You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Екатеринбургда ўзбекистонликлар ушланган, аммо улар чўккалаган ҳолда юришга мажбурланмаган - Россия, Yangiliklar
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграция агентлиги Екатеринбургда шов-шув бўлган мигрантларни ушлаш тадбирида Ўзбекистон фуқаролари борлигини айтди. Аммо агентликка кўра, чўккалаган ҳолда, саф тортиб юришга мажбурланганлар орасида улар йўқ.
Мигрантларни ушлаш тадбиридан 1 ҳафта ўтиб, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграция агентлиги ҳолат юзасидан ахборот берди.
Хабарда айтилишича, ушбу қурилиш ишларида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари вақтинча ишлаб келган. Рейд давомида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам ушланган ва патентсиз меҳнат фаолиятини амалга оширгани сабабли суднинг қарори асосида Екатеринбург шаҳри Горнистов 15/4-уйда жойлашган Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказига жойлаштирилган.
"Ушбу юртдошларимизнинг маълум қилишича, ҳуқуқ-тартиборт органлари ходимлари қурилиш биносига кирган вақтда кўплаб меҳнат мигрантлари қочишга ҳаракат қилган ва бинонинг орқа томонидан қочётган вақтида қўлга олинган. Фуқароларнинг ҳаракатларига жавобан ҳуқуқ-тартиборт органлари ходимлари уларни ўтириб юришга мажбур қилган", дейилади хабарда.
Агентликнинг таъкидлашича, "аммо ўтириб юрганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бўлмаган".
Ташқи меҳнат миграция агентлиги ҳозирги вақтда ушбу ҳолат Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги бош консулхонаси ва Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси томонидан назоратга олингани ва ўзбекистонликларга ҳуқуқий ва бошқа шаклдаги ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилган.
Олдинроқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги чўккалаган ҳолда, саф тортиб юришга мажбурланган 9 нафар меҳнат мигрантининг 3 нафари Қирғизистон фуқароси эканлигини маълум қилганди.
23 январ - Мигрантлар чўккалатилди: Ўзбекистон кўмак сўради, Қирғизистон текширув талаб қилди - Россия
Россияда мигрантларнинг қорда чўккалаган ҳолда, саф тортиб юришга мажбурлангани борасида Ўзбекистон тарафининг муносабати эътироз уйғотди.
Екатеринбург шаҳрида қордан музлаган йўлда чўккалаган ҳолда, саф тортиб юришга мажбур қилинган мигрантлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги борасида расман текширувлар ўтказилганига оид хабар йўқ.
Ўзбекистон ТИВ сукути, омбудсманининг россиялик ҳамкасбларидан кўмак сўраб мурожаат қилиши ғазабларни келтириб чиқарган.
"Бизнинг элчихонамиз фақат ўзимизнинг мигрантларни огоҳлантиради. Россияга талаб қўйишга дух керак", деб ёзадли Россияда ишлаб келган блогер Farhod Temirtirnoq.
У Ўзбекистон раҳбариятига мурожаат қилиб, "ватандошларимизнинг инсон қадрини топтамайдиган, тахқирламайдиган мамлакатларга фуқароларимизнинг виза масалаларини соддалаштиринг", деб мурожаат қилган.
Ҳолат юзасидан зудлик билан суриштирув ўтказган ва Россиядан назорат органларидан ҳодисани ўрганишни талаб қилган Қирғизистон ТИВ эса олқишларга сабаб бўлган.
"Қирғизистон яна бизга мастер-класс ўтиб берибди", дейди ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад.
Чўккалатилган мигрантлар…
Telegram даги "Русская Община Екатеринбург" канали 17 январ куни Росиянинг бир неча ҳуқуқ тартибот органлари иштирокида шаҳардаги қурилиш майдонларининг бирида рейд ўтказгани ҳақида хабар жойлади.
Хабарга илова қилинган сурат ва видеоларда меҳнат муҳожирларининг қордан музлаган йўлда чўккалаган ҳолда, саф тортиб юришга мажбур қилингани кўринган.
Ушбу тасвирлар ўзбек ва қирзиғ тилли сайтлар ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқаб, акс-садо берди.
20 январ куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳолатга ойдинлик киритди.
Хабарда айтилишича, видеода чўккалаган ҳолда, саф тортиб юришга мажбур қилинган мигрантларнинг 3 нафари Қирғизистон фуқароси бўлган.
"Фуқароларимизнинг айтишича, текшириш тадбири давомида қўшни давлатларнинг фуқаролари қаватлар бўйлаб қочишган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчилардан яширинишга ҳаракат қилишган. Натижада полиция қочганларни ушлаш, шунингдек, текширилаётганларнинг эркин ҳаракатланмаслиги учун чоралар кўрган", дейилади расмий хабарда.
Қирғизистон Бош консуллиги Россиянинг назорат органлари бошчилигида "ҳуқуқ-тартибот органлари меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг қадр-қимматини камситувчи усуллардан фойдаланишининг қонунийлигини текшириши" учун тегишли чораларни кўраётганини билдирган.
Шунингдек, Қирғизистон ТИВ ушбу факт бўйича, жумладан, Россияда ишлаётган қирғизистонликлар бу каби ҳолатларга қайта тушиб қолмаслиги учун Россия Федерациясининг федерал идоралари даражасида иш қўзғатишини маълум қилган.
22 январ куни эса Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Россия омбудсманига мурожаат йўллаган ва кўмак сўраган.
"Омбудсман юқоридаги "Русская Община Екатеринбург" телеграм каналида эълон қилинган ҳолат бўйича ҳам Россия Федерацияси Омбудсманига мурожаат қилиб, Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат ҳуқуқлари таъминланишида кўмак сўради", дейилади хабарда.
Kun.uzнинг қайд этишича, бу хабарда ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда Ўзбекистон фуқаролари ҳам акс этгани расман тасдиқланмаган.
Риштондан ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳодирхон Элибоев мигрантлар чўккалатилган расмни Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳрига осиб ўқйиш кераклигини айтган.
"Ҳар бир шаҳарга шу расмни осиб қўйиш керак. Ишсизликка барҳам беролмаган давлат матбуотга чиқиб мақтанмаслиги учун ҳам пешанасига ёпиштириш керак. Гапларим қайсидир амалдорга ёқмаса, давлатдан чиқиб кетиши мумкин. Хўрланаётган ватандошни кўриб ҳам чора кўролмаётган экан, курсини бўшатишниям билиши керак", дейди ҳуқуқбон.
Facebookда изоҳ қолдирган Илхом Бобожанов кўмак сўралганидан таажжубга тушган.
"Меҳнат ҳуқуқлари бўйича кўмак сўралибдими шунда. Россиянинг Мигрант ҳуқуқларини тартиб қоидалари бўйича сўрамабдими Омбудсман. Нега ташқи ишлар вазирлиги жим? Уят. ТИВ нота юбориши керак эди", дейди у.
"Биз яқин йилларда 40 миллион бўладиган давлатмиз, аммо бизнинг сиёсий ҳаракатларимиз афсуски давлат даражасида деб айтиш жуда қийин. Ҳудуди кичик, аҳолиси кам давлатлар ҳам анча дадил сиёсий ҳаракат қилишади. Бизнинг Россия билан эҳтиёткор сиёсатимизнинг сабаблари аввало онгимиз билан боғлиқ бўлса керак, деб ўйлайман. Биз кўп нарса қилишимиз шартмас фақат қонуний ҳаққимизни талаб қилсак бўлди", дейди Mirshod Ali.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002