Москвалик болани жароҳатлаган ўзбек муҳожири тергови якунланди

Сўнгги янгиланиш 20 январ 2013 - 10:28 GMT

Баҳром Ҳуррамовни таниган москваликлар у ҳақда фақат яхши гаплар айтиб, ҳимоя қилганлар.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Баҳром Хуррамовнинг москвалик ўқувчи Артем Хотеевга тан жароҳати етказганлиги бўйича тергов ишлари ниҳоясига етиб, иш маҳкамага оширилган.

Россия Ички Ишлар вазирлиги Москва бўлими матбуот хизматидаги манбаларнинг "Интерфакс"га хабар беришича, Хуррамовга айлов илгари сурилган.

Ўзбекистон фуқаросига нисбатан Россия Жиноят Кодексининг 112 - "Қасддан ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказиш" моддаси бўйича суриштирув ишлари олиб борилган.

Хабарда айтилишича, Хуррамов бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан кўрсатма берган, лекин ўз айбини тан олмаган.

Январ ойининг бошида Москвада қор кураётган белкурагининг дастаси билан 12 ёшли боланинг жағини синдирган ўзбекистонлик кўча тозаловчи билан боғлиқ иш кенг овоза бўлиб, турли фикрларга сабаб бўлган эди.

Дастлаб кўчада ёш болалар қорбўрон ўйнашаётган пайтда тасодифан қор шу атрофда ишлаётган фаррошга теккани, бундан ғазабланган ўзбекистонлик белкурагини синдириб қор отган болани қувиб кетгани ҳақидаги хабар тарқалган.

Суриштирув ишлари давомида айбланувчи тан жароҳати етказган 12 ёшли москвалик ўқувчи боланинг ўзи Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларига, жумладан Хуррамовга нисбатан безориликка алоқадор бўлиши мумкинлиги айтилади.

Айбланаётган киши ўзини ҳимоя қилиш мақсадида болага таёқ отган бўлиши мумкин, деб келтиради Интерфаксга гапирган манба.

Хуррамовнинг ҳимоячиси эса "болалар уни мазах қилишган, яна бошқа нарсалар қилиб уни устидан кулишган", деб айтган.

9 январда маҳкама суриштирув ходимларининг талаби билан Ўзбекистон фуқароси Баҳром Хуррамовни ҳибсга олган эди.

Шу билан бирга Ички Ишлар вазирлиги унга нисбатан жазо чоралари юмшатилиши мумкинлиги ҳақида билдирган.

Айбланувчи рус тилини билмаслиги сабабли маҳкамада таржимон орқали мулоқот қилган.

Унинг айтишича, Москвага ўтган йилнинг январ ойида келган ва шу давр мобайнида Южное Бутово туманида кўп қаватли уйларнинг биридаги "ахлат йиғиш хонаси"да яшаб келган.

Хуррамовнинг сўзларига кўра, у меҳнат дафтарчасиз кўча тозаловчи бўлиб ишлаган.

Баҳром Хуррамов Ўзбекистонда хотини ва икки боласи борлигини маълум қилган.

Воқеа овоза бўлгач, ҳодиса рўй берган жойда яшайдиган москваликлар меҳнат муҳожири ҳақида фақат яхши гаплар айтиб, унинг ҳимоясига отланганлар.

Жароҳат олган боланинг қори атайин кўча тозаловчига тегмаганини, балки бу бола бундан олдин ҳам мунтазам ўзбекистонликни таҳқирлаб келганини ёзиб мурожаат қилганлар.

Интернетда 12 ёшли бола ўзининг тенгдошини ураётгани видеоси топилган, бу атрофда у бола ҳақидаги фикрлар яхши эмаслиги аён бўлган.

Бироқ меҳнат муҳожирининг ҳимоясига чиққан журналист аёл ишдан бўшатиб юборилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.

]]>