Янгиликлар: Ўзбекистон истаётган янги қонун қўрқув уйғотмоқда, Кушербаевни кетишга нималар мажбур қилаяпти? Самарқандда болалар ўлимида ким айбдор?

  • Самарқандда болалар ўлими ва дори текшируви
  • Расул Кушербоевнинг сўзини ким кесди?
  • Янги қонун лойиҳаси халқаро доирада ҳам қўрқув уйғотмоқда.
  • Афғонистонга юборилган юк машиналарида нималар бор эди?

Болалар ўлими ва дорининг тақиқланиши

Самарқандда 2 ой ичида 15 нафар бола "Док-1 Макс" дорилари асорати сабаб вафот этгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари М.Қ. Азизовнинг вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовга йўллаган расмий хати тарқалди.

Хатда ёзилишича, охирги ойларда аҳоли, айниқса болалар орасида нафас йўллари вируси касалликлари кўпайган.

Бундай беморларни даволаш жараёнида шифокорлар ёки оналарнинг ўзи Док-1МАКС препарати жуда кўп қўлланилмоқда.

Алоқадор мавзулар:

"Док-1МАКС препарати қўлланганда жуда кўп ҳолатларда ножўя таъсири оқибатида бизга мурожаат қилмоқда. Асосан болаларда буйрак зарарланиши ва етишмовчилиги белгилари билан намоён бўлмоқда", - деб ёзилган марказ бош врачи М. Азизов хатида.

Бош шифокорнинг маълум қилишича, охирги 2 ойда 21 нафар бемор шу дори воситасини қабул қилгандан сўнг ножўя таъсири билан мурожаат қилган.

"Бемор болаларда асосан анурия кузатилган. Булардан 17 тасида касаллик ниҳоятда оғир кечди. Ҳатто бир неча гемодиализ сеансларини ўтказишга ҳам тўғри келди. 15 нафар ўлим ҳолати кузатилди", — хатда хабар қилади бош шифокор.

Мазкур хат ва болаларнинг ўлими билан боғлиқ хабар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиши ортидан Соғлиқликни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ахборот берди.

Унда "Док-1 Макс" таблетка ва сироп дори воситалари билан боғлиқ вазият ўрганилаётгани билдирилган.

"Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ушбу вазиятни дарҳол назоратга олди. Беморлар аҳволини ўрганиш ва ҳолат сабабларини аниқлаш мақсадида тезкор мутахассислар гуруҳи тузилди", дейилади ахборотда.

Хабарга кўра, Самарқанддаги дорихоналардан харид қилинган Ҳиндистонинг Marion Biotech Pvt. Ltd компаниясига тегишли "Док-1 Макс" таблетка ва лимон ва асал таъмли сироп дори воситалари ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилмоқда. Лаборатория таҳлиллари якунлангач, унинг натижалари ҳақида эълон қилинади.

"Ушбу дори воситаларининг юртимиздаги савдоси 2022 йил 22 декабрдан вақтинча тўхтатилди ва бу ҳақда "Quramax Medical" МЧЖ томонидан реализация қилинган ташкилотларга хабар юборилди", дея маълум қилади ССВ Матбуот хизмати.

Айни мазмундаги хабарларга ширкат ўзининг расмий муносабати ҳозирча маълум эмас.

Янги қонун хавотирлари

Ўзбекистондаги янги қонун лойиҳаси халқаро доирада ҳам қўрқув уйғотмоқда.

"Хьюман Райтс Вотч" (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистондаги янги қонун лойиҳаси сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлигига таҳдид солишидан хавотир билдирди.

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан томонидан ишлаб чиқилган Ахборот кодекси 2022 йил 14 декабрда эълон қилинган ва 29 декабргача жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

HRWнинг ўрганишича, мазкур лойиҳа ахборотни тартибга солувчи саккизта қонунни, жумладан, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги, ахборотдан фойдаланиш ва болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни бирлаштириш ва кодлаштиришга қаратилган, бироқ зарарли янги қоидаларни ҳам киритади.

"Қабул қилиниши сўз эркинлигини, жумладан, оммавий ахборот воситалари эркинлигини бузадиган Ахборот кодекси лойиҳасини АОКА қайтариб олиши керак", деди HRW.

Ташкилот вакилларига кўра, Қонун лойиҳаси тергов ва суд жараёнларида эълон қилинган маълумотларни, шунингдек, "ҳақорат қилувчи" ёки "жамият, давлат, давлат рамзларига ҳурматсизлик кўрсатадиган" маълумотларни, жумладан, беҳаё сўзларни тартибга солувчи ва чекловчи қоидаларни ўз ичига олади. Бундай қоидалар журналистлар ва блоггерларни тўхтатувчи таъсир кўрсатади.

