Янгиликлар. Ўзбекистон: “Ҳаммаси Эски шаҳарни сақлаб қолиш учун” – ўзбек амалдорлари нега Бухоро марказида парк қурмоқда? Video O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

bukhara

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Февраль охирида шошилинчда бошланиб кетган бузиш ишлари апрель ойи бошида ҳам давом этган.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ҳам жамоатчилик норозилигига қарамай, ҳам бу ерларни ҳимоясига олган ЮНEСКО билан келишмай туриб, ўзбек ҳукумати Бухоро шаҳри қоқ марказида этнографик парк қурмоқчи. "Инвестор бошқа жойга пул тикмайди", дейди Би-би-си билан гаплашган маҳаллий амалдор.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Февраль ойида Бухоро марказида бошланган бузиш ишларини кузатувчилар ва матбуот "Бухоронинг янги бомбаланиши", "мусаффо осмон остидаги бузғунчилик" каби жумлалар билан таърифлаган эди.

Апрель бошида Би-би-си мухбири бузиш/демонтаж ишлари давом этаётган ҳудудни бориб кўрди.

Ўзбекистон ҳукумати бу майдонда "Боқий Бухоро" номи берилган маданий-этнографик парк қурмоқчи.

Фаоллар ва халқаро ташкилотларни ташвишга солган муаммо эса парк Эски шаҳар, яъни Бухоронинг тарихий қисми билан шундоқ чегарада қурилаётганида.

Эътиборлиси, қурилиш учун майдон ўлароқ ЮНEСКО ҳимоясига олинган Эски шаҳарнинг буфер зонаси танлаб олинган.

Алоқадор:

Буфер зонадаги қурилиш

bukhara

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Олимлар Бухоронинг тарихий қисми ёши икки мингдан зиёдроқ эканини айтади.

Бухоронинг 200 гектардан сал зиёдроқ майдонни эгаллаган тарихий қисми 1993 йилда ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Ташкилот олимлари бу ҳудуднинг тарихи икки мингдан йилдан зиёдга бориб тақалиши, атрофда кўзга ташланиб турган бинолар, обидаларнинг катта қисми эса Шайбонийхонлар давридан бери ўз қиёфасини йўқотмаганини айтади.

Iqtibos

Бугун эса тарихнинг муҳим бўлаги бўлмиш қадимий маҳаллалардан атиги кичкина бир йўл нарида бузиш/демонтаж ишлари кечмоқда.

Ўзбек амалдорлари намойиш этган харитада эса қарийб 33 гектар майдонда қурилаётган "Боқий Бухоро" паркининг катта қисми айнан буфер зона ҳисобига тўғри келиши яққол кўзга ташланади.

bukhara

Сурат манбаси, UNESCO

Сурат тагсўзи, Ушбу суратда оқ-қора чизиқ билан Бухоронинг тарихий қисми, сариқ-қизил чизиқ билан эса уни муҳофаза қилиб турувчи буфер зона ҳудуди тасвирланган. Буфер зона ҳимояга олинган ҳудуднинг бир қисми ҳисобланмасада, халқаро тартибга кўра, ундаги ҳар қандай бузиш-қуриш ишлари ЮНEСКО томонидан тасдиқланиши лозим.

Инсоният тарихини ҳимоя қилишга қаратилган ва Ўзбекистон 1993 йилда ратификация қилган Умумжаҳон мероси конвенциясини жорий этиш бўйича қўлланмада эса буфер зоналарга шундай таъриф берилган:

"Буфер зона - бу ушбу ҳудуддан фойдаланиш ва қайта қуриш ишларига тўлдирувчи қонуний ва/ёки одатий чекловларни қўллаган ҳолда белгиланган мулк учун қўшимча муҳофаза қобиғи яратувчи ҳудуд".

"Гарчи буфер зоналар белгиланган мулкнинг бир қисми ҳисобланмасада, мулк Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилгандан сўнг буфер зонадаги ҳар қандай ўзгартиришлар Умумжаҳон мероси қўмитаси томонидан тасдиқланиши лозим".

Очиқ маълумотлардан Ўзбекистон ҳукумати ўзи ратификация қилган халқаро конвенция талабларига қарамай, ЮНEСКО хулосасисиз қурилиш ишларини бошлаб юборганини англаш мумкин.

bukhara

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Кузатувчи ЮНEСКО

Бухорода айрим фаоллар "ваҳшиёна" дея атаган кўламли снос ишлари бошланиб кетгандан сўнг ЮНEСКО зудликда баёнот билан чиқмаган.

Ўзи муҳофаза қилувчи ҳудудда кечаётган ишлар юзасидан ташкилотнинг сукут сақлаши блогерлар, тарих ва маданият жонкуярлари танқидига учраган.

Натижада, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Сара Ношади март ойи бошида твит қолдириб, ташкилот бўлаётган ишлар ва фуқароларнинг ташвишларини диққат билан кузатаётгани ҳамда вазият борасида изоҳ олиш мақсадида ўзбек расмийларига мурожаат қилганини маълум этган, мамлакат ҳукумати ЮНEСКО таркибига кирувчи Умумжаҳон мероси қўмитаси баҳоловисиз бирор бузиш/қуриш ишлари олиб бормаслигидан умид билдирган.

bukhara

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Бухоро вилояти ҳокимлиги биноси танланган майдонда бузиб ташланаётган сўнгги объектлардан бири.

Бир йил аввал ўтган матбуот анжуманида қурилиш вазири Ботир Зокиров журналистларни Бухородаги туристик марказ қурилиши ЮНEСКО "билан келишилмагунча" бошланмаслигига ишонтирганди.

Халқаро матбуотда чиқаётган хабарлар эса Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНEСКО ўртасида "Боқий Бухоро" лойиҳасига оид келишув ҳамон амалга ошмаганини кўрсатмоқда.

ЮНEСКО воизи билан гаплашган Eurasianet нашрининг ёзишича, ўзбек ҳукумати мазкур ташкилотдан келаётган мурожаатларга ҳам кўз юммоқда.

21 март куни "ЮНEСКО Ўзбекистон Бухородаги ишларга доир берган ваъдаларини бузганини айтмоқда" сарлавҳаси остида эълон қилинган ушбу хабарда расмий Тошкент Бухоронинг тарихий қисмлари яқинида бузиш/демонтаж ишлари олиб боришдан тийилиб туриш борасида ЮНEСКОга берган ваъдасининг устидан чиқмагани ва Бухоро шаҳрининг бош режасини ҳали ҳам ташкилотга тақдим этмагани ҳақида сўз боради.

ЮНEСКО Eurasianet'га 8 февраль куни ўзбек ҳукуматига мазкур лойиҳага оид режаларга ойдинлик киритиш сўралган мактуб юборилганини билдирган.

bukhara

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Апрель ойи бошига қадар майдондаги биноларнинг катта қисми бузиб ташланган.

"Хатга ҳали жавоб берилмади", маълум қилди ташкилот", дейилади 21 март куни эълон қилинган мақолада.

"Боқий Бухоро" ўзи қандай лойиҳа?

Ўзбекистон ҳукумати Бухорода ҳам Самарқанддаги каби туристик марказ қуришни режалаётгани ҳақидаги илк хабарлар ўтган йилнинг январида пайдо бўлган.

bukhara

Сурат манбаси, Buxoro viloyati hokimligi

Сурат тагсўзи, "Боқий Бухоро" лойиҳаси. Расмийлар бу парк қадимий шаҳарда ортиб бораётган туристлар учун замонавий ва қулай инфратузилма яратиш йўлида зарур эканини таъкидламоқда.

Лойиҳа амалга ошириладиган майдоннинг тахминий харитаси тарих ва маданият жонкуярларини ўшандаёқ ташвишга солган, улар муҳофаза зонасида бундай кенг қамровли бузиш/қуриш ишлари амалга оширилмаслиги кераклиги ҳақида гапирган.

ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси айни сабаб туфайли лойиҳани қўллаб-қувватламаган, маҳаллий матбуот, ҳатто, Маданий мерос агентлиги ҳукуматга бу жойдаги ҳар қандай лойиҳа агентлик ва ЮНEСКО билан келишилиши шартлигини эслатгани ҳақида ёзган.

Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган ҳукумат мажлиси баённомасида шаҳар марказидаги 30 га яқин давлат объекти, жумладан, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратураси, МИБ, тиббиёт коллежи, "Бухоро Арена" стадиони каби бино-иншоотларни бошқа жойга кўчириш, амалда эса бузиб ташлаш кўрсатилган.

Туристик марказ қурилишига норозилик билдирган ўнлаб бухороликлар 2023 йил январининг ўзида президентга мурожаат йўллаган.

Бухороликлар, асосан, спорт мажмуаси бузиб ташланишидан норози эканини билдирган.

"Ҳамма шароит туристларга, а ўзимизнинг халқчи?!" деган видеода сўз олганлардан бири.

Аҳоли норозилигидан сўнг лойиҳа вақтинча тўхтатилган, расмийлар туристик марказ учун бошқа мақбул майдон танланиши ва ЮНEСКОнинг хулосаси олингандан сўнггина қурилиш ишлари бошланишини маълум қилган.

bukhara

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Очиқ маълумотлар Ўзбекистон ҳукумати танланган ҳудудда бузиш/демонтаж ишлари олиб бориш олдидан, ўзининг халқаро мажбуриятларига амал қилган ҳолда, ЮНEСКО билан келишмаганини кўрсатмоқда.

Бироқ фаоллар ва норози бухороликларнинг енгил тин олиши бор-ёғи бир йилга чўзилган, холос.

Шу йилнинг январь ойида вилоят ҳокими Ботир Зарипов шошилинчда ташкил этилган матбуот анжуманида мамлакат ҳукумати тарихий шаҳар буфер зонасида туристик марказ қуриш ниятидан қайтмагани ҳақида гапирган.

Ҳокимнинг сўзларидан нафақат мақсад, балки қиймати $470 миллионга баҳоланган лойиҳага оид рақамлар ва режалар ҳам ўзгармагани аён бўлган.

Расмийлар берган маълумот "Боқий Бухоро" салкам 33 гектар майдонда қурилиши, давлат идоралари бинолари бошқа жойга кўчирилиши, аҳоли ҳимоя қилиб чиққан стадион четроқда қайта қурилиши каби маълумотларни ўз ичига олган.

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати 31 январда ўтган матбуот анжумани ҳақида хабар берар экан, бу қадим шаҳарда охирги йилларда туризм билан боғлиқ барча рақамлар каррасига ортиб кетгани, шу сабаб туризм инфратузилмасини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида "Боқий Бухоро" лойиҳаси ишлаб чиқилгани, лойиҳа ташаббуси эса фаоллар, депутатлар ва туризм соҳаси вакилларидан чиққани ҳақида ёзган.

Шундан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай, танлаб олинган ҳудудда бузиш/демонтаж ишлари шиддат билан бошланиб кетган.

Бузиш жараёни тасвирланган турли видеоларга муносабатан кўплаб фаоллар уни ваҳшийликка тенглаштирган, Alerte Heritage нодавлат ташкилоти эса ҳолатни Бухоронинг бундан 104 йил аввал совет қўшинлари томонидан бомбардимон қилинишига қиёслаган.

bukhara

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Маҳаллий фаоллар бузиш ишлари кутилмаганда ва тартибсиз бошлаб юборилганига эътибор қаратган. Мамлакат расмийлари 2023 йил бошида бу лойиҳани ишлаб чиқиш камида икки йил вақт олишини таъкидлаган эди. Ўзбекистон ҳукумати "Боқий Бухоро"ни нега шошилинчда қуришга киришгани сабаблари ҳали номаълум.

Фикр билдирган мутлақ кўпчилик ўзбек амалдорларини нафақат Бухоронинг кўз ўрганган яқин тарихини йўқ қилиш, балки қадим ўтмишига ҳам таҳдид солган ҳолда ясама шаҳарча қуришга ҳаракат қилаётганликда айблаб, танқидга тутган.

"Бухоро марказида бир дунё иморатларни бузиб, ўрнига ясама тарихий шаҳарча қурмоқчи бўлаётганлар — Бухоронинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам душманлари. Албатта, бу душманлар кун тартибида ўзбекистонликларни рози қилиш, ўзбекистонликлардан розилик олиш деган масала йўқ. Камига ЮНЕСКОни ҳам рози қилишмабди. Ваҳоланки, ЮНЕСКО кўрсатган ҳурмат-эътибор (уни ўзининг Бутунжаҳон мероси рўйхатига қабул қилгани) — Бухоронинг қийматини ошириб турган нарсалардан бири", дея ёзган журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

Аммо бундай танқидлар, хавотирлар бузиш ишларини тўхтатиб қола олмаган.

"Бу лойиҳа Эски шаҳар ҳимояси учун керак"

bukhara

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Вилоят туризм соҳаси раҳбари "Боқий Бухоро" айнан Эски шаҳарни тартибсиз ва ўзбошимча меҳмонхона қурилишларидан асраб қолиш мақсадида барпо этилаётганини таъкидлайди.

Туризм соҳасида 20 йилдан зиёд тажрибага эга, ўтган йилдан буён эса Бухоро вилоят туризм бошқармасига раҳбарлик қилиб келаётган Суҳроб Бобокалановнинг таъкидлашича, маданий-этнографик парк, фаоллар хавотирлангандек, Эски шаҳарга дахл қилиш эмас, қайтанга уни ўзбошимча қурилишлардан асраб қолиш мақсадида барпо этилмоқда.

"Виза енгилликлари берилгандан буён Бухоро туристга тўлиб-тошиб кетяпти. Ўтган йилни олиб қарайдиган бўлса, тўрт миллиондан зиёд турист қабул қилдик. Бунинг уч миллионга яқини ички сайёҳлар. Бугун Эски шаҳар тор бўлиб қоляпти, турист сиғмаяпти. Ачинарлиси, 20 йил аввал гидлик қилган пайтларимни эсласам, Эски шаҳарда бирор меҳмонхонага кўзингиз тушмас эди. Бугун қайси кўчага кирманг, бирор эски хонадон кўрмайсиз. Ҳаммаси бузилиб, меҳмонхонага айлантириляпти".

bukhara

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, ЮНEСКО ҳимоясидаги қадимий маҳаллаларда, ҳақиқатан, кўплаб хусусий қурилишлар амалга оширилаётганини кўзга ташланади.

Бобокаланов, эндиликда, Ўзбекистон ҳукумати Эски шаҳарнинг ёнгинасида замонавий инфратузилмага эга туристик марказ қурган ҳолда Бухоронинг тарихий қисмига тушаётган юкни енгиллаштириш ҳамда пала-партиш қурилишларга барҳам беришни мақсад қилаётганини айтади.

Бироқ мамлакат ҳукумати ҳимоя остидаги тарихий шаҳарни нега ўзбошимча қурилишлардан асраб қололмаяпти?

"Масалан, штрафлар бор. Бунга қарши курашиляпти. Аммо одамлар бу отамдан қолган хонадон, уни бузиб, қайта қуришга ҳаққим бор, деяпти. Бунга қанчалик қарши чиқа оласиз? Бу унинг ҳақ-ҳуқуқи, бутун халққа қарши чиқиб бўлмайди", сўзлайди вилоят туризм соҳаси раҳбари.

"Одамлар уйини сотяпти, бошқалар сотиб олиб, реставрация қиляпман, деган важ билан уни меҳмонхонага айлантиряпти. Тўғри, ташқарисини эскича кўринишда қолдиряпти, лекин бизга хонадоннинг ҳақиқий руҳияти муҳим. Агар биз Эски шаҳарга туташ ҳудудда туристлар учун барча шароитларга эга марказ қурмасак, эртага бу муаммога барҳам беролмаймиз".

"Ўтмиш ва бугунни ўзида мужассам этган мўъжизалар шаҳарчаси" дея аталаётган "Боқий Бухоро" лойиҳасини расмийлар Эски шаҳарни муҳофаза қилиш ва у билан уйғунлаштириш важи орқали ҳимоя қилар экан, парк қурилиши режаланган ҳудуддаги 1960-1980 йилларда бунёд этилган яқин тарихга оид меъморий ёдгорликлардан воз кечилмоқда.

"Шубҳа йўқ - совет даври бинолари ҳам юксак даражада қурилган, улар ҳам бизнинг тарихимиз. Лекин, биласизми, бу ерда энди бозор иқтисодиёти. Бу ерда давлат пули ишлатилмаяпти, тадбиркор пул тикяпти. Агар инвестор меҳмонхона қурадиган бўлса, четроқ жойга пул тикмайди. Сабаби бугун турист Эски шаҳарни хоҳлаяпти. Шу туфайли бу марказ Эски шаҳар ёнида қуриляпти", дейди Бобокаланов.

2023 - йилнинг январида мавзуга оид ўтказилган матбуот анжуманида қурилиш вазири Ботир Зокиров туристик марказ ҳудудидаги бузиш/қуриш ишлари тўлиқ тадбиркорлар ҳисобидан бўлиши, бунга давлат бюджети маблағлари сарфланмаслиги ҳақида гапирган эди.

Аммо ҳозирги қадар "Боқий Бухоро" лойиҳасига жалб этилган инвестор(лар) номи расман ошкор этилмаган.

2023 йилда маҳаллий матбуот мазкур лойиҳа мамлакатдаги бошқа йирик лойиҳаларни амалга оширгани билан ном чиқарган машҳур ширкатга берилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.