Ўзбекистонда фоҳишалик қонунийлаштирилсинми ёки кўп хотинлилик?

Фоҳишаларга ачиниш ҳисси ўзбек блоггерлари орасида деярли учрамайди

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи, Фоҳишаларга ачиниш ҳисси ўзбек блоггерлари орасида деярли учрамайди

Блоггер Санжар Саид ўз блогида Ўзбекистонда фоҳишаликни қонунийлаштириш эҳтимоли тўғрисида ёзган. Унинг фикрлари ўзбек твиттерида кескин муҳокамаларга сабаб бўлган. Айрим фикр билдирувчилар фоҳишаликнинг ўрнига кўп хотинлиликни легаллаштириш лозимлигини айтган.

"Очиғи, бир пайтлар фоҳишаларга чексиз нафрат билан қарар эдим. Бироқ бугун фикрим ўзгарган: фоҳишаларга ачиниш билан қарайман. Уларни мижоз эркаклар томонидан зўравонлик ва шафқатсизлик, жамият томонидан лоқайдлик ва бемеҳрлик қурбонлари деб била бошладим", - деб ёзган Санжар Саид.

Блоггер ушбу ҳолатни шундайлигича қолдириб бўлмаслигини, фоҳишаларни жисман йўқ қилиш ёки калтаклаш бугунги кунга тўғри келмаслигини айтган.

Унга кўра, мураккаб вазиятга тушиб қолган ожизаларнинг аҳволини ўнглайдиган чораларни таклиф қилиши керак.

Блогда шундай чоралардан бири фоҳишаликни легаллаштириш бўлиши эҳтимоли ҳақида ёзилган.

"Айримлар томонидан фоҳишабозликни легаллаштириб, хизмат кўрсатишнинг бу тури давлат назорати остига олиниши лозимлиги ҳам таклиф сифатида берилмоқда. Бу бугунги кўплаб давлатлар тажрибасида бор ҳолат. Шу билан асосий иштирокчилар: уйланишга улгурмаган ёки ўз жинсий ҳаётидан қониқиш ҳосил қилмаган ёш йигитлар, ўсмирлар ва эркакларни ҳам, уларга хизмат кўрсатаётган фоҳишаларни ҳам оқибати мудҳиш турли тери таносил касалликларидан ҳимоялаш имкони туғилади", -дейилади блогда.

Жамиятдаги мавжуд ҳодисалар ва муаммоларга нисбатан ўзининг қарашлари билан ажралиб турувчи блоггернинг бу сафарги фикрлари ҳам катта акс садо берган.

Ўзбекзабон твиттер аҳли бу мавзуда иккига бўлинганини кўриш мумкин.

Айрим фойдаланувчилар ушбу фикрни ҳиссиётга берилиб қабул қилган. Фоҳишаликни легаллаштиришни истовчилар Ўзбекистонга бало ёпирилишини истаётганлардир, деган фойдаланувчилардан бири.

"Фоҳишаликни легаллаштириш, бу ҳақиқий ўзбек йигитининг гапи эмас, бу гапни гапириш ор... уят...", - дейди SherZod_koMilov

Бироқ фоҳишаликни қонунийлаштириш муаммога ечим бўлиши мумкинлигини билдирган томон ҳам бор.

"Ишни мактабларда жинсий-репродуктив тарбия бўйича билим бериш сифатини оширишдан бошлаш керак. Яна билмадиму, фоҳишаларни патент олиб, солиқ тўлаб ишлайдиган қилиб қўйса, бу уларнинг сонини озайишига олиб келса керак", - дейди Sher Abdugapirov.

"Фоҳишаликни қонунийлаштириш бу муаммоларни ечишнинг ягона йўли. Хоҳлайсизларми йўқми, келажакда бу нарса содир бўлади", дейди ‏@AmirShax.

Фикр билдирувчилар орасида фоҳишаликдан кўра кўпхотинлиликни қонунийлаштириш керак, деган фикрлар ҳам янграган.

Яна бир твиттер фойдаланувчиси айни вақтда фоҳишаликни легаллаштириш Ўзбекистонда муаммони ҳал қилмаслигини айтган.

"Легаллаштирдик ҳам дейлик, ҳамма фоҳишалар легальный (қонуний - таҳр.) фоҳиша бўлиб, солиқ тўлаб ишлайди деб ўйлайсизларми? Бўмаган гап! Легал ишлаш ун 086 тўлдирган фоҳиша, поликлиникадан 086 (тиббиёт формаси - таҳр.) ни сотиб олмайди деб ким кафолат беради? Уни устига уларда пулдан бошқа тўлов ҳам бор. Фоҳишаликни легаллаштиришдан аввал бошка легал соҳаларимизни легал ишлашини таъминлашимиз керак. Ҳудди Европа мамлакатларидагидай", - дейди ‏@islambek_e.

Мавзуни ўрганган Хушнуд Худайбердиев эса фоҳишалар легаллашган давлатларда аҳвол шу даражада ёмонлашгани ва натижада улар кўпайиб кетганлигини ёзган.

Худайбердиев бу борада блог пост ёзаётганини ҳам қистириб ўтган.

Менталитет жиҳатидан Ўзбекистонга яқин бўлган Туркияда фоҳишалик фаолияти легаллаштирилган. Бу иш билан шуғулланишни истовчи аёллар рўйхатдан ўтиши ва соғлиғи тўғрисида ҳужжат олишига тўғри келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio