Факт-чекинг: Ёлғон суратлар билан шарманда бўлган телеканаллар

Камера

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 3 дақ

1. Дума шаҳридаги кимёвий хуруж ва 2016 йилги ҳужжатли филм

Яқинда "Дождь" телеканали Биринчи канал ва «Россия 1» томонидан эфирга узатилган Сурия шаҳри Думада содир бўлган эҳтимолий кимёвий хуружни акс эттирувчи лавҳаларда 2016 йилда ишланган бадиий филм парчаларидан фойдаланилганлигини аниқлади.

Ҳукуматга қарашли ушбу икки телеканал дам олиш куни эфирга узатилган янгиликлар дастури давомида камера олдида чўккалаб турган икки эркак ва улар ортидаги гиламда ётган жонсиз таналар тасвирланган суратни намойиш қилган. Дастур журналистлари ушбу сурат Дума шаҳрида юз бергани тахмин қилинаётган кимёвий хуруж, аслида, саҳналаштирилган эканлигини исботлашини таъкидлаганлар.

Кейинроқ "Дождь" телеканали ушбу кадрлар аслида 2016 йили Global Times нашри томонидан эълон қилинганини аниқлашга муваффақ бўлган. Суратларда 2013 йил Суриянинг Ғута ҳудудида амалга оширилган кимёвий ҳужумга бағишланган ҳужжатли филмни суратга олиш жараёнлари тасвирлангани маълум бўлган. Филм 2016 йил сентябр ойида суратга олинган.

7 апрел куни амалга оширилгани иддао қилинаётган Думадаги кимёвий ҳужум оқибатлари тасвирга туширилган видео ёзув Суриядаги «Оқ каскалар» номли кўнгиллилар ташкилоти томонидан эълон қилиниб, кўплаб баҳсларга сабаб бўлган эди. Ушбу видео ёзувнинг ҳақиқийлиги борасида муҳокамалар ҳануз давом этмоқда.

2. Покемонларни овлаш ва Калифорниядаги намойишлар

Россиянинг Биринчи канали ўз видео сюжетларида ёлғон суратлардан фойдаланиши билан бир неча бор танқидга учраган.

Ўтказиб юборинг Facebook пост

Бу материалга кириш имконсиз

Кўпроқ кўринг FacebookБи-би-си ташқи сайтлар мазмуни учун масъул эмас.

Охири Facebook пост

Россия

Сурат манбаси, Tv.ru

2016 йил июль ойида телеканал томонидан намойиш этилган кўрсатувлардан бирида Pokemon GO видео ўйини оқибатида юзага келган тартибсизликлар ҳақида ҳикоя қилинади. Бошловчи кўрсатув давомида ўйинга берилиб кетган одамлар тўдаси йўл ҳаракатини тўсиб қўйгани муҳрланган видео ёзувларга ишора қилади.

"Ушбу видеода покемон овчилари ҳаракат қайнаб ётган йўлга тўдаланиб чиқиб кетаётганини кўришингиз мумкин. Машиналар тўхташга зўрға улгурмоқда," изоҳлайди журналист.

Бироқ ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари видео покемонларга ҳеч қандай алоқадор эмаслигини пайқаб қолдилар - видео ёзув қора танлиларнинг полиция томонидан ўлдирилишига қарши кўчага чиққан калифорнияликлар намойишини ўзида акс эттирган эди.

3. Москвадаги намойишлар ва Юнонистондаги тартибсизликлар

2011 йил декабрь ойида Американинг Fox News телеканали Давлат Думасига сайловлар жараёнида йўл қўйилган қонунбузарликлардан норозилик билдириб Москва кўчаларига чиққан намойишчилар тўғрисида лавҳани эфирга узатади.

Намойиш этилган видеода синиб ётган витриналар, ерда ётган одамлар, ёнувчи модда тўлдирилган шишаларнинг полиция томон отилишини кўриш мумкин эди. Бироқ Россия оммавий ахборот воситалари шу заҳоти ушбу лавҳанинг ғалати эканлигини пайқадилар: унда хорижий тилдаги ёзувлар кўзга ташланар, одамлар ёзги кийимда ва, ҳаттоки, палма дарахтларини кўриш мумкин эди.

Ҳеч қанча вақт ўтмай Russia Today телеканали ушбу видео 2011 йил 6 декабрь куни Афинадаги тартибсизликлар давомида суратга олинганини аниқлади.

Натижада Fox News телеканалининг янгиликлар хизмати вице-президенти Жон Стек хатолик юз берганини тан олди ва лавҳа телеканал сайтидан олиб ташланди. Раҳбарият эса келажакда бундай англашилмовчиликларга йўл қўйилмаслиги ҳақида сўз берди.

4. "Ҳезболла" ўқчиси ва компютер ўйини

2016 йил февраль ойида Эрон давлат телевидениеси Ливанда жойлашган "Ҳезболла" гуруҳи снайпери томонидан икки дақиқа ичида Исломий Давлатнинг олти нафар жангариси отиб ўлдирилганлиги тасвирланган видео лавҳани намойиш қилди.

Тез орада France 24 телеканали ушбу лавҳани синчиклаб ўрганиб чиқиб, у машҳур компютер ўйинларидан бири бўлмиш Medal of Honor'дан олинганлигини аниқлайди. Ўйиндаги снайпер билан боғлиқ саҳна Афғонистонда бўлиб ўтади. Эрон телевидениеси намойиш қилган лавҳада геймер томонидан душманнинг бошига ўқ узилган пайти экранда пайдо бўладиган махсус белгини яққол кўриш мумкин.

5. Дамашқ манзараси ва яна бир компютер ўйини

2013 йил февральида компютер ўйинидаги лавҳа билан боғлиқ англашилмовчилик Даниянинг TV2 телеканали билан ҳам содир бўлди. Суриядаги воқеалар ҳақида ҳикоя қилаётган бошловчи ортидаги Дамашқ шаҳри манзараси кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ўзига тортди.

Кейинроқ маълум бўлишича, ушбу сурат 2007 йили тақдим этилган Assassins Creed компютер ўйинидан олинган экан. Мазкур ўйиннинг илк қисмлари воқеалари Дамашқ ва Яқин Шарқнинг бошқа шаҳарларида бўлиб ўтади.

Шундан сўнг TV2 раҳбарияти томошабинлардан кечирим сўрашга мажбур бўлди. Телеканал ўзининг баёнотида ушбу ҳолат "ҳар бир сурат келиб чиқишини диққат билан текшириш зарурлигини ҳаммамизга яна бир эслатиши"ни маълум қилди.

BBCUZBEK.COM bilan Telegram orqali +44 7858860002 nomeri bilan bogʻlaning. Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek