"Шарқ тароналари"да Афғонистон қатнашмади - мусиқа ёки қўшиқ ҳаромми?

    • Author, Мустаҳкам Тангриёрова
    • Role, Самарқанд
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Беш йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистонда «Шарқ тароналари» Халқаро XIII фестивали бўлиб ўтди.

Ғолибликни Озарбайжоннинг "Семурғ"жамоаси қўлга киритди. Яна олти давлат иштирокчилари турли ўринлар соҳибига айланишди.

Анжуманда 80 га яқин давлат санъаткорлари қатнашди. Улар орасида бу гал Афғонистон мусиқий жамоаси бўлмади. Гарчи афғон санъаткорлари илк фестивалдан (1997) буён "Шарқ тароналари"нинг фаол иштирокчиси ва бир неча марта совриндори бўлишган.

Алоқадор мавзулар:

"Куйу қўшиқларсиз қолган Ватаним... "

Журналистнинг ҳаёти хизмат сафарларига тўла. Ҳар қандай сафар манзаралари вақт ўтган сайин хаёлинг ойнасида хиралашиб бораверади. Лекин, мен Ҳайратон кўпригида, Ўзбекистон-Афғонисон чегара пости яқинидаги ҳар бир қиёфа, ҳар бир суҳбат, ҳатто деталларни ҳам унута олмайман, эсласам бўғзимда нимадир тиқилаётгандек бўлаверади...

2021 йилнинг 26 ва 27 август кунлари эди. Афғонистонда Толибон қудратга келганига икки ҳафта ҳам бўлмаган. Ватанини тарк этаётган афғонистонликларни суҳбатга чорлаяпмиз. Рўпарамдан келаётган йигитча судраб келаётган жомадонини чеккага қўяди-да, бор овозини қўйиб куйлай бошлайди:

Сарзамини ман, хаста-хаста аз жафои,

Сарзамини ман, бесуруду, бесадои,

Сарзамини ман, дардмани, бедавои

Сарзамини ман...

Сарзамин сўзи форс тилида Ватан дегани. Афғонистонда бир неча миллат яшайди.

Мусиқага таъқиқ расмий декларацияга киритилди

Бугунда Аҳмадбашир қаерда, қайси мамлакатда қўним топди ёки Афғонистонга қайтдими - билмайман.

Билганим, уч йил давомида дунё ҳамжамияти ишонмаса ҳам, Толибон мўътадиллашига умид боғлаганлар бўлди. Лекин, Афғонистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳамон таранглигича қолмоқда. «Шарқ тароналари» Халқаро XIII фестивали арафасида «Толибон» даврида пайдо бўлган Фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлигининг 2021 йилдан буён амалда бўлган қатор тақиқлари Афғонистоннинг биринчи расмий декларациясига киритилди. Хотин-қизлар юзларини очиб юрмаслиги, тирик жонзодларни чизиш мумкин эмаслиги ва ҳоказо тақиқлар ифодаланган 114 саҳифа ва 35 моддадан ташкил топган ҳужжатнинг 19-моддасида мусиқа чалиш, тинглаш қатъий манъ қилингани ёзилган.

Вазирлик вакили Мавлавий Абдул Ғафар Фарук декларация ҳақида «Биз сизни ишонтириб айтамизки, бу исломий қонун фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларни йўқ қилишда катта ёрдам беради», — деган.

Фестивалга қатор мусулмон давлатлари, жумладан, Эрону Ироқ, ва Покистондан ҳам санъаткорлар келди. Фақат, Афғонистондан келмади. Бу юртдан икки нафар журналист ташриф буюргани ҳам бор гап.

Хўш, мусиқа ёки қўшиқ ҳаромми? Диний уламолар нима дейди?

Ислом ёйилганидан буён неча-неча асрлар ўтди. Бу давр оралиғида қудратдаги подшоҳлар ўз саройларида энг етук дин пешволарини, олиму фозилларни тутдилар, улар айтган йўлдан бордилар. Нега ҳукмронлар ўшанда куй-қўшиқни ҳаром билмадилар? Шу ўринда тарихчи Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома» асарида Амир Темур саройида ўтказиладиган мусиқий анжуманлар ҳақида "Яхши овозли хонандалар куйлашни бошлаб, ғазалу нақш айтур эрдилар. Ва турку мўғул, хитою араб ва ажамдин ҳар ким ўз расми билан нағма айтур эрди", деб ёзганини эслаш жоиз.

Мавзуга оид сўров билан Googleга мурожаат қиламиз. Ҳазрат Шайх Муҳаммад Содиқнинг "Исломда мусиқа ёки қўшиқ тинглаш маҳкумми ёки ҳаромми?» деган саволга жавоблари муҳим кўринди.

