҳ ва уйқу бўйича мутахассис Катлин Яремчук Би-би-си билан суҳбатда.

Presentational grey line

Уйқу апноэасига учраган одамларнинг «оғзини шунчаки ёпиб қўйиш» муаммони бартараф этмайди, дея таъкидлайди у.

Mandibular advancement braces being handled by an ENT surgeon

Сурат манбаси, Getty Images

Отоларинголог Нирмал Кумар эса Би-би-сига "тиббиёт қўлланмаларида Бутейко усулининг фойдасини далилловчи бирор маълумот мавжуд эмаслиги"ни билдиради.

Бутейко хавфли усулми?

Бутейко бўладими ёки бошқа усул - нафас олиш йўллари билан амалга олинган ҳар қандай машқнинг бироз фойдаси борлигини тан олувчи шифокорлар оғизни - айниқса, болаларникини - скотчлаб ухлаш ҳалокатли даражада хавфли бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

«Агар касал бўлсангиз ва қайт қилишингизга тўғри келса, буни албатта ёпиқ оғиз билан амалга оширолмайсиз. Энг ёмон ҳолатда бемор бўғилиб, ўлиши мумкин,» таъкидлайди доктор Яремчук.

Жаноб Маккеон ҳам болаларнинг оғзини скотчлашга қарши эканини билдиради.

Профессор Кумарнинг қўшимча қилишича, болалар бурундан нафас олишда анчайин қийналади ва улар тез-тез касал бўлиб турадилар.

Toddler asleep with mouth open

Сурат манбаси, Getty Images

У қўшиқчи Андиен икки яшар фарзанди оғзини скотчлаб қўйганини танқид қилиб, бу ўлим хавфини сезиларли оширишидан огоҳлантиради.

"Фавқулодда ҳолатларда катталар уйғониб кетиб, скотчни юлиб ташлаши мумкин, лекин болалар бундай қила олмайди," дейди Нирмал Кумар.

Агар сиз хуррак отаётган ёки бошқа муаммолардан азият чекаётган бўлсангиз, аввало, тажрибали шифокорга учранг, тавсия этади мутахассислар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek