
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот хизмати мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳоллари учун қаттиқ жазоланишини маълум қилган.
"Қишлоқ хўжалиги соҳаси, жумладан, пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланишга изн берилмайди", - деб айтган вазирлик матбуот хизмати.
Вазирликка кўра, ушбу тартиб ҳозирда Ўзбекистоннинг барча вилоятларида давлат, турли агентликлар ҳамда БМТнинг ЮНИСЕФ Болалар жамғармаси ва турли халқаро ноҳукумат ташкилотлари тарафидан кузатиб борилади.
Ўзбекистонда пахта йиғим-теримига сафарбарлик аллақачон бошланган. Кўплаб ўқув юртлари талабалари, ўқитувчилар, турли корхоналар ходимлари пахта далаларига олиб кетилаётгани хабар қилинади.
Хоразмдан "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов Би-би-сига гапираркан, улар орасида мактаб болаларини йўқлигини айтади:
"Ҳақиқатдан ҳам, бугунги Хоразм вилоятидаги пахта мавсуми олдингилардан бироз фарқ қиляпти. Ёш болаларни пахта мавсумига жалб қилмаслик масаласи қаттиқ қўйилдими, Худога шукур, мактаб болалари пахта йиғим-теримига жалб қилинмасдан ўқув машғулотларини давом қилдиряпти".
Худди шундай манзарани қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам тасдиқлашади. Аммо, улар Ўзбекистонда пахта мавсуми эндигина бошлангани боис бу борада катта гапиришга ҳали эрта эканини айтишади.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Нодир Аҳадов эса, вояга етмаган болалар барибир пахта далаларида эканини урғулайди.
"Қарши шаҳрида мана шу бугуннинг ўзида Қарши давлат университети билан 2 - академик-лицей ўқувчилари сафарбар этилди. Шу кунгача корхоналарни, маҳаллаларни олиб чиқаётганди. Мактабларни олиб чиқмай туришибди. Лекин, мана академик-лицейларда ҳам балоғатга етмаган ўқувчилар ўқишади", дейди у.
'Кўнгилли ёрдам'
Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни охирги йилларда болалар меҳнатидан кенг фойдаланаётганликда айблаб келишади.
Бунинг натижасида, ўтган йил жаҳоннинг ўнлаб йирик ширкатлари ўзбек пахтасидан қилинган молларни бойкот қилиш ҳақидаги петицияга ҳам имзо чеккандилар.
Ўзбекистон расмийлари эса, пахта далаларида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини рад этишган.
Лекин, баъзида болалар кўнгилли равишда ота-оналарига ёрдам беришаётганлигини илова қилишган.
Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги ҳам Ўзбекистонда пахта хусусий секторда, яъни оилавий фермер хўжаликларида етиштирилишини урғулайди ва болаларнинг оила бизнесига қўшадиган ҳиссаси халқаро андазаларга зид эмаслигини ҳам қистириб ўтади.
Бу йил ҳар кило пахта учун ўртача 250 сўм ёки 9 АҚШ сенти тўланиши ҳақида айтилган. Лекин, хабарларга кўра, илк 50 килоча пахта учун одамларга пул тўланмайди. Хоразмдан Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича эса:
"Ман кечадан олдинги кун гаплашганларимга кўра, ҳар бир килосига 150 сўмдан пул тўлашяпти экан, тарозини ёнида. Шундан кўпроғини эшитмадим".
Қашқадарёлик фаоллар эса, бир кило пахта учун 180 сўмдан пул тўлинишига ишора берилганини айтишади.
Ўтмишда белгиланган миқдордан турли чегирмалар бўлиши ва қўлга тегадигани айтилганидан кўра камроқ экани ҳақида гапирилган.
Бундан ташқари, пахтага сафарбар этилган талабалар учун шарт-шароитларнинг талабга жавоб бермаслиги ҳам танқид қилиб келинган.
'Пахта мавсумида тўйга рухсат йўқ'
Қашқадарёлик яна бир фаол Гулшан Қораеванинг айтишича, пахта мавсуми боис айрим жойларда фаолият тўхтатилиши ҳақида гапирилмоқда:
"Мана бозор асосийси, бозор. Савдогарлар, танишлар бозорга эълон ҳам ёзиб қўйишгани, янги бозорда савдо қилиш учун тушдан кейинга рухсат берилганини айтишди. Тўйхоналар мана бугун охирги кун, эртадан ёпилишини айтишяпти".
Фаол Нодир Аҳадов ҳам тўйхоналар учун тўлаб қўйилган пуллар эгаларига қайтариб берилаётганини айтади.
Ўзбекистон иқтисоди қишлоқ хўжалигига ихтисослашган. Экин майдонларининг катта қисмида пахта етиштирувчи республика уни экиб, йиғиб олгунча қўшимча ишчи кучига эҳтиёж сезади.
Ёғин-сочинли кунларгача очилган пахтани териб олиш учун деҳқонларнинг олдида бир ой, узоғи билан 2 ой муддат бўлади.
Пахта толасини четга экспорт қилиш орқали мўмай даромад кўрувчи ҳукумат ушбу қимматбаҳо хом-ашёни сифатли равишда териб олиш учун бутун заҳирадан фойдаланишга ҳаракат қилади.
Кузатувчилар Шўролар давридан бери хунук анъанага айланган ушбу ноқонуний меҳнатдан фойдаланишни тўхтатиш учун ҳукумат етарли ҳаракат қилмаётганини айтишади.
Пахтанинг асосий қисми йилдан - йилга фақат қўлда теришга ўтилаётгани ва уни йиғиб олишда техника такомиллаштирилмаётгани танқид остига олинади.

























