Британия: ўзбекистонлик таниқли банкир ва хайрия фаоли Камола Маҳмудова вафот этти

Сурат манбаси, Facebook/KamolaMakhmudova
Лондонда ўзбекистонлик таниқли банкир ва хайрия фаоли Камола Маҳмудова 48 ёшида оламдан ўтти. У қарийб уч йил давомида саратон касаллиги билан курашди.
Тошкентда туғилиб ўсган ва кўп йиллардан бери Британияда яшаб келган Маҳмудова хоним икки вояга етган фарзанднинг онаси эди.
Камола Маҳмудовани таниганлар уни меҳнаткаш, хушчақчақ ва ҳар қандай ҳолатда ижобий кайфиятда қолувчи оптимист деб билишарди. У билан хайрия тадбирларида ишлаган бир дўсти Фейсбукда Маҳмудовани "ҳаммага мотивация берадиган қуёш опажоним" дея тасвирлади.
Маҳмудова икки йил аввал Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг Озарбайжондаги раҳбари лавозимида иш бошлаганди, аммо унга қўйилган ташхис туфайли касбий фаолиятини давом эттиролмади ва Лондондаги оиласи ва дўстлари бағрига қайтиб, тиббий муолажаларни бошлади.
Аввалроқ Маҳмудова хоним ЕТТБнинг Савдони рағбатлантириш дастурига директор бўлиб ишлаган, ҳамда банк фаолиятининг Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Кипрга ёйилишида етакчи ролни ўйнаган.
У ўз молиявий касбини ABN AMRO банкида бошлаб, сўнг Sumitomo Mitsui банк корпорациясига ўтган.

Сурат манбаси, Facebook/KamolaMakhmudova
Аммо, кўплар уни яшиллаштириш, аёлларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон имижини дунё бўйлаб кўтариш йўлида қилган саъй ҳаракатлари ортидан таниганди.
Ўзбекистонда у Қизлар мактаби, Хан академияси онлайн мактаби ва экологияни яхшилаш йўлидаги хайрия ишларида етакчилик қилган.
У икки йилдан бери ҳар ёз мавсумида Лондонда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон маданияти фестивали ташкилотчиларига бошчилик қилди.
Маҳмудова табиатни асраш ва яшил сиёсатга катта иштиёқ билан ёндошар эди. У ЕТТБда бир марта қўлланилувчи идиш-товоқларнинг ман этилишига эришган, Ўзбекистонда дарахтлар экилиши тадбирларига бошчилик қилган ва банк фаолиятидан танаффус олиб Кембриж университетининг биология фанлари доктори унвонини олган эди.
BBC Камола Маҳмудованинг оиласи ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












