Гулнора Каримова: 'Ҳаммасига менинг очиқ гапирганим сабаб'

Би-би-сига тақдим этилган эксклюзив видео ва аудио ёзувларда Гулнора Каримова ўзи юз тутган муаммоларнинг барчасига ижтимоий тармоқлардаги очиқ мулоқоти сабаб бўлганини даъво қилган.
Айни пайтда у ўзи ва 15 яшар қизи Имоннинг нима учун уй қамоғида ушлаб турилганликларининг расмий сабабини ҳали ҳам билмасликларини айтган.
"Нима учун бизни уйда худди қамоқдаги каби ушлаб туришгани борасида ҳеч кимдан аниқ жавоб ололмаяпмиз. Бошқа 15 ёшлилар мактабга бориш ва ўртоқлари билан мулоқот қилиш имконига эга бўлгани ҳолда менинг қизимни ташқи дунёдан узиб қўйишган. Мен ўзим ҳақида гапираётганим йўқ-биз тиббий ёрдамга муҳтожмиз. Ва буларнинг ҳаммаси, биз фақат тахмин қилишимиз мумкин, ҳаммаси менинг матбуотда ва ижтимоий тармоқларда олиб борган очиқ ва шаффоф мулоқотим туфайли содир бўлаяпти",-деб айтган Каримова хоним.
Ўзбекистондан яширин йўллар билан олиб чиқилган ва Би-би-си қўлга киритган аудио ҳамда видео ёзувларда Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи ўзи ва қизига "итдан ҳам баттар" муомала қилишаётганини айтган.
У манзили ошкор этилмаган уйнинг "юзлаб камера ва бошқа махсус жиҳозлар" воситасида кузатилишини айтади.
"Уйнинг ҳудуди юзлаб камера ва махсус жиҳозлар билан ўралган ва алоқага чиқиш имконсиз. Ўзим ва қизимга мисли кўрилмаган босим ўтказилаяпти", - деб айтган Гулнора Каримова.
Гулнора Каримова ўзи ва қизининг шошилинч тиббий ёрдамга муҳтожликларини қайта-қайта таъкидлайди ва Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан тайинланган шифокорнинг унга уйқудалигида "қандайдир укол қилмоқчи" бўлганини даъво қилади.
"Бизда бу USB (флешка-таҳр.)ни ташқарига чиқариш имкони пайдо бўлди ва биз ҳар қандай ёрдам учун миннатдормиз",- дейди Каримова хоним Би-би-си қўлган киритган аудио ёзувда.
Аввалроқ Гулнора Каримованинг Британиядаги Oxford Brookes университетида таҳсил олиши айтилган ўғли-кичкина Ислом Каримов Россия телеканалига берган интервюсида синглиси Имоннинг болалигидан юрак уришини кузатиб турадиган махсус жиҳоз тақиб юришини айтган.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ундан жиҳоз олиб қўйилган ва Имон муолажасини оладиган вақт ўтиб кетган.
Кичкина Ислом Каримов шунингдек, онасининг ҳам муолажага муҳтожлигини айтган.
Империянинг қулаши

Мобил телефони воситасида суратга олинган видеотасвирларда Гулнора Каримова ва унинг фарзандлари - ўғли Ислом ва қизи Имоннинг, афтидан, Президент Ислом Каримовнинг Дўрмондаги қароргоҳига киришга уринишлари акс этган.
Шу йилнинг қишида олингани англашилган тасвирларда фуқаро ва ҳарбий кийимдаги шахслар Гулнора Каримова ҳамда фарзандларини тўхтатиб қолишга уринаётганини кўриш мумкин.
Видеода Гулнора Каримованинг "Ота, ота!" деб қичқирганлари ва "Мен барибир ўтаман" деган хитоблари эшитилади.
Пайшанба куни эълон қилинган аудио ва видео ёзувлар Гулнора Каримованинг шу йил март ойида унинг шериклари ҳибсга олинганидан буён ташқи дунё билан илк мулоқоти бўлган.
Унда бир пайтлар Ўзбекистонда энг қудратли аёл ва отасининг сиёсий меросхўри сифатида кўрилган Каримова хоним ўзи ва атрофидагиларга қарши ҳаракатлар 2013 йилнинг октябридан бошланганини айтади.
"Октябр ойидан эътиборан менинг болаларим ва атрофимдагиларнинг оилаларига босимлар кучайгандан-кучайиб борди. Аввалига МХХ ўнлаб одамларни шаҳарнинг марказидан тутиб кетиб, Гвардейская (МХХ ҳибсхонаси-таҳр)га қўйди. Ҳозир эса улар (ҳибсдагилар-таҳр) юзлаб. Мамлакатдан чиқиб кетмоқчи бўлган яна юзлаб кишиларнинг паспортларини МХХ аэропортда олиб қўйган", -дейди Каримова хоним.
У ўзи ва атрофидагиларнинг "мутлақо бошқача" бизнес лойиҳаларини амалга оширганликлари, турли-туман нодавлат ташкилотлари, телеканал, радио ва журналлар фаолиятини йўлга қўйганликлари ва уларнинг барчаси Ўзбекистонда муваффақиятли бўлганлигини таъкидлайди.
Каримова хоним шу йил март ойида Тошкентдаги уйида ўтказилган рейд тафсилотларига ҳам тўхталади.
"МХХ махсус кучлари 8 қаватли бино томидан бизнинг хонадонимизга сакраб тушишди. Ойналар, деразаларни синдириб, олти аёл, бир эркак ва бир ёшли чақалоқ-саккиз кишини автобусларга босиб, "Гвардейская" кўчасидаги МХХ ҳибсхонасига олиб кетишди",-дейди Гулнора Каримова.
У ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги оилаларини четга, хавфсиз ерга олиб чиқиб кетмоқчи бўлганликлари ва ҳозирда бутун бу воқеаларнинг "тугашини кутиб ётганликлари"ни айтади.
Каримова хонимнинг айтишича, ҳибсга олишлар чоғида "бир шахс ўз жонига қасд қилган, яна бир киши юрак ҳуружидан ўлган".
Гулнора Каримованинг даъволарини мустақил манбаълардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.
Ўзбекистон расмийлари ҳозирга қадар Президент оиласидаги можаро юзасидан бирон-бир шарҳ беришмаган.
Ўтган ой Гулнора Каримованинг шерикларини иқтисодий жиноятларда айблаб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этган Ўзбекистон Бош прокуратураси ўзининг расмий билдиришларида Каримова хонимнинг номини эслатмаган.
Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳаракатлари амалда Марказий Осиёнинг энг бой ва қудратли аёлларидан бири бўлган Гулнора Каримова бизнес империясининг қулашига олиб келгани айтилади.
Таҳлилчиларга кўра, бу ҳаракатлар дунёдаги энг ёпиқ ва шафқатсиз тузумлардан бирининг "жозибали юзи" деб таърифланган Каримова хонимнинг отасининг ҳокимиятига даъвогарлигини ҳам деярли йўққа чиқарган.
Президент Ислом Каримов тўнғич қизининг Оврўподаги коррупция даъволарига аралашганидан ғазабга келгани айтилади.
Гулнора Каримованинг ўзи коррупция айбловларини рад этган.
Айрим таҳлилчилар Гулнора Каримова ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари ва ёшлар билан тўғридан-тўғри мулоқотлари орқали ўзи билиб-билмасдан отаси яратган сиёсий тузумнинг тамалларига путур етказа бошлаганини айтишади.
Аммо Президент Каримовнинг ўзи "Гугуша" деб ном берган қизи билан муносабатларининг дарз кетишида бу омилларнинг қанчалик рол ўйнагани маълум эмас.
АҚШ дипломатларининг интернетга сизган ёзишмаларида "Ўзбекистонда энг кўп нафрат этилган шахс" деб таърифланган Гулнора Каримовага ҳамдардлик билдираётган ўзбеклар унчалик кўп эмас.
Ижтимоий тармоқ сайтларида изоҳ қолдирган ўзбекистонликларнинг аксарияти унинг ҳозирги аҳволига заҳарханда муносабат билдиришган.
"Гулноранинг ишидаги асосий муаммо шуки, бу маълумотларнинг ҳаммаси ягона манбаъ-Гулноранинг ўзидан келаяпти", - дейди Ҳюман Райтс Вотч ташкилотидан Энрю Штролейн.
У Каримова хонимнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи борасидаги "хавотирлари"га эҳтиёткорлик билан муносабат билдиради.
"У шубҳасиз, Ўзбекистонда инсон ҳақларининг мунтазам топталаётганидан хабардор бўлган. У бу маълумотларни журналистлар ва инсон ҳақлари гуруҳларига тақдим қилиши мумкин эди. Аммо қилмади", -дейди Энрю Штролейн.
Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси Гулнора Каримованинг атрофидаги вазият ва унинг иддаолари юзасидан ҳеч қандай шарҳ бермаган.












