Янгиликлар: Мирзиёев 19 нафар бола ўлимидан сўнг фармацевтика раҳбарини ишдан олди O'zbekiston

Президент Шавкат Мирзиёев "Док-1 Макс" дорисини ичиш оқибатида болалар ўлимига олиб келган вазиятни кескин танқид қилди ва масъул шахсни ишдан олди. Олдинроқ Ўзбекистондаги айрим фаоллар вазиятга Президент эътибор қаратиши кераклигини айтишганди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, Президент соғлиқни сақлаш соҳасига тўхталган ва болалар ўлимига олиб борган вазиятни кескин танқид қилган.

"Самарқанд ва Қашқадарёдаги болалар ўлими соҳада ишлар аҳволини, назорат йўқлигини кўрсатди. Бугун Фармацевтика агентлиги раҳбари Кариевни ишдан олдим. Бунга йўл қўйган мутасаддиларнинг ҳаммаси қонун олдида жавоб беради!", - деган Президент.

Олдинроқ Би-би-си Ўзбекистондаги айрим фаоллар вазиятга Президент муносабат билдириш кераклигини айтаётгани ҳақида ёзганди.

Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган "Док-1 Макс" сиропини ичиш оқибатида вафот этган болаларнинг сони 19 нафарга етган.

19 нафар мурғак гўдакларнинг нобуд бўлиши айни фожеага президент Мирзиёев ҳам муносабат билдириши ва дори-дармон бизнеси тубдан ислоҳ қилишини кераклиги ҳақида чақириқларни кўпайтирганди.

Таниқли журналист Дилмурод Саййид болалар ўлими масаласида президентнинг муносабатини кутаётгани ҳақида ёзган.

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ҳам президентга мурожаат қилар экан, "Эллик икки ўғлонимиз нон топиш илинжида ўрис юртига иш излаб кетаётиб, худди бугунгидек қишнинг қаттиқ кунлари Қозоғистон даштларида автобус-мавтобуси билан ёниб кул бўлганида мардларча: "Бу палокат менинг айбим!" деган эдингиз! Энди нимага индамаяпсиз?! Бир нарса деб қўйинг ҳеч йўқ!" деб ёзган ўзининг Facebook даги сафиҳасида.

(Ҳиндистон дори-дармон ширкати (Marion Biotech) айни сироп ишлаб чиқаришни тўхтатди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу дори 19 боланинг ўлимига сабаб бўлди, деб баёнот бериши ортидан Ҳиндистон ҳукуматининг тегишли идоралари текширув бошлашган.)

Олдинроқ Би-би-сининг ҳукуматдаги манбаси 19 боланинг ўлимига сабабчи бўлган Док-1 Макс дориси заҳарли эканлиги ҳақида хабар берган шифокор ишдан олинганини тасдиқлаганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ушбу дори ҳақида юқорига хабар берган шифокор Маматқул Азизовни ишдан олган.

Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов нима сабабдан ишдан олингани маълум эмас.

Айнан Азизов имзо чекиб юқорига хабар берган ҳисоботдан сўнг биргина Самарқандда йўталдан даволаниш учун Док-1 Макс сиропини ичган 15 нафар бола вафот этгани маълум бўлганди.

15 декабрга оид хатда сўнгги икки ойдан бери марказга келаётган болаларда буйрак билан муаммолар кўпроқ учрай бошлагани ва бу ҳолатга Док-1 Макс препарати сабаб бўлаётгани ҳақида сўз боради.

"Бемор болаларда, асосан, анурия кузатилган. Булардан 17 тасида касаллик ниҳоятда оғир кечди. Ҳатто, бир нечта гемодиализ сеансларини ҳам ўтказишга тўғри келди. 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилди", дея ташвиш билдирилган марказ бош врачи Маматқул Азизов имзолаган хатда.

Ижтимоий тармоқлар "қаҳрамони"

Айни пайтда Маматқул Азизов ўз хати ортидан ишдан олиниши уни ижтимоий тармоқларда қаҳрамонга айлантирган.

Блогер Фаррух Самарқандий Facebook саҳифасида - "Док-1 макс Quramax заҳарини халққа ошкор қилган одам шу одам экан. Бу одам мен учун қаҳрамон. Агар шу одам шу сирни фош қилмаганида эди, балки минглаб чақалоқлар ўлиб кетарди яна. Қолган шифокорлар ҳам кўп сирларни билади, аммо қорин ғами, мол давлат ғами уларда анча устун бўлса керакки, айта олмайди", деб ёзган.

Таниқли журналист Шаҳноза Соатова ўзининг Facebook даги саҳифасида шифокорларнинг ишдан олинишини "ёмон мужда" , деб таърифлайди.

"Бунинг ижтимоий оқибатлари яхши бўлмайди. Ҳозир шу хабарни ўқиган нечта бош шифокор "яхшиям мен ёзмовдим шу хатни, тўғри қилган эканман" деяётганикин? Шундоқ ҳам адолатдан гапирадиганлар оз, шундоқ ҳам ўзбекларда "оч қорним - тинч қулоғим" деб яшаш кучайган, одамларнинг жамият муаммоларига бефарқлиги, бошқаларга нисбатан адолатсизлик ва жиноятларга тоқатлилиги кучайиб кетяпти. Кейинги сафар, Оллоҳ асрасин, 18 рақами 180 га чиқиб даҳшатли воқвеалар юз бермагунча юқори қуйидан бехабар ўтираверади ғафлатда қолиб, агар шундай давом этса. ССВ тезроқ масалага ойдинлик киритиши керак, хабар жуда фаол тарқаляпти. Бу бутун жамоатчиликка, унинг саломатлиги ва эртанги кунига тааллуқли масала. Бошдан-охиригача очиқлик бўлиши керак (албатта, тергов-суриштирув ишларига халақит бермайдиган даражада)."

Аввалига 15, кейинчалик 19 нафар мурғак гўдакларнинг нобуд бўлиши айни фожеага президент Мирзиёев ҳам муносабат билдириши ва дори-дармон бизнеси тубдан ислоҳ қилишини кераклиги ҳақида чақириқларни кўпайтирган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.