Сурия: ‘кўмак эвазига’ аёллар жинсий зўрланмоқдалар

Фуқаролар уруши оқибатида миллионлаб инсонлар ўз уйини ташлаб қочганлар ва халқаро кўмакларга муҳтож бўлиб қолганлар.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Фуқаролар уруши оқибатида миллионлаб инсонлар ўз уйини ташлаб қочганлар ва халқаро кўмакларга муҳтож бўлиб қолганлар.
    • Author, Жеймс Лэндейл ва Винни О'Дауд
    • Role, BBC News

Би-би-си журналистик тадқиқотидан маълум бўлишича, суриялик аёллар БМТ ва бошқа халқаро хайрия ташкилотларини тамсил этувчи шахслар томонидан ёрдам эвазига жинсий эксплуатация қилинган.

Халқаро кўмак ташкилотлари ходимларининг айтишича, баъзи хизматчилар маҳаллий аёлларни овқат ва бирор жойга транспортда элтиб қўйиш эвазига ўзлари билан жинсий алоқага киришишга ундаганлар.

Бундай хабарлар илк бор уч йил олдин пайдо бўлган эди, лекин маълум бўлишича, айни ҳолат Сурия жанубида ҳануз давом этмоқда.

БМТ агентликлари ва халқаро хайрия ташкилотлари жинсий эксплуатация ҳолатларига тоқат қилмасликлари ва ҳамкор ташкилотлар томонидан қўл урилган минтақадаги айни ҳолатлардан бехабар эканликларини маълум қилмоқдалар.

Бироқ кўмак ташкилотлари ходимларининг Би-би-сига маълум қилишича, жинсий эксплуатация шунчалик кенг тарқалганки, аксарият суриялик аёллар кўмак тарқатиш марказларига ҳар қандай ҳолатда ҳам бормасликка интиладилар, оила аъзоларига олиб бориладиган озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа маҳсулотлар эвазига таналарини сотишни истамайдилар.

Ходимлардан бирининг иддао қилишича, халқаро инсонпарварлик кўмаги кўрсатиш агентликлари жинсий эксплуатация ҳолатларидан хабардор ва унга кўз юммоқда, чунки айнан учинчи томон ташкилотлар ва маҳаллий расмийлар орқалигина Суриянинг халқаро гуруҳлар кира олмайдиган хавфли ҳудудларига инсонпарварлик кўмаги юбориш мумкин.

БМТ Аҳоли Фонди (UNFPA) ўтган йили минтақада жинсий таҳқирлаш даражасини ўрганган ва хулосаларга кўра, Суриянинг турли вилоятларида инсонпарварлик кўмаги эвазига жинсий алоқа талаб қилиш ҳолатлари қайд этилган эди.

"Voices from Syria 2018" (Суриядан овозлар 2018) номли ҳисоботда ёзилишича: «Аёллар ва қизларнинг жинсий хизмат кўрсатиш эвазига озиқ-овқат олиш учун вақтинчалик амалдорларга турмушга чиқиши; инсонпарварлик кўмагини тарқатувчи ходимлар томонидан аёллар ва қизларнинг телефон рақами сўралиши; 'жинсий хизмат эвазига' аёлларнинг ходимлар томонидан уйига ташлаб қўйилиши; уйда меҳмон бўлиш ёки тунни бирга ўтказиш эвазига навбатсиз кўмак олиш имконияти берилиши ҳолатлари кузатилди.»

Шунингдек "эркак ҳимоячига эга бўлмаган аёллар, масалан, бевалар ва ажрашганлар, ички қочқин мақомидаги аёллар кўпроқ жинсий эксплуатация нишонига айланади," дейилади ҳисоботда.

Жинсий эксплуатация ҳолати ҳақидаги илк хабар бундан уч йил олдин пайдо бўлган эди. 2015 йил мартида хайрия ташкилотларидан бирида маслаҳатчи бўлиб ишловчи Даниелла Спенсер Иорданиядаги қочоқлар лагерининг бир гуруҳ суриялик аёлларидан ўхшаш иддаоларни эшитади.

