Ўзбекистон-Россия. Янгиликлар: Гоҳ дори, гоҳ ис гази, Ўзбекистонда болалар ўлими ортаяпти. Россияда транс-мигрантлар фоҳишахонасини ким фош қилди? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

  • Жўқорғи Кенгес раиси судда нима деди?
  • Дори, ис гази… болалар ўлими кўпаймоқда
  • Янги йилдан мигрантлар ҳужжатларида нималар ўзгарди?
  • Россияда мигрант трансгендер фоҳишалар ушланди

Алоқадор мавзулар:

Жўқорғи Кенгес раиси суддан нимани сўради?

Бухорода Нукус воқеалари бўйича жиноят иши бўйича суд жараёни давом этмоқда.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабарига кўра, 6 январ куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев кўрсатма берган.

"Судланувчилар қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймон эканликларини билдириб, кечирим сўрадилар ва ҳурматли Президентимизга етказишни илтимос қилдилар", дейилади Матбуот хизматининг Телеграмдаги расмий канали ахборотида.

Шунингдек, "Аманбай Оринбаев судланувчилар ким бўлишидан қатъи назар Ўзбекистон фуқаролари, Қорақалпоғистон азаматлари эканлигини, уларнинг илтимосларини албатта етказишини маълум қилиб, суд ҳайъатидан судланувчиларга қонун доирасида енгиллик беришни сўради", деб ёзади расмий канал.

Эслатиб ўтамиз, Нукус воқеалари ишида жами 171 киши айбланмоқда.

Айбланувчилар орасида журналистлар Даулетмурат Тажимуратов ва Лолагул Каллихонова, блогерлар, ишсизлар ва тадбиркорлар бор.

Бош прокуратура ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Нукусда намойишчиларга нисбатан қурол ва махсус воситалар қўллангани, фуқароларнинг ўлими ҳолатлари алоҳида текширилаётганини маълум қилган.

Бармоқ изили "прописка"

2023 йил 1 январдан Россия миграция қонунчилигида чет эл фуқаролари учун бир қатор ўзгаришлар кучга кирди.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг 2022 йил 21 декабрдаги расмий буйруғига кўра, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россияда яшаш жойи бўйича миграция рўйхатидан ўтиш ва ҳисобга олиш тартибига ўзгартиришлар киритилди.

Мигрантларни рўйхатга олиш хужжати талабларига "дактилоскопия" банди қўшилди.

Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар учун "Migrant.mobi" порталининг ёзишича, 2023 йил 1 январдан бошлаб чет эл фуқаросини рўйхатга олиш шакллари янгиланади. Ҳужжатга дактилоскопия, яъни бармоқ изи маълумотлари киритилган.

Шунингдек, жорий йилнинг январидан бошлаб, Россияга ишлаш мақсадида келган меҳнат муҳожирларининг ҳужжатлари "Мои документы" ("Менинг ҳужжатларим") Давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтилади.

Эслатиб ўтамиз, расмий рақамларга кўра Россияда 2 млн га яқин ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида.

Болалар ўлими кўпаймоқда

Наманган вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати 8 ёшли боланинг вафоти ҳақида хабар берди.

"Ўзингиз ва фарзандларингизни ис газидан заҳарланишдан эҳтиёт қилинг", огоҳлантирди вилоят ФВБ.

Хабарга кўра, Чуст туманида 3 ва 8 ёшли бола соғлиғи ёмонлашгани сабабли шифохонага ётқизилган. Улардан бири вафот этган. Вилоят ФВБ боланинг ўлимига ис гази сабаб бўлиши эҳтимолини берган.

"Ўлим сабаби аниқланмоқда. Якуний хулоса суд мед тиббий экспертизасидан сўнг берилади. Ҳозирда содир бўлган ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда", қўшимча қилади ФВБ.

Шунингдек, аҳолини ис газидан эҳтиёт бўлишга чақиради.

"Ҳурматли фуқаролар хонадонингизни иситиш мақсадида газ, электр, кўмир, ўтин ва бошқа ёқилғилардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинг", — дейилади хабарда.

ИИВ маълумотига кўра, ўтган йили Ўзбекистонда 150 га яқин киши ис газидан вафот этган, улар орасида болалар ҳам бор.

Дорининг яна бир гўдак қурбони

Наманганда "Док-1 Макс" сиропи истеъмоли оқибатида 3 ёшли бола вафот этгани маълум қилинган.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулходи Иминов ушбу ҳолат бўйича УзА нашрига изоҳ берган.

Унда беморнинг 2022 йил 15 декабрь куни туман тиббиёт бирлашмасига олиб келингани ва 21 декабрь куни вафот этгани айтилган.

"Бутун Республика бўйлаб "Док-1 Макс" дори воситасининг салбий таъсири бўйича муаммолар келиб чиқиши бошлаганидан кейин сўраб ўрганилганда, вафот этган бемор онасининг сўзидан бу бемор ҳам уй шароитида шифокор кўрсатмасисиз "Док-1 Макс" препаратини қабул қилганлиги аниқланган", - дейилади хабарда.

Мигрант трансгендерлар фоҳишахонаси

Москвада ҳуқуқ-тартибот идоралари трансгендер хорижликлар жинсий алоқа хизмати кўрсатган фоҳишахона фаолиятини тўхтатди. "Газета.ру" нашрининг хабарига кўра, трансгендерлар Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари бўлишган.

Нашр ўз манбасига таяниб, фоҳишахонадаги мигрант трансгендерлар ҳақида у ернинг мижозларидан бири полицияга хабар қилганини ёзган. Унга кўра, мижоз "хизмат" сифатидан норози бўлган.

Мазкур хабарда ёзилишича, воқеа жойига етиб келган пойтахт ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари эканлиги аниқланган бир неча 20-22 ёшли трансгендер аёлларни қўлга олган.

Хорижликларга нисбатан "Фоҳишалик ташкил этиш" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek