You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Янгиликлар: Ўзбекистон, минтақага таҳдид кучайдими? Podcast O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar
- Author, Феруза Раҳмон
- Role, bbc.com/uzbek
- Ўқилиш вақти: 13 дақ
Янги саволлар ўртага чиқмоқда...
Бунга, бир томондан, Эронда шу ой бошида содир этилган ва юзга яқин одамни ўлдирган сўнгги ҳалокатли қўшалоқ портлашлар ортидан янграган иддаолар сабаб бўлган.
Бошқа тарафдан, охирги пайтларда дунёнинг қатор давлатларида ИШИД билан алоқадорликда кўрилаётган ҳужумларни амалга ошириш ва режалашда гумон қилинаётган Марказий осиёликлар сонининг ортаётгани туртки берган.
Афғонистондаги ИШИД Хуросон қаноти шунчалик кучайдими, Марказий Осиёга-чи, таҳдид қанчалик ортди?
Ўзбекистон ва Афғонистон: ИШИД энди Мирзиёев ва унинг ҳукуматига таҳдидми?
Би-би-си Ўзбек хизматининг таҳлилий подкастида батафсил танишинг:
Алоқадор мавзулар:
Нима гап?
Reuters ахборот агентлигининг ёзишича, АҚШ разведкаси Эрондаги портлашлар ортида ИШИДнинг Афғонистондаги Хуросон қаноти турганлигини тасдиқлаган.
Эрон Жосуслик вазирлиги эса, портлашларни амалга оширган икки худкуш ҳужумчидан бирининг Тожикистон фуқароси бўлиб чиққанлигини айтган.
ИШИД Афғонистонда экан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида тўлиғича байъат келтирган жангари гуруҳ бўлади ва ҳозир Афғонистондаги энг фаоли саналади.
Яқин Шарқда "деярли тор-мор этилгуни"га қадар Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи сафларида икки мингдан тўрт мингтагача Марказий Осиё фуқаролари жанг қилишгани ишонилган.
Агар, имконли бўлган сўнгги халқаро ҳисоботларга таянилса, улардан катта қисми - 1500 нафари ўзбекистонликлар ҳисобига тўғри келган.
Эрон, Покистон ва Хитойдан ташқари Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам Афғонистонга чегарадош уч Марказий Осиё давлати бўлишади.
Афғонистондан чегараоша ҳужумлар бугун бу уч минтақа давлатининг ҳам диққат-эътиборидаги хавотирга молик воқеълик, хавфсизликлари билан боғлиқ реал муаммолардан бири бўлади.
Расмий Исломободнинг кескин норозилиги манзарасида Толибоннинг Олий раҳбари яқинда Афғонистонга чегарадош яна бир минтақа давлати бўлган Покистонга қаратилгани илова ИШИД Хуросон қаноти ҳам масъулиятини ўз зиммасига олиб чиқаётган чегараоша ҳужумларни "ҳаром", деб аташгача борган, уларнинг Исломга зид эканини баён қилган.
Ҳибатулла Охундзоданинг янги буйруғи унга байъат келтирган барча жангари гуруҳларни кўзда тутиши, уларни бунга амал қилишга масъуллаши ҳам айтилган, хабар ўшанда минтақада кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган, турли таҳлил ва талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Чегараоша ҳужумлар
ИШИД Хуросон қаноти халқаро ҳарбий доираларда Толибоннинг "ашаддий рақиби" баробарида билвосита иттифоқчиси, деб ҳам кўрилади.
Толибон қудратга қайтган сўнгги икки йилдан ортиқроқ вақт ичида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам Афғонистон ичкарисидан ракета ҳужумига учраган.
Икки Марказий Осиё давлати нишонга олинган бу ҳужумларга масъулиятни ҳам айнан ИШИДнинг Афғонистондаги Хуросон қаноти ўз зиммасига олиб чиққан.
Бунақаси нафақат минтақа давлатлари мустақиллиги, балкида ИШИД жангари гуруҳи фаолияти тарихида кузатилмагани билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган, ракета ҳужумларига оид янгилик ўшанда сарлавҳаларга чиққан.
Ҳужумлар Афғонистон Толибон ҳаракати Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонни ҳам расмий Вашингтон билан 2020 йилда имзолаган битимга мувофиқ, бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан бошқа бир давлатни нишонга олишига йўл қўймаслигига қайта-қайта ишонтириб келаётган бир манзарада амалга оширилган.
Худди шу каби бир манзарада Россия Афғонистондан таҳдидни Марказий Осиёдаги ҳарбий базаларини кучайтириш, Тожикистон чегараларини янада мустаҳкамлаш, нафақат Ўзбекистон ва Туркманистон, ҳатто Қозоғистон ҳам Толибон ҳукумати билан мулоқотда бўлиш, айниқса, савдо-иқтисодий алоқаларини янада кучайтириш билан аритиш ҳаракатига тушганликлари кўрилган.
Reuters aхборот агентлигига кўра, АҚШ разведкаси Эрондаги портлашлар ортида ИШИДнинг Афғонистондаги Хуросон қаноти турганлигини тасдиқлагани ҳақида ўзларига жосуслик маълумотлари билан таниш бўлган икки манба маълум қилган.
Айтилишича, ҳассос мавзу муҳокама этилаётгани боис, ҳар икки манба ҳам аноним қолишни сўраган.
Аммо манбалардан бири разведка маълумотларининг "аниқ ва рад этиб бўлмас"лигини таъкидлаган.
Reuters нинг ёзишича, АҚШ Марказий Разведка бошқармасининг ўзи бу хусусда изоҳ беришдан бош тортган.
Оқ уй матбуот котиби Жон Кирби эса, Вашингтонда журналистларга Қўшма Штатлар ИШИДнинг даъвосига шубҳа қила олмаслигини айтган.
Эрондаги сўнгги қўшалоқ портлаш 1979 йилги Исломий инқилобдан кейинги энг қонлиси бўлган. Ҳодисада юзга яқин киши қурбон бўлган, яна юзлаби яраланган.
Ҳар икки портлашга ҳам масъулиятни Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан, улар икки худкуш ҳужумчиси томонидан амалга оширилганини даъво қилган.
ИШИД Эрон мисолида бунга ўхшаш иддаолар билан бундан аввал ҳам чиққан.
Бироқ мусулмон жангари гуруҳи Эроннинг жанубий-шарқий Кирмон шаҳридаги бу портлашлар Афғонистондаги қанотининг ишими-йўқлигига ойдинлик киритмаган.
АҚШ томонининг жосуслик маълумотлари билан таниш бўлган бу икки манбасининг даъволарига ИШИД ва унинг Хуросон қаноти муносабати ҳалича имконли эмас.
Толибон нима дейди?
Толибон ҳукумати эса, америкалик манбаларнинг ИШИДнинг Эроннинг Кирмонидаги ҳалокатли ҳужумлари Афғонистонда режалаштирилганига оид таъкидларини рад этиб чиққан.
Толибон ҳукуматининг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид Би-би-сига Афғонистонда ИШИДнинг ўз ҳужумларини режалаштирувчи маркази бор"лигига оид даъволарни ёлғон", деб ҳисоблашларини баён қилган.
У, "ИШИД Афғонистонда етарлича салоҳиятга эга эмаслиги, унинг бутунлай мағлуб этилган"ини таъкидлаган.
Толибон муваққат Ташқи ишлар вазири эса, ўтган йил дунё давлатлари, айниқса, қўшниларидан Афғонистонда "ИШИДнинг ҳозирлигига оид айбловлардан тийилишлари"ни ҳам сўраганди.
Толибон ҳукумати ИШИД Хуросон қанотининг сўнгги йилларда уюштираётган қонли ҳужумлари манзарасида уларни жиловлашга қодир эканликларини такрор ва такрор баён қилган.
Ҳар бир ҳужуми ортидан ИШИД жангариларига қарши рейдлар уюштирган, уларнинг катта сондаги аъзоларини ўлдирганликлари ва ҳибсга олганликларига оид баёнотлар билан ҳам чиққан.
ИШИД Хуросон қаноти кучайдими?
Аммо, америкалик мулозимларга кўра, Толибоннинг чора-тадбирлари ИШИД Хуросон қанотини Афғонистон ичкарисида заифлаштирган, айрим аъзоларини қўшни давлатларга ўтишга мажбурлаган, гуруҳ мамлакат ташқарисида ўз ҳужумларини режалаштиришда давом этган.
АҚШ Миллий Террорчиликка қарши кураш марказининг ўтган йилги ҳисоботида эса, "ИШИД Хуросон қанотининг четга эътибор қаратишни кучайтиришга ўтгани воқеаларнинг энг хавотирга молик ривожи" ўлароқ тилга олинган.
Эрон Жосуслик вазирлиги эса, икки худкуш ҳужумчидан бирининг Тожикистон фуқароси бўлиб чиққанлигини айтган.
Шу кунларда айрим нашрларда Кирмонда ўзини портлатган иккинчи ҳужумчининг ҳам тожикистонлик бўлиши мумкинлигига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Айни пайтда Тожикистоннинг Теҳрондаги элчихонаси Кирмондаги портлашда айбланаётган Тожикистон фуқаросининг шахсини аниқлаштириш учун Эроннинг тегишли идорасига сўров юборгани ҳам маълум бўлган.
"Азия-Плюс" нашрининг ёзишича, ўзларига бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги билдирган.
Аён бўлишича, расмий сўров терактга Тожикистон фуқаросининг алоқаси борлиги айтилиши биланоқ берилган.
Эрон Жосуслик вазирлигига кўра, тожикистонлик экани аниқланган икки ҳужумчидан биттаси Афғонистоннинг шимолий-шарқий Бадахшон вилоятида бир неча ой ИШИДнинг тайёргарлик жамлоғида машқдан ўтган.
Тожикистонга бевосита чегарадош Бадахшон ҳозир ИШИД Хуросон қаноти сафларидаги Ўзбекистон Исломий ҳаракати омон қолган собиқ аъзоларининг аксарияти яшириниб юрган вилоят экани ишонилади.
Эроннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Ҳасан Козимий Қомий эса, IRNA билан суҳбатида америкаликларни "ўзларининг шармандали муваффақиятсизликлари билан Афғонистонда ишончсизлик муҳитини яратиш, террорчилик, айниқса, ИШИДни қўллаб-қувватлашда давом этаётганлик"да айблаган.
Бошқа томондан, Афғонистон муваққат Мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид ҳам ўтган йил якунида мамлакатидаги "масжидлар, ибодатхоналар, мадрасалар ва уламолар"га қилинаётган ҳужумларга чет эл, айниқса, Тожикистон фуқаролари алоқадор эканликларини айтиб чиққан.
У ўтган йилнинг 12 ойи давомида толиблар ўнлаб тожикистонликни ўлдиришгани, яна юзлабини турли айбловлар билан ҳибсга олганликларини иддао қилган.
Аммо хабар тафсилотларидан уларнинг қай бир гуруҳ аъзолари бўлганликлари ноаён қолган.
Агар, "8субҳ" нашрига таянилса, шундай деркан, Афғонистон муваққат Мудофаа вазири айни муносабат билан ўзининг минтақа давлатларидан "қуруқлик ва ҳаво чегараларини жиддий назорат қилишни сўраганлиги"ни айтган.
Муҳаммад Ёқуб Мужоҳиднинг айни мазмундаги даъволарига ҳалича минтақа давлатларининг муносабати кўзга ташланмайди.
Шу кунларда Тожикистоннинг ўзидаги айрим хусусий етакчи нашрларда бўй кўрсатган рақамларга таянилса, ўтган бир йилнинг ўзида тожикистонликларнинг радикал гуруҳлар ёки террорчилик ҳаракатларига алоқадорлиги билан боғлиқ 10 га яқин ҳолат қайд этилган.
Шундай ҳолатнинг сўнгги иккиси эса, охирги икки ойнинг ўзига тўғри келган.
Дейлик, ўтган ой охирида ИШИД Хуросон қаноти номидан Германияда теракт уюштириш режасида бўлганлик гумони билан қўлга олинганлардан бири ҳам Тожикистон фуқароси бўлиб чиққани айтилган.
Туркиялик масъуллар эса, шу кунларда Истанбулдаги черковлардан бирига қилинган ҳужумда ҳам ИШИД билан алоқадор Россия ва Тожикистон фуқароларини гумон қилинаётганлигини билдиришган.
"Рейтер" ахборот агентлиги суҳбатлашган ғарблик айрим экспертларга кўра, Теҳрон сўнгги беш йил ичида ўзлари фош қилишга муваффақ бўлган фитналар ортида айнан ИШИДнинг Хуросон қаноти турганлигини даъво қилган.
Уларга кўра, ҳибсга олинганларнинг аксарияти ҳам гуруҳнинг Ироқ ва Суриядаги ўзаги эмас, Афғонистондаги қанотига аъзо эронликлар, марказий осиёликлар ёки афғонлар бўлиб чиқишган.
ИШИД сунний Исломнинг муросасиз талқинини қабул қилган.
Эронда ҳукмрон мазҳаб бўлган шиа динига мансуб мусулмонларни "муртадлар", деб ҳисоблайди, йиллар давомида Теҳронга таҳдид солиб келади.
Яқин Шарқ баробарида Афғонистоннинг ўзидаги шиаларга ҳам ҳужум қилади.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи, бошқа томондан, Яқин Шарқда танглик кучайган, Исроил Ҳамас билан урушаётган, худди шу уруш боис, Эрон қўлловчи Ҳизбуллоҳ билан ҳам отишаётган, Ироқ ва Суриядаги Эрон дастакловчи гуруҳлар Америка кучларини нишонга олаётган, АҚШ ва Британия кучлари эса, Қизил денгиздаги Исроил кемаларига ҳужум қилаётган Ямандаги Эрон қўллаётган Ҳусийларга зарба беришни бошлаган, Ғазо уруши бутун минтақага ёйилишига оид хавотирлар жиддий ортган бир пайтга ҳам тўғри келган.
АҚШ ўзининг ҳам, Исроилнинг ҳам Эрондаги сўнгги ҳужумларига ҳеч бир алоқаси йўқлигини айтиб чиққан.
Расмий Теҳрон эса, Эронда ҳужум уюштирган жангари гуруҳларни қўллаб-қувватлашда кўпинча айни шу икки "ашаддий рақиби"ни ҳам айблаб келгани бор гап.
Эронда яна балуж жангарилари ва этник араб бўлгинчилари ҳам зўравонликларга қўл уриб келишган.
Аммо қўшалоқ портлашлардан саноқли кунлар ўтиб, Эрон қатор чегараоша ҳужумларга қўл урган, уч қўшниси - Ироқ, Сурия ва Покистонга кетма-кет зарба берган.
Нишон эса, Исроилнинг Моссад айғоқчилари баробарида ИШИД ва ўзларига ҳужум қилиб келган Жаиш ал-Адл балуж сунний жангари гуруҳи бўлганлигини айтган.
Эрон зарба берган шимолий ғарбий Идлиб Суриянинг Яқин Шарқда жанг қилган Ўзбек жангари гуруҳлари энг сўнггида бошпана топган вилояти экани айтиб келинади.
ИШИД Хуросон қаноти
ИШИД Хуросон қаноти ҳали-ҳануз Толибон Олий раҳбарига байъат келтирмаган.
Унга Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳининг Жанубий Осиёдаги тармоғи экани айтилиб, 2015 йилда Покистонда асос солинган.
Мазкур гуруҳнинг қайта фаоллашуви Афғонистонда Толибон қудратга қайтиши ортидан кузатилган.
Сўнгги икки йилдан ортиқроқ вақт ичида Афғонистонда амалга оширилган энг қонли ҳужумларга масъулиятни айнан шу гуруҳ ўз зиммасига олган.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бирлашган штаби бошлиғи ўтган йил Афғонистонда ИШИД жангарилари сони 6500 мингга етганлигини айтган.
Анатолий Сидоров бу жангарилардан "4 мингтаси ҳозир Тожикистон билан чегаралар яқинида жойлашганлиги"ни ҳам иддао қилган.
КХШТ бирлашган штаби бошлиғи, шундай деркан, "Марказий Осиё минтақасидаги барқарорликка асосий таҳдид Афғонистонда илдиз отган турли экстремистик гуруҳлардан келиши"ни таъкидлаган.
"Энг катта хавфни эса, айнан ИШИД ва "ал-Қоида" туғдириши"ни даъво қилган.
У минтақадаги вазиятнинг беқарорлашига яна "толиблар раҳбариятининг миллий ва диний озчиликларни сиқиштириш сиёсати, бирдамликнинг йўқлиги, ички қарама-қаршиликнинг кучайиши, иқтисодий вазиятнинг издан чиқиши ва ижтимоий муаммоларнинг кучайиши каби омиллар ҳам сабаб бўлаётганлиги"ни қайд этган.
Тожикистон орадан кун ўтиб, Анатолий Сидоровнинг сўзларига ўзининг расмий муносабатини билдириб чиққан.
Мамлакат Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода ўзларининг "ҳар қандай таҳдидга тайёр эканликлари"ни баён қилган.
У, "керак бўлса, КХШТ кучлари ҳам ишга солиниши"ни илова қилган.
Анатолий Сидоров, айни ўринда, Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош жанубида вазият "мураккаб" эканлигини ҳам эътироф этган, аммо Афғонистондан Тожикистонга хавф туғилишига йўл қўймасликларини айтган, "хавф туғилган тақдирда, ташкилот кучлари 12 соат ичида жавоб қайтаришга қодир" эканликларини баён қилган.
Аммо, шунинг баробарида, у Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош жанубида вазият "мураккаб" эканлигини ҳам эътироф этган.
Ўша пайтда унинг ИШИД жангарилари Марказий Осиё чегараларига яқинлашаётганига оид даъвосига аксарият минтақа давлатлари пойтахтларининг муносабати ноаён қолганди.
Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш кераккки, Тожикистонда Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам жойлашган.
Кибер фазода жиҳодчи гуруҳлар фаолиятини кузатиб борувчи халқаро экспертлар кузатувларига таянилса, ИШИД Хуросон қаноти сўнгги йилларда ўз ҳужумлари баробарида пропагандасини ҳам кучайтирган.
Ўзбекистон президенти ва ҳозирда собиқ Ташқи ишлар вазири, президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби муовини Абдулазиз Комилов гуруҳ энг кўп тилга олаётган номлардан бирига айланган.
Расмий Вашингтон ва Толибон ўртасидаги 2019 йилги "тарихий" битим шартларига мувофиқ, АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари 2021 йил августида Афғонистонни буткул тарк этган. Афғонистонда бирор бир хорижий иттифоқ аскари қолмаган.
Яқин Шарқда "деярли тор-мор этилгуни"га қадар Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи сафларида икки мингдан тўрт мингтагача Марказий Осиё фуқаролари жанг қилишгани ишонилган.
ИШИД Хуросон қанотининг Афғонистондаги қайта фаоллашуви халқаро коалиция кучлари мазкур гуруҳнинг Яқин Шарқдаги асосини мавҳ этишганига оид баёнотларидан саноқли йиллар ўтиб кузатилмоқда.
ИШИД сафларида Сурия ва Ироқда жанг қилган ўзбек жангариларининг сўнгги тақдирлари борасидаги аниқ маълумотлар эса, ҳануз имконсизлигича қолмоқда.
2018 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти минтақавий аксилтеррор бўлинмаси ижроий қўмитаси раиси, "Сурияда омон қолган ИШИД жангариларининг 90 фоизи Афғонистонга ўтишган"ини даъво қилиб чиққан.
У, "бу жангариларнинг 80 фоизи Россия, Марказий Осиё ва Хитой фуқаролари бўлишгани, улардан 4500 нафари Афғонистон шимолига сафарбар этилишгани"ини иддао қилган.
Аммо ўшанда Жумахон Ғиёсовнинг айни мазмундаги баёноти минтақавий экспертларнинг қарама-қарши акс-садоларига сабаб бўлган, бу Кремлнинг ўз геосиёсий мақсадлари йўлидаги навбатдаги "олабўжи" сиёсати сифатида ҳам талқин этилганди.
Ўзбекистон халқаро рейтингларда Марказий Осиёнинг Қуролли кучлари энг жанговари бўлган давлати сифатида эътироф этилади.
Расмий Тошкент сўнгги йилларда Афғонистон билан чегарасида турли ҳарбий ўқув машғулотларини ҳам фаоллаштирган.
Аммо, худди шунинг баробарида, Толибон муваққат ҳукумати билан дипломатик жабҳада ҳам ўзининг саъй-ҳаракатларига зўр берган.
Толибон муваққат ҳукуматидан сўнгги сўровларидан бири эса, халқаро террорчи гуруҳлар билан алоқасини батамом узиш бўлганди.
Шундай экан, воқеаларнинг бу каби ривожи Ўзбекистон ва Марказий Осиё хавфсизлиги учун нимани англатади? ИШИД Хуросон қаноти бугун минтақага қанчалик таҳдид?
Феруза Раҳмон худди ана шундай саволлар билан Би-би-си Афғон хизмати муҳаррири Довуд Аъзамийга мурожаат қилди:
Довуд Аъзамий: ИШИДнинг Хуросон қанотида чегараоша ҳужумлар уюштириш нияти бор. Гуруҳ сўнгги икки йил ичида ўзининг бунга қодир эканини исботлашга ҳаракат қилаяпти. Дейлик, 2022 йилнинг ўрталарида Ўзбекистон ва Тожикистонни ракета ҳужумига ҳам тутган. Кирмондаги сўнгги қўшалоқ портлаш эса, ИШИДнинг Эронга қаратилган биринчи ҳужуми эмас. Сўнгги бир ярим йил ичида Эрондаги камида учта ҳужумга масъулиятни ИШИД ўзининг зиммасига олган.
ИШИД Шиалар ва Эронга қарши ўзининг ўта нафрати билан танилган. Бу нафрат, бир томондан мафкура, бошқа тарафдан, Эроннинг Ироқ ва Суриядаги ИШИД гуруҳига қарши курашдаги роли билан боғлиқ.
Эрон ИШИД учун енгилроқ нишон бўлиши мумкин, чунки Афғонистондан бу мамлакатга кириш нисбатан осон.
Иккинчидан, миллат ва тилнинг бир экани ҳам потенциал ҳужумчиларни аниқлаштиришни анчайин қийинлаштиради.
Учинчидан, Эрон Яқин Шарқдаги турли инқирозларга кўпроқ диққат қилганлиги сабабли, унинг жосуслик ва хавфсизлик идоралари ИШИД Хуросон қаноти таҳдидига камроқ эътибор берган бўлиши мумкин.
Аммо шуни ёдда тутишимиз керакки, ИШИД Хуросон қаноти Афғонистон ҳудуди билан чегараланиб қолмаган. Бу минтақавий гуруҳ, унинг сафларига Афғонистон ва қўшни давлатлар, жумладан Покистон, Тожикистон ҳамда ўзбекистонликлар ҳам киради. Бу ИШИД Хуросон қанотига Афғонистон ва қўшни ҳудудларда ҳужумлар уюштириш имконини беради. Кирмондаги ҳужум ортидан Эрон ва Афғонистондаги Толибон ҳукумати ўртасида ИШИД Хуросон қанотига қарши хавфсизлик ва разведка соҳасида ҳамкорликнинг яхшиланиши кутилмоқда.
Савол: Америкалик мулозимларга кўра, Толибоннинг таъқиблари ИШИД Хуросон қанотини Афғонистон ичкарисида заифлаштирган, баъзи аъзоларини қўшни давлатларга ўтишга мажбур қилган, аммо гуруҳ мамлакат ташқарисида ўзининг амалиётларини режалаштиришда давом этмоқда. АҚШ Миллий Аксилтеррор марказининг яқинда эълон қилинган ҳисоботида айтилишича эса, "ИШИД Хуросон қанотининг ташқарига эътибор қаратаётгани жуда ҳам хавотирли ривожланиш". Бунга нима дейсиз? Сиз бу каби фикрларга қўшиласизми?
Довуд Аъзамий: ИШИД Хуросон қаноти Афғонистонда Толибон ҳукумати босими остида ва шу боис, унга хорижда ҳужум уюштириши учун Афғонистонда қулай замин яратиш тобора қийин бўлмоқда.
Толибон ҳукумати ИШИДни ўзи учун хавфсизлик ва мафкуравий муаммо сифатида кўради ва шу боис, унга қарши ҳам мафкуравий ва ҳам ҳарбий жиҳатдан курашади.
Толибон ҳукумати гуруҳни йўқ қилиш учун кўп ресурс ташлади.
Ўтмишдан фарқли ўлароқ, ИШИД Хуросон қаноти ҳозир Афғонистонда ҳеч қандай ҳудудни назорат қилмайди. Кичик, кичик махфий уялар шаклида фаолият олиб боради ва ўзларини топиш қийин бўлган шаҳарларда яширинади.
Бошқа томондан, ИШИД Толибоннинг ҳалокатли ҳужумларидан омон қолиш, сафларига янги аъзолар ёллаш ва каттароқ минтақада ўзининг фаолиятини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. ИШИД минтақавий урушни ёқишни мақсад қилган, чунки хаос қанча кўп бўлса, бу унинг шунчалик каттароқ манфаатларига хизмат қилади.
Америка Қўшма Штатлариники илова берилаётган халқаро баҳолар ИШИД Хуросон қанотининг Афғонистонда кескин заифлашганини кўрсатади. Бу қадам минтақа ва унинг ташқарисидаги турли давлатлар томонидан ҳам юқори баҳоланди.
Бироқ ИШИД минтақавий гуруҳ ва бир қанча мамлакатларда фаолият юритади, шу боис ҳам унга қарши курашиш давлатлараро механизм ва ҳамкорликни талаб қилади. Улар ўз вақтида жосуслик маълумотларини алмашишлари ва гуруҳни янада заифлаштириш ёки ҳатто йўқ қилиш учун қўшма амалиётлар олиб боришлари керак бўлади.
Савол: Айнан Афғонистон назарда тутилганда, ИШИД Хуросон қаноти ҳозир қаердан бошпана топган, қанчалик фаол, унинг амалдаги лидери, бугунги кундаги аъзоларининг сони, жангарилик қобилияти ва молиявий аҳволи борасида нималар маълум?
Довуд Аъзамий: Толибоннинг давомий ҳужумлари сабаб, ИШИД Хуросон қаноти ўз раҳбарияти ва ташкилий тузилмасининг ҳақиқий кимлигини ошкор қилмайди.
Ҳозир Афғонистонда ҳеч бир ҳудуд гуруҳ назорати остида эмас ва юқорида ҳам таъкидлаб ўтганимдек, улар бугун кичик, кичик махфий уялар шаклида асосан шаҳар марказларида фаолият олиб боради.
Гуруҳнинг турли миллатлардан бўлган фаол аъзоларининг сони юзлаб экани ишонилади. Аммо унинг хайрихоҳлари кўп ва Афғонистон ичкарисида ҳам, унинг ташқариси - атрофидаги минтақада ҳам ўз сафларини кенгайтириш ҳаракатида.
ИШИД Хуросон қаноти сўнгги икки йил ичида ўзининг тарғибот фаолиятини ҳам бир неча баробар кучайтирган.
Гуруҳ ижтимоий тармоқлар ва умуман интернетда анчайин фаоллашган. Ўтмишдагиси билан солиштирганда, ИШИД Хуросон қаноти шу вақт оралиғида турли тилларда ўзи асос солинган пайтдан буёнгисидан кўра кўп тарғибот материаллари ишлаб чиқарган.
ИШИД ташвиқоти асосан иккита мақсадни кўзда тутади: Бир томондан, Афғонистон Толибон ҳаракатига мафкуравий жиҳатдан қарши чиқади, уларни ростмана "исломчи" эмасликда танқид қилади. Бошқа тарафдан, омон қолиш ва кенгайиш учун сафларига янги аъзолар ёлламоқчи бўлади.
Савол: Бугунги кунда ИШИД Хуросон қанотининг бошқа глобал террорчи ташкилот, тармоқ ва маҳаллий жангари гуруҳлар билан алоқалари қандай?
Довуд Аъзамий: ИШИД Хуросон қаноти четдан маълум миқдорда молия ва қўллов олади. Акс ҳолда биз Афғонистон ва Эронда гувоҳ бўлганимиз каби ҳужумларини уюштириш гуруҳ учун жуда қийин бўларди. Бундай ҳужумларни режалаштириш ва амалга ошириш учун пул, портловчи моддалар ва тажриба керак бўлади.
ИШИД жангари гуруҳининг ўзи эса, аллақачон жуда кўп муаммоларга дуч келган ва ҳозир бошида бўлгани каби турли қаноти, бўлинмаларига мунтазам равишда маблағ юбориш мавқеида эмас.
Унинг қўмондонлик ва бошқарув тизими ҳам жуда заифлашган, бу, бошқа томондан, ИШИД маҳаллий тармоқларининг амалиёт олиб боришда кўпроқ эркинликка эга эканликларини ҳам англатади.
Бироқ ИШИДга хайрихоҳ бўлган алоҳида донорлар ва минтақадаги экстремист унсурлар унинг Хуросон қанотига ҳамон молиявий ёрдам кўрсатишмоқда.
Савол: Эрондаги сўнгги қўшалоқ портлашга масъулиятни ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққани факт. Худди шу факт назарда тутилганда, Эрондаги портлашлардан сўнг минтақага, жумладан, Марказий Осиёга ИШИД, унинг Хуросон қаноти таҳдиди кучайди, дейишимиз қанчалик тўғри бўлади?
Довуд Аъзамий: Айни пайтда ИШИД Хуросон қаноти мунтазам равишда чегараоша ҳужумларини амалга ошириш учун восита ва имкониятларга эга эмас.
Аммо у шу босқичга эришиш, Афғонистон, Эрон ва бошқа давлатларда кўпроқ ва янада ҳалокатлироқ ҳужумларни амалга оширишга ҳаракат қилади.
ИШИДнинг жон сақлаб қолишига бир қанча омиллар ёрдам беради. Биринчи навбатда, минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ишонч ва мустаҳкам механизмнинг йўқлиги ИШИД манфаатига хизмат қилади. ИШИД кўпмиллатли гуруҳ бўлиб, унинг минтақадаги деярли барча мамлакатларда аъзолари ёки хайрихоҳлари бор.
Қўшни бир мамлакатда хавфсиз паноҳлари, аъзолари ёки хайрихоҳлари бор экан, бир давлатнинг уни бутунлай йўқ қилиши мумкин эмас.