Шундан сўнг Спенсер хоним мазкур ҳолатни текшириш гуруҳини ташкил қилади. Қочқин аёллардан бири Дара ва Қунейтра каби ҳудудлардаги маҳаллий кенгашлар ходимлари улардан инсонпарварлик кўмаги эвазига жинсий алоқа истагани ҳақида иддао қилади.

"Ходимлар қочқинларга юборилган инсонпарварлик ёрдамини ушлаб туриб, жинсий алоқа эвазига аёлларга уларни таклиф қилишган," дейди Спенсер хоним.

"Баъзи аёллар мажбурликдан бу таклифга рози бўлган, баъзилари эса эсанкираб қолган."

"Мен хонада фарёд чекаётган аёл ҳолатини ҳеч ёдимдан чиқара олмайман. У арзимаган ёрдам эвазига бу таклифга рози бўлганидан қаттиқ афсусланар эди. Аёллар ва қизлар озиқ-овқат ва бошқа ёрдамлар олаётган пайтда ҳимояланиши зарур. Шундоқ ҳам муҳтожлар учун жўнатилган ёрдамни шаҳвоний ҳирсини қондирмагунча ушлаб турадиган эркак ходимдан ёмони бўлмаса керак."

Орадан бир неча ой ўтиб, 2015 йил июнь ойида Халқаро Қутқарув Қўмитаси Дара ва Қунейтрадаги 190 нафар хотин-қиз ўртасида сўровнома ўтказади. Олинган натижаларга кўра, аёлларнинг деярли 40 фоизи қочқинлар учун ташкилланган хизматлардан фойдаланиш, жумладан, инсонпарварлик кўмаги олиш вақтида жинсий таҳқирга учраган экан.

Қўмита вакилининг айтишича, жинсий эксплуатация ҳолати Жанубий Суриядаги инсонпарварлик кўмаги тарқатиш марказларида кенг тарқалган.

2015 йил 15 июлида Иордания пойтахти Аммон шаҳрида UNFPA томонидан ташкилланган БМТ агентликлари ва халқаро хайрия ташкилотлари йиғилишида юқоридаги икки ҳисобот натижалари ўрганиб чиқилди.

Йиғилиш сўнгида баъзи кўмак агентликлари ўз фаолиятлари устидан назоратни янада кучайтиришлари ҳақида маълум қилдилар.

Халқаро Қутқарув Қўмитаси Суриядаги фаолияти давомида маҳаллий хотин-қизларни самаралироқ ҳимоя қилишни бошлаши ҳақида баёнот берган эди.

'Йиллар давомида эътибордан четда қолган' таҳқир

БМТ Қочқинлар агентлиги айтишича, қонунбузарликлар олдини олиш чоралари кўрилган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, БМТ Қочқинлар агентлиги айтишича, қонунбузарликлар олдини олиш чоралари кўрилган.

"Care" хайрия ташкилоти ўзининг Суриядаги мониторинг гуруҳи фаолиятини такомиллаштирди, шикоятларни кўриб чиқиш тизимини ташкил қилди ва инсонпарварлик ёрдамини ортиқ маҳаллий ходимлар орқали тарқатмасликка ҳаракат қилмоқда.

"Care" ташкилоти турли БМТ агентликлари, жумладан, БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссари (UNHSR)ни жинсий эксплуатация ҳолатларини синчиклаб ўрганиб чиқиш ва бундай ҳолатлар ҳақида хабар бериш тизимини ташкил этишга чақирди. Бироқ Иорданияда жойлашган қочоқлар лагерларидаги айни ҳолатни ўрганиш учун "Care"га рухсат берилмади.

Спенсер хонимнинг иддао қилишича, халқаро ташкилотлар инсонпарварлик кўмаги Сурия жанубига етиб бориши учун жинсий таҳқирлаш ҳолатларига ҳануз кўз юммоқда.

"БМТ ва халқаро тизим аёллар ёрдам эвазига таналарини қурбон қилишларига тоқат билан қараб туриш йўлини танлади," дейди Спенсер хоним.

"Раҳбарлар ёрдам кўпроқ одамга етиб бориши учун баъзи аёллар жинсий эксплуатация қилинишини нормал ҳолат деб қабул қилмоқда."

2015 йил июлидаги йиғилишда БМТ агентликларидан бирининг номидан қатнашган шахснинг Би-би-сига маълум қилишича, чегара ҳудудларига етказилган инсонпарварлик кўмагини тарқатишда бир қанча жинсий эксплуатация ҳолатлари кузатилган ва БМТ бундай ҳолларга барҳам бериш йўлида ҳеч қандай қадам ташламаяпти.

Шунингдек, UNFPA ўзининг ихтиёрида Жанубий Суриядаги маҳаллий аёлларга нисбатан «Care» хайрия ташкилоти ходимлари томонидан жинсий таҳқирлов амалларига қўл урилгани ҳақида маълумотлар борлигини айтмоқда. Агар бу ҳолат тасдиқланса, бу жинсий эксплуатация ҳолатлари фақатгина маҳаллий амалдорлар ва кўмак тарқатиш марказлари ходимлари томонидан эмас, балки халқаро агентликлар хизматчилари томонидан ҳам содир этилганлигини англатади.

2015 йил июлидаги йиғилишда иштирок этган Unicef болалар хайрия ташкилоти Суриядаги маҳаллий ҳамкорлари ва шартномачилари фаолиятини қайта текшириб чиққани, лекин улар томонидан қўл урилгани иддао қилинган таҳқирлаш амалларидан бехабар бўлганини маълум қилмоқда. Бироқ Unicef жинсий эксплуатация ҳолатлари хавотирланарли эканлигини тан олишини ва Суриядаги ходимлари фаолияти юзасидан шикоят тизимини ишга туширгани ҳамда ўзи билан ҳамкорлик қилувчи агентликлар учун малака ошириш соатларини кўпайтирганлигини айтмоқда.

DflD (Халқаро Тараққиёт бўйича Буюк Британия Департаменти) воизининг айтишича, унинг идораси Буюк Британия хайрия ташкилотлари билан боғлиқ жинсий эксплуатация ҳолатларидан хабардор эмас.

"Биз аллақачон таҳқирлаш ва эксплуатация ҳолатларини аниқлайдиган механизмларни жорий қилганмиз," дейди воиз. "DflDнинг Суриядаги ҳамкорлари кўмак мўлжалланган манзилга етиб боришини доимий мониторинг қилиб борадилар."

'Ҳеч қандай тоқат қилинмайди'

People inspect the rubble after airstrikes, at a marketplace in Areeha town (Jericho town), southern Idlib,

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Йиллаб давом этган уруш Сурия жамиятини вайрон этди

Воизнинг қўшимча қилишича, ҳар қандай тизимли таҳқирлаш ҳолати мониторинг гуруҳи томонидан аниқланади ва бу ҳақда DflDга хабар берилади.

Oxfam - халқаро хайрия ташкилотлари конфедерацияси вакилининг сўзларига кўра, улар 2015 йилда ҳам инсонпарварлик кўмагини етказишда маҳаллий кенгашлар хизматидан фойдаланмаган ва ҳозиргача шундай қилиб келади.

"Бизнинг Суриядаги фаолиятимиз маълум шахслар ёки оилаларга инсонпарварлик ёрдами жўнатишдан кўра кўпроқ аҳоли пунктларини сув билан таъминловчи насосларни етказишдан иборат бўлиб келган," дейди вакил.

"Биз 2015 йилда ҳам ходимларимиз томонидан ёрдам етказишда жинсий эксплуатация ҳолатларига қўл урилгани ҳақида хабар олмаганмиз, лекин биз томондан бундай ҳолларга нисбатан ҳеч қандай тоқат қилинмайди."

UNHСR вакили ўз ташкилоти ўша вақтда жинсий эксплуатация даъволаридан бохабар бўлганлигини тан олмоқда. Бироқ унга кўра, бу таҳқирга қўл урганлар шахсини аниқлаш учун маълумотлар етарли бўлмаганлиги туфайли қарши чоралар кўрилмаган.

Бироқ вакилнинг айтишича, UNHСR айни ҳолат ҳақидаги янги хабарларни синчиклаб ўрганмоқда, қарши чоралар ишлаб чиқиш учун қўшимча куч сарфламоқда ва таҳқирлар ҳақида хабар бериш тизими ҳамда маҳаллий ҳамкорлар малакасини ошириш ишларини такомиллаштирмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek