Обид Асомов: "Айбимиз тўйда хизмат қилганимизми?"

Ўзбекистон телевидениесида 30 июн куни намойиш этилган "Аҳмадбой васвасаси" филмида Аҳмад Турсунбоевнинг мижозлари орасида кўплаб таниқли шахслар ҳам санаб ўтилган.
Қизиқчи Обид Асомов филмда ўзининг сурати алоҳида кўрсатилганидан таажжубда эканини айтган.
"Аҳмадбой васвасаси" филмининг 20-дақиқаларида қизиқчи Обид Асомовнинг тўйдаги чиқиши акс этган суратни кўриш мумкин.
Обид Асомов Инстаграм тармоғидаги саҳифасида шундай ёзади:
“Кеча кечқурун худди ёз кунида қор ёғгандек бўлди! Бугун бутун мамлакатимизда саломдан кейин бир савол" кўрдингми?" Ҳа, яна Аҳмадбой машмашаси! Аслида бу кўрсатувга муносабат билдирмасдим, лекин телефоним тутаб кетди! Бутун дунёдан қўнғироқлар! Мен ҳам кўрдим шу кўрсатувни, фақат баъзи жойларига тушунмадим! Фирибгар ушланибди, жинояти фош бўлибди, жазо олиши муқаррар лекин... Биз саньаткорлар нима қилиб юрибмиз? Тушунмаган томошабин бизни ҳам ҳамтовоққа чиқариб қўйяпти! Айбимиз тўйда хизмат қилганимизми?
Аввало, тўй ўтган йили, янглишмасам, ноябр ойида бўлган эди! Менга “шунақа бир бой йигит ўзини фарзандига қўшиб, “детдом”дан етим болаларни ҳам суннат қилиб беряпти”, дейишди. Жуда катта тўйхона, камида икки минг киши бўлдиёв! Санъаткорлар жуда кўп, “тв”га танлаб-танлаб қўйишибди! Тушунаман... Аҳмадбойни ўша куни танидим!!
Тўйхонада ҳар соҳа вакиллари, казо-казолардан тортиб, телевидение ходимларигача бор эди! Одам кўплигидан милиция ходимлари тартибга сололмади! Биз саньаткормиз, айтилган жойга борамиз! "Бизнесмен"ми, олимми, ҳаммолми танланмайди, ҳурмат қилиб айтилди, уёғи тирикчилик!
Энди бошқа савол, хўп бу йигит қаллоб экан, нега беш йил қўйиб беришди? Кўпроқ пул йиғилишини пойлашдими? Энг асосийси пул берган бойлар йўлини топиб кетар, охирги сигирини сотиб топширганлар нима қиларкин! Пули қайтиб берилармикан? Ҳақиқат қарор топишига ишонаман! Шахсан мен ҳеч нарсани у йигитга топширганим йўқ!! Лекин ўша тўйдан унутилмас воқеа, тўй охирида ўша куни кийган янги туфлигимни кимдир илиб кетди! Аҳмадбой уйидан ўзининг туфлигини олиб чиқиб берди! Туфли уйда, мабодо керак бўлса!
Мен йўқотган туфлигимга розиман! Аллоҳ ҳаммамизга инсоф берсин! Ва ниҳоят ТВ ходимларига алоҳида раҳмат, беш йил ТВдан чиқмаганимни ҳиссасини чиқаришди, тўртта каналда кетма кет кўриндим. Рамазон муборак!!"-деб ёзади таниқли қизиқчи Обид Асомов Инстаграмда.
Обид Асомовнинг фикрлари остига юздан ортиқ изоҳлар қолдирилган.
"Обид ака туфлини бир йилга иккита қилиб бериш шарти билан олмаганмидингиз? Улар шунинг регистрациясини изламоқда", дея кулгу белгисини қолдиради бирови. Изоҳларнинг аксарияти шундай ҳазиломуз мазмунда бўлиб, қизиқчини қувватлашган.
Бундан ташқари Кун.уз сайтига кўра, Обид Асомов улар билан боғланиб, "ушбу кўрсатувда нега санъаткорларнинг аралаштирганлигига тушунмаганлиги, Аҳмадбойнинг яхши кунларида хизмат қилган кўплаб санъаткорлар қолиб, “чертиб-чертиб” Обид Асомовни тилга олишганига ҳайрон қолганлиги”ни айтган.
"Ахир касбимиз шу, бизни хизматга айтиб келишса, бормайман, деб туриб олмаймиз-ку? Яхши кунларига таклиф қилиб келган мухлисларни кўксидан итармаймиз-ку?!” - деган Обид Асомов шунингдек.

Сурат манбаси, youtube
"Аҳмадбой васвасаси" филмидаги қаҳрамоннинг айтишича, Аҳмадбойнинг мижозлари орасида Мирзо Холмедов, Шерали Жўраев каби таниқли кишилар, бошқа яна бир қанча санъаткорлар ҳам бўлган.
Бироқ кеча Ўзбекистон Халқ Артисти Шерали Жўраевнинг вакили унинг "Аҳмадбой пирамидаси"га асос солган чинозлик Аҳмад Турсунбоевнинг мижозлари орасида бўлгани ҳақидаги даъволарни рад этди Би-би-сига.
Таниқли ҳофизнинг ҳозирда Ўзбекистон ташқарисида, дам олишда эканини айтган вакилнинг сўзларига кўра, улар пайшанба куни Ўзбекистон давлат телеканаллари орқали намойиш этилган "Аҳмад васвасаси" номли ҳужжатли филмда янграган иддаолардан таажжубга тушганлар.
Би-би-си суҳбатлашган ҳофизнинг яқинлари ҳам унинг Аҳмад Турсунбоевни танимагани ва у билан ҳеч қандай муомаласи бўлмаганини урғулашган.
Уларнинг сўзларига кўра, "Шерали Жўраевни яқиндан билган инсонлар унинг ҳеч қачон бу каби ишга аралашмаслигини яхши билишади".

Сурат манбаси, screenshot
15 июн куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари "молиявий пирамида" тузган чинозлик 38 ёшли тадбиркор Аҳмад Турсунбоевни ҳибсга олган.
Аҳмадбой Турсунбоев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш), шунингдек, 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бандлари бўйича айбланмоқда.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.