Минтақада ИШИДни янада заифлаштириш ёки йўқ қилиш учун барча бу давлатларнинг самимий ҳамкорлиги тақозо қилинади. Яна ҳам миллий ва ҳам маҳаллий даражада жосуслик маълумотларини алмашишнинг мустаҳкам механизми зарур. Аммо минтақадаги турли давлатлар орасидаги ўзаро ишончсизлик сабаб, ҳозирда бу нарса йўқ.
Иккинчидан, жангариликдан бошқа давлатларга қарши ташқи сиёсат воситаси сифатида фойдаланиш минтақада узоқ тарихга эга ва бу ИШИДнинг омон қолиш ва янада гуллаб-яшнаши учун қулай замин ҳозирлаган.
Учинчидан, айрим мамлакатларнинг ички сиёсати ҳам бунинг омили ҳисобланади.
Тўртинчидан, Ғазодаги уруш каби халқаро сиёсат ҳам ИШИДнинг ўз сафларига янада кўпроқ аъзолар ёллашга қаратилган ташвиқотида муҳим роль ўйнайди.
Савол: Эрон Жосуслик вазирлигининг маълум қилишича, Кирмонда қўшалоқ портлашни содир этган худкуш ҳужумчилардан бирининг Тожикистон фуқароси экани аниқланган. Иккинчисининг ҳам тожикистонлик экани даъво қилинган хабарлар ҳам чиққан. Агар шундай бўлса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати собиқ аъзолари илова ИШИД ва ИШИД Хуросон қаноти сафларидаги Марказий осиёлик жангариларнинг бугунги тақдири, сони, кучи, имконияти ва салоҳияти борасида нималар маълум? Минтақа, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг хавотирланишларига қанчалик асос бор?
Довуд Аъзамий: Асос солинган 2014 йилдан кейин Марказий осиёликлар ИШИД сафларига қўшилган хорижий жангариларнинг энг йирик гуруҳларидан бирини ташкил этган.
Ироқ ва Сурияга кетган ўша Марказий осиёлик жангариларнинг бир қисми ўлдирилган ёки қўлга олинган бўлса-да, кўплари ҳануз озодликда ва фаол.
Улардан баъзилари ўз юртларига қайтган бўлишса, бир қанчаси Афғонистон, Покистон, Туркия ва Эрон каби бошқа давлатларда яшаб, фаолият юритмоқда.
Айни пайтда ИШИД Хуросон қаноти турли восита ва механизмлардан фойдаланган ҳолда Марказий Осиё республикаларидан ўз сафларига янги аъзолар жалб қилишда давом этаётир.
Интернет ва ижтимоий тармоқлар ИШИД учун янги аъзоларни ёллаш, илҳомлантириш ва уларга ўз ғояларини сингдиришда муҳим восита. Гуруҳ турли тилларда, жумладан, ўзбек, тожик/форс тилларида онлайн ташвиқот материалларини ишлаб чиқаради.
Шунингдек, у Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоси бўлган, кейин эса, ИШИД сафларига қўшилган одамлар орқали эски алоқалардан фойдаланади.
Одамлар билан алоқа қилиш ва янги аъзоларни жалб қилишда шахсий, оилавий, қавмий муносабатлар ва танишчилик ҳам муҳим роль ўйнайди.
Бундан ташқари, Ироқ ва Сурияга кетган Марказий осиёлик ИШИД аъзоларининг кўпчилиги ҳозир ҳам тирик, турли давлатларда фаол ва гуруҳ сафларига янги аъзолар ёллашда ёрдам бермоқда.
Ёллаш ва ташвиқот ишлари ИШИД меҳнат муҳожирларини гуруҳ сафларига қўшилишга таклиф этувчи уяларига эга бўлган Туркия каби учинчи давлатларда ҳам амалга ошади.
ИШИДнинг ташвиқоти ва ёллаш кампаниясида Марказий Осиё давлатларининг муайян сиёсати ҳам роль ўйнайди. Бундай ҳолатда шахснинг ўзи ҳукуматининг бу каби сиёсатига норозилигини билдиришнинг йўлини қидиради ёки ИШИД бундан фуқароларни уларга қарши чоралар кўришга ишонтириш воситаси сифатида фойдаланади.
Тарихан минтақа турли жангари гуруҳлар учун қулай замин бўлиб келган ва ҳали-ҳануз турли турли давлатлараро ва давлатлар ичидаги муаммолардан азият чекиб келади. Шу боис, минтақадаги ҳар қандай давлатнинг жангарилар ҳужумларидан тўлиқ дахлсиз бўлиши ниҳоятда қийин.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002