Қонун, шунингдек, бир жинсли муносабатларни "рағбатлантириш"га қарши камситувчи қоидаларни ҳам ўз ичига олади, бу жинсий озчилик вакиллари дуч келадиган стигма ва дискриминацияни янада кучайтиради ва уларни олиб ташлаш керак, деган фикрда HRW вакиллари.

"Ўзбекистон қонунчилари сўз эркинлиги ва камситилмаслик тамойилига жиддий таъсир кўрсатишини ўйламай туриб, бу қонун лойиҳасини кўриб чиқишга шошмасликлари керак. Ўзбекистон қонунчилари уни кўриб чиқишдан олдин унинг халқаро инсон ҳуқуқлари қонунларига тўлиқ мос келишига ишонч ҳосил қилишлари керак", - HRWнинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси дейди Миҳра Риттманн.

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қонун лойиҳасини қўшимча тузатишлар киритиш учун қайтариб олиши ҳамда лойиҳани кўриб чиқиш ва эксперт хулосасини бериш учун мустақил ОАВ ва ахборот ҳуқуқи экспертларини таклиф қилиши керак, деди HRW.

Депутатни ким гапиртирмаяпти?

Расул Кушербаев депутатлик фаолиятини якунламоқчилигини маълум қилди. Депутатга кўра, у бунга мажбур бўлмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Telegram даги расмий каналида ўз мандатини топширмоқчи эканини билдирган.

"Депутатлик фаолиятимни якунлашга қарор қилдим. Бундай ишлай олмас эканман. Бунга мажбур бўлганимдан афсусдаман.

Ишонч билдирган, қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат! Розинг бўлинглар! Насиб қилса қолганини вақт кўрсатади. Аллоҳ мададкор бўлсин!" - деб ёзган Расул Кушербаев.

Депутат бундай қарорга келиши сабабларидан бирини Twitter даги саҳифасида очиқлаган. Кушербаевнинг сўзига кўра, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов унга бюджет лойиҳаси муҳокамаларида очиқчасига сўз бермаган.

"Бу сафарги бюджет муҳокамаларида иштирок этмадим. Катта ҳажмдаги лойиҳани ўқишга ҳам етарли вақт берилмади. 1-ўқишда ялпи мажлисда сўз сўрасам, "замспикер" Улуғбек Иноятов очиқчасига сўз бермади. Сўнг мажлисдан чиқиб кетдим ва кирмадим.

Депутатларнинг оғзини ёпадиган "замлар"нинг боридан йўғи яхши", - деб ёзади Кушербаев.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Ўзбекистонда очиқсўз ва халқчил депутат сифатида танилган.

Ўзбекистон Афғонистонга қандай ёрдам юборди?

Ўзбекистондан Афғонистонга йўл олган 9 та юк машинаси манзилига етиб борди.

Ўзбекистоннинг афғон халқига энг бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда кийим-кечаклардан иборат жами 170 тонналик навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юклари ортилган автомашиналар карвони Ҳайратон чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилояти шимолидаги Калдор туманига етказилди.

Ҳайратон шаҳрида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ва Сурхондарё вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация аъзоларини Ҳайратон шаҳрида Балх вилояти губернатори, провинциянинг бошқа бошқарув идоралари вакиллари кутиб олишди.

48 тонна ун, 30 тонна шакар, 48 тонна буғдой, 15 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг дона консерваланган гўшт маҳсулотлари , 22 тонна макарон, 1000 жуфт эркаклар ва болалар уст кийими, 1000 жуфт болалар, эркаклар ва аёллар оёқ кийимидан ташкил топган беғараз ёрдам Балх вилояти бошқарув идоралари вакилларига топширилди.

"Қўшни биродар ўзбек халқи Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, аҳолисининг мушкулини осон қилишдек хайрли ишларда бош бўлаётганидан биз афғон халқи жуда ҳам миннатдормиз.

Бугун Ўзбекистон ҳукумати минтақадаги муаммолар ечими ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўз ташаббус ва амалий ҳаракатларини олиб бормоқда. Биргина "Мозори Шариф - Кобул - Пешовар" темир йўли қурилишини оладиган бўлсак, бу лойиҳа нафақат учта давлат қолаверса Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиётида жуда катта аҳамият касб этади. Мана бундай беғараз кўмак халқларимизни жипслаштириб ўзаро борди-келди муносабатларимизни янада мустаҳкамлайди. Бундан эса албатта афғон халқ манфаатдор. Яна бир бор самимий ташаккуримни изҳор этаман", — деди Балх вилояти губернатори Мулло Муҳаммад Довуд Музаммил.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek