Дин ва дунё: Ўликни "тирилтирган" жанубий африкалик "пайғамбар"ни судга беришмоқчи

Сурат манбаси, Alph Lukau/Facebook
Жанубий Африкада дафн хизматлари кўрсатувчи уч компания ўлган одамни тирилтирганини иддао қилаётган сохта пайғамбар устида судга шикоят қилиш ниятида эканини маълум қилган.
Ижтимоий тармоқларда пастор Алф Лукаунинг тобутда ётган шахсга «тирил» дея қичқираётгани ва "майит"нинг атрофдагилар олқиши остида ўз ўрнидан тургани тасвирланган видео тарқалган.
Дафн маросимларини ташкиллаш билан шуғулланувчи уч компания алдов туфайли бу ҳолатга аралашиб қолганини таъкидламоқда.
Майитни «ҳаётга қайтариш» маросими пастор Лукаунинг черкови ташқарисида амалга оширилган.
«Мўъжизалар бўлмаган нарса,» дея баёнот берган Жанубий Африка Маданий, Диний ва Тил Жамоатларини Муҳофаза Қилиш ва Рағбатлантириш Комиссияси.
«Улар умидсиз фуқароларимиздан пул шилиш мақсадида ўйлаб топилган.»
«Алданган» уч компания
Дафн хизматларини кўрсатиш билан шуғулланувчи уч компания пастор Лукау ва унинг шериклари томонидан турли усулларда алдангани ва бундай фирибгарлик схемасига ўзи сезмаган ҳолда аралашиб қолганини иддао қилмоқда.
Эндиликда, компаниялар ўз обрўсини сақлаб қолиш ниятида пастор ва унинг черковини судга бермоқчи.
Жаноб Лукаунинг черкови бўлмиш Alleliua Ministries International мазкур воқеа шов-шувга айланиб кетганидан сўнг «вафот этган» эркакнинг черков ҳудудига олиб келишгандаёқ «аллақачон ҳаётга қайтгани»ни таъкидлай бошлаган.
"Пастор Лукау фақатгина Яратган қўл урган мўъжизани ниҳоясига етказди, холос," баёнот берган черков.
Ушбу ҳолат Жанубий Африка бўйлаб сохта пайғамбарлар бўйича қизғин баҳсларнинг бошланиб кетишига туртки бўлган.
Нуфузли диний гуруҳлар ва уюшмалар пастор Лукаунинг томошасини қаттиқ қоралаган, аксар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса ўликни «тирилтирган» руҳоний ва унинг «мўъжиза кўрсатгани»га ишонганларни мутойиба остига олган.
Жанубий Африкада сохта пайғамбарлар ва диний секталар етакчилари билан боғлиқ бундай жанжаллар аввал ҳам кузатилган.
Ўтган йили бошқа бир жанубий африкалик руҳоний саратон ва ОИТСдан халос этади, деган важ билан ўз издошларига оддий инсектисит (ҳашаротларга қарши қўлланилувчи дори) сепгани туфайли шахсга ҳужум уюштиришда айбланган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