"Қадимги уламоларимиз ҳам асрлар давомида мусиқа ҳақида турли фикрларни айтиб келишган. Лекин, ҳаммалари иттифоқ қилиб мусиқа тўғрисида айтган гапларидан бири мусиқанинг беодоби, шариатга тўғри келмайдиган қилиқлару иборалардан, сўзлардан иборат бўлгани мутлақо ҳаром. Бунга барча уламолар иттифоқ қиладилар. Энди одоб, ахлоқ доирасида, ватанпарварлик, инсоний қадриятлар, ислом таълимотлари маъноларини тарғиб қилувчи, шунга ўхшаш қўшиқлар ёки мусиқа маъносида уламолар ихтилофлари бор. Баъзи бир тарафлар айтадиларки, бу нарсалар ҳаром, мутлақо бўлмайдиган деган гапни айтишади ва далилига Қуръони Каримдаги "Одамлардан бир кишилар борки, беҳуда сўзни Оллоҳни йўлидан залолатга кетказиш учун сотиб оладилар" деган маънодаги орятни келтирадилар. Ҳалиги одамлар мана шу қўшиқ дейишади ва шу қўшиқ эканлигига ҳазрати ибн Аббоснинг гапларини далил қилиб келтиришади. Бошқа уламолар айтадиларки, «Йўқ, бу ерда қўшиқ деган маъно йўқ. Оллоҳнинг йўлидан залолатга кеткиздирувчи ҳар қандай гап бўлса, ҳаммаси ҳаром, бу қўшиқ бўладими, маъруза бўладими, ёзилган китоб бўладими, қандайдир гап-сўз, тортишув бўладими, ҳар бирида Оллоҳнинг залолатга кетказиш маъноси бўлса, барчаси ҳаром. Буни ҳеч ким инкор қилиши мумкин эмас». Ибн Аббоснинг шу таврини келтирадиган бўлсак, Ибн Аббосдан бошқа минглаб саҳобалар бу таъвирни қилмаганлар ва бошқа таъвирни қилган саҳобалар Ибн Аббосдан кўра кўпроқдир деган маънони айтишади».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мусиқа ва қўшиқни батамом ҳаром деганлар Пайғамбаримиз (САВ)гача етиб бормасдан, орада тушиб қолган ҳадислардан биттасини ривоят қилиб келтиришларини ҳам айтадилар: «Унда тўртта нарсани ҳаром дейилган. Ўша тўртта нарсанинг ичида мусиқа ҳам бор. Хамир ичиш, ипак кийим кийиш бор. Уламоларнинг кўпчилиги, аҳли суннат ва жамоалар айтганки, бу тўрт нарсани қўшиб қилса деган. Чунки, бошқа ердаги кўпгина ҳадисларда қўшиққа ижозат берганлиги мана шу маънони тавр қилишга олиб келади, деб туриб қўшиққа ижозат берилган ҳолатларни баён қиладилар».

Шайх ҳазратлари ўз жавобларида Ислом Пайғамбари Муҳаммад (САВ) куй-қўшиқ янграган жойда бўлганлари ва бунга қаршилик қилмагани ҳақидаги қатор ҳадисларни мисол тариқасида келтирадилар.

"Манинг никоҳ тўйим куни Расулоллоҳ уйимга келдилар ва кўрпачамнинг устига ўтирдилар. Икки қиз мани оталаримни мадҳ қилиб қўшиқ айтишар эди... Ана шу ерда Расули Акрами алайҳи ва саллам ўзлари шахсан тўйга ҳозир бўлганлар ва қўшиқни тинглаб маъноси бузилганда, маънони тўғрилашга даъват қилганлар, деб айтганлар уламоларимиз".

Мусиқа тинглашни шаръан жоиз деб билувчилар орасида Имом Ғаззолий қаторида Суҳраварий, Ҳужвирий ва яна бир қанча Нақшбандия пирлари ҳам борлиги маълум.

***

1997 йилдаги «Шарқ тароналари» I фестивалида Афғонистон мусиқий гуруҳи ЮНЕСКО совринига сазовор бўлганди. Бу гуруҳ 2003 йилги фестивалда 3-ўринни эгаллаган. Кейинги фестивалларда Ҳаниф Набизода раҳбарлигидаги мусиқий гуруҳ, яна бир фестивалда Афғонистон санъат институти жамоаси ғолиблардан бўлди. 2013 йилда эса "Садои Помир" гуруҳи 1-ўринга муносиб топилган.

Маълумотларга қараганда, Толибон қудратга келгунга қадар Афғонистонда фаолият юритган санъаткорлар, спортчилар, илм аҳлининг аксар қисми 2021 йилдаёқ хориж мамлакатларга кўчиб ўтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek