You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон Россияни урушда қўллаяптими? Қиш келмай, газ чекланди. Еганингиз қалбаки маҳсулