You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россиялик сиёсатчи: "Жиддий айтаяпман, Ўзбекистонни қўшиб олиш фикрида собитман" - Россия элчиси Ўзбекистон ТИВга таклиф этилди Янгиликлар, Urush
Россиялик сиёсатчи Захар Прилепин Киевда ғалаба парадини ўтказгандан сўнг Ўзбекистон каби собиқ Совет ўлкаларини Россияга қўшиб олиш ва шу ернинг ўзида рус тилини ўргатиш ҳақида гапирди. Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилиниб, эътироз билдирилди.
Россия Миллий гвардияси базаси таркибида ташкил қилинган "Оплот" (Таянч) полки қўмондон ўринбосари Захар Прилепин 20 декабр куни қўл остидаги ҳарбийлар билан учрашувда мигрантлар мавзусига ҳам алоҳида тўхталган.
"Мигрантлар мавзуси, эҳтимолий можаролар кўп муҳокамаларга сабаб бўляпти. Жавоб оддий кўпроқ бола туғинг, янги эркакларни туғинг. Руслар қанчалик кўп бўлса, ўзини ноқобил тутадиган келгиндилар билан камроқ муаммо бўлади. Аслида мен бизга гастарбайтерлар келаётган минтақалаларни бутунлай қўшиб олиш ва ўша ернинг ўзида рус тилини ўргатиш фикрида собитман. Бу ерда эмас, масалан, Ўзбекистонда ўқитиш", деган у.
Прилепиннинг бу сўзлари ўтирганлар томонидан қарсаклар билан кутиб олинган.
"Жиддий айтаяпман, ҳазиллашмаяпман, алдамаяпман. Бундан кейин ҳам Совет Иттифоқининг тарқатилишига оид ҳужжатларни ноқонуний деб топиш мавзусини кўтаришда давом этамиз. Бу бизга исталган вақтда "сизнинг 2 миллион фуқаронгизнинг бизнинг ерларда бўлгани учун, сизнинг ерингизга даъвогармиз, чунки кўпчилик одамингиз шу ерда ва бунга овоз беришди дейишга асос бўлади. Бошқача шакллари ҳам ўйлаб топилиши мумкин. Киевда парад ўтказганимиздан кейин Евросиё минтақасида фойдали нарса қилишимизни ким тақиқлайди? Ҳеч ким", дейди Захар Прилепин.
Россиялик ёзувчи ва "Справедливая Россия" партияси ҳамраиси Захар Прилепин Россияда Z ғояси тарғиботчиларидан бири сифатида билинади.
Украинада Россия урушининг ашаддий тарафдори бўлган Прилепинга шу йилнинг 6 май куни Нижегородда суиқасд уюштирилганди.
Машинасининг портлаши натижасида ёзувчи жароҳат олган, ҳайдовчиси ҳалок бўлган.
Август ойида у Путин томонидан Россия Миллий гвардияси базаси таркибида ташкил қилинган "Оплот" (Таянч) полки қўмондон ўринбосари этиб тайинланган.
Прилепиннинг гаплари ўзбек тиллий ижтимоий тармоқларда кенг акс садо берди.
"@alisherQodir Агар муносабат билдирмасанглар бераётган солиқимга розимасман. Биз халқни солиқи дан ойлик оляпсизлар, бола боқяпсизлар, хаққингизни халолланг!" , деб ёзади Dilshod Ikrom Ўзбекистон "Миллий тикланиш" партияси раисини тег қилиб.
Акмал исмли Х фойланувчиси ушбу чиқиш Ўзбекистон конституцион тузумига гажоввуз эканлигини ва расмий Тошкент бунга қарши нота юбориши лозимлигини урғулаган.
Фаол Обиджон Латипов "фурсатдан фойдаланиб", Россиянинг АЭС лойиҳасини тўхтатиш "энг муносиб жавоб" бўлишини таъкидлади.
Олий Мажлис собиқ депутати Расул Кушербаев Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий нота юбориши кераклигини айтган.
"Афсуски Россия сиёсатчилари томонидан бу каби баёнотлар берилиши кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаймаяпти. Бу эса хавотирли. Иккинчидан, ўзбекистонликлар бошқа мақсад йўлида бирлашмаса-да, мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиш йўлида бирлаша оладилар. Расмий Кремл мамлакат ва халқлар ўртасида уруш ва адоватни қўзғаётган бу каби шовинистларга нисбатан қонуний чоралар кўриши керак. Акс ҳолда Ўзбекистонни босиб олиш бу кўпчилик томонидан Кремлнинг келажакдаги стратегик режаси сифатида қабул қилинади", дейди Расул Кушербаев.
"Ўзбекистон Россия телеканаллари трансляциясини зудлик билан тўхтатиши лозим!", дейди журналист Улуғбек Ашуров.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёноти
Прилепиннинг айтганлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Малгиновни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига таклиф этилди.
Қуйида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотини ўзгартиришларсиз, тўлиқ келтирамиз:
2023-йил 21-декабрь куни Ташқи ишлар вазирлигига Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси О.Малгинов таклиф этилди. Учрашув давомида Россия вакилига "Россия сегодня" матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда "Справедливая Россия - за правду" партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди.
Россия Федерацияси каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди.
Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқларимиз ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ўз навбатида, О.Малгинов тўлиқ масъулият билан З.Прилепиннинг баёнотлари Россия Федерацияси раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади.
Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги вакили сифатида Элчи "Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган"лигини билдирди.
О.Малгинов, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини қайд этди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002