Болаларни ўлдирган сироп ва товон пули: Индонезияда ота-оналар курашяпти, Ўзбекистонда-чи? Янгиликлар

Индонезия суди йўтал сиропидан ўлган болаларнинг ота-оналари бир гуруҳ бўлиб ҳукуматни ва дори компанияларини судга беришлари мумкин дея ҳукм чиқарди.

Ўтган йили тўрт яшар қизчасидан айрилган Нур Осиё исмли она ва яна 24 нафар қурбоннинг оилалари Индонезия ҳукумати ва саккизта фармацевтика компанияларига қарши судга арз қилганлар.

2022 йилдан бери бу мамлакатда 200дан ошиқ болалар ўткир буйрак касалликлари билан нобуд бўлишган.

Индонезия заҳарланган йўтал сиропидан жабр чеккан ягона давлат эмас. Ўзбекистон ва Гамбияда ҳам 100дан ошиқ ўлим ҳолатлари қайд этилган.

Индонезияда тергов ҳали ҳам давом этяпти, аммо расмийлар бошқа давлатлардаги ҳолатларга боғлиқлик ҳақида маълумот беришмади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистон ва Индонезияда ишлаб чиқарилган олтита йўтал суюқ дорисига қарши огоҳлантиришларни чоп этган.

"Мен боламга берган суюқлик заҳар эканини билмаганман", - деди Нур Осиё суд ишидан аввал Би-би-си журналистига.

Унинг қизи Нася ўтган йил ҳарорати ошганида шифокорлар йўтал сиропини ичишни тайинлаган. Суюқликни ичиш ортидан қизча оғирлашган ва уч ҳафта ўтиб касалхонада жон берган.

Суд иши ҳар бир нобуд бўлган бола учун 195 000 долларлик товон пули ва ҳар бир жароҳатланган бола учун 130 000 долларлик товон пулини талаб қиляпти. Адвокатнинг айтишича, бошқа қурбонларнинг оилалари ҳам арздорлар рўйхатига қўшилишлари мумкин.

"Товон пул қанча бўлмасин, у менга боламни қайтариб бермайди", - деди Нур Осиё.

Би-Би-сининг Индонезия хизмати судга тортилаётган саккизта компания билан боғланишга уринди, аммо ҳозирча уларнинг ҳаммаси ҳам жавоб бермади.

"Масъулият фақат фармацевтика саноатига юкланиши нотўғри", деди ўз жавобида энг кўп заҳарли сироп ҳолатларига масъул "PT Ali Farma" компаниясининг адвокати. Унинг айтишича, ҳукумат ҳам жавобгар бўлиши керак.

Судга тортилаётган яна бир компания - "PT Universal Pharmaceutical Industries"нинг айтишича, у сиропларни ишлаб чиқаришда Индонезиянинг озиқ-овқат ва дори идораси тасдиқлаган тизимни 30 йилдирки қўллаб келган ва таркибий қисмларни ҳам шу идора тасдиқлаган етказиб берувчилардан олган.

"Тўғриси, фармацевтика компанияларининг ўзлари ҳам жабрдийда. Улар ҳом ашёни етказиб берувчилардан жабр кўрган", деди компания адвокати.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги воизи вазирлик товон дастури устида ишлаётганини билдирди.

"Бу ҳолатларни тезда аниқлаш, бошқа давлатлар ва ЖССТ билан маълумот алмашиш, заҳарли моддаларга қарши антидотларни ишлатиш йўлида қўлимиздан келганини қилдик", деди вазирлик сўзчиси.

Индонезия ҳукумати аниқлашича, маҳаллий кимё компаниялари саноатда қўлланилувчи эритгич моддалар - этиленгликол ва диэтиленгликолни сиропга қўшганлар, чунки фармацевтика соҳасида ишлатиладиган эритгичлар бўйича глобал танқислик юзага келган.

Бу икки моддадан одатда кондиционерлар ва музлатгичлар учун ишлатиладиган антифриз мосламаларида қўлланилади.

Ўзбекистонда "Док-1 Макс" сиропидан йигирмадан ортиқ бола нобуд бўлгани аниқланган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова 19 январда матбуотга гапира туриб, товон пули ҳақида фикр билдирганди.

«Болаларда исботланса, кейин компенсация тўланади. Ҳозир ҳар бир бола тўғрисида текширувлар олиб бориляпти», - деган у. Аммо, шундан бери тергов қандай давом этгани ёки қурбонлар ота-оналари қандай ҳуқуқий механизмларни ишга солганлари бўйича маълумот берилмади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002