Ўзбек армияси минтақада энг кучли

Жаҳон давлатларининг ҳарбий қудрати рейтингида Ўзбекистон 126 давлат орасида 54-ўринни олган.

Рейтингни тузган Global Firepower нашрига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи, собиқ совет давлатлари орасида эса тўртинчи қудратли армияга эга.

Ўзбекистон армияси 420 та танк, 715 та ҳарбий машиналар (БТР ва БМП), 880 та шатакка олинувчи артиллерия, 143та ўзи юрадиган артиллерия ускуналари, 109 бараварига ўт очувчи реактив тизим, 166 та учоқ, шу жумладан, 69 та қирувчи ва 50 та транспорт учоқлари, шунингдек, 69 та вертолётларга эга.

Ўзбекистон Қуролли Кучларининг сони 65 минг кишини ташкил этади.

Ҳарбий хизматга яроқли аҳоли сони 13,3 миллион, ҳар йили 600 мингдан ортиқ одам чақирув ёшига етади.

Рейтинг муаллифларига кўра, Ўзбекистоннинг йиллик ҳарбий бюджети 70 миллион долларга тенг.

Аммо ғарблик экспертларнинг айтишларича, 2010 йилда Ўзбекистон ҳарбий мақсадларга 1.5 миллиард доллар маблағ ажратган.

Бу Ялпи ички маҳсулот ҳажмининг тақрибан 3,5 фоизини ташкил этади.

Муқояса учун- Қозоғистоннинг ҳарбий бюджети АҚШ Марказий Разведка Бошқармасининг маълумотларига кўра, ЯИМ ҳажмининг 1,1 фоизига тенг.

Минтақада Ўзбекистондан кейинги ўринни Қозоғистон эгаллаган.

Энг заиф армия эса Туркманистонда.

Рейтинг муаллифлари 50 га яқин омиллар, жумладан, қурол-яроғларнинг умумий сони, ҳарбий хизматга яроқли аҳоли сони, мамлакат иқтисодининг аҳволи, жўғрофий жойлашуви ва табиий заҳиралари кабиларни инобатга олишган.

Рейтинг АҚШ жосуслик хизмати- Марказий Разведка Бошқармасининг маълумотлари ҳамда очиқ манбаълардаги маълумотлар асосида тузилган.

Унда мамлакат сиёсий ва ҳарбий раҳбариятининг даражаси, шунингдек, ядровий салоҳият ҳисобга олинмагани таъкидланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon