
Жерар Депардье Собиқ Иттифоқ давлатларида машҳур ҳисобланади
Ўзбекистондаги интернет нашрларининг хабарига кўра, яқинда суратга олиниши мўлжалланган филмга машҳур француз актёри Жерар Депардье таклиф қилинган.
"Олтин гепард" Тошкент Халқаро кинофорумининг директори Акбар Ҳакимов бу ҳақда Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг йиғилишида маълум қилади.
Маълумотларга кўра, филм сценарийси Аброр Ҳакимов ва Президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли.
Фильм воқеалари тарихий 5-6 асрларга талуқли бўлиб, Жерар Депардье оврўполик руҳоний образини яратиши кутилмоқда.
Янги фильм устида ишлар кетаётгани боис, нима учун филмга айнан жаноб Депардье танлангани, ким суратга олаётгани, филмнинг бюджети ва бошқа маълумотлар берилмаган.

Туркиялик актёр Холид Эргенч яқинда Каримова хонимнинг Style.uz ҳафталиги тадбирида иштирок этган
Бундан олдин ҳам Каримова хоним томонидан ташкил қилиниши айтиладиган Ўзбекистондаги дабдабали маросимларда дунёнинг кўплаб машҳурлари иштирок этишган.
Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўзининг кенг миқёсдаги қизиқишлари билан жамоатчиликнинг эътиборида бўлишни хуш кўради.
Куни кеча, 25-29 октябр кунлари Россияда ўтган Volvo Мода Ҳафталигида GULI либослари учун бурчак ташкил қилингани ҳақида хабарлар берилган.
Британиялик рок мусиқаси юлдузи Стинг 2009 йилда Тошкентдаги "муҳташам кечада Гулнора Каримовага қўшиқ куйлагани учун" танқидлар остида қолган эди.
2008 йилда Испаниялик машҳур қўшиқчи Хулио Иглесис Тошкентдаги Мода ҳафталигида иштирок этган, олдинроқ Гулнора Каримова билан "Бесаме мучо" қўшиғини бирга куйлаган.
Гулнора Каримованинг кечаларини безаб берган таниқли машҳурлар Ўзбекистонга миллион-миллион доллар гонорар ҳисобига ташриф буюриши айтилади.
Азиз Ўқувчи!
Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.
Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, [email protected] электрон почтамизга мактуб ёзинг.
Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.
Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

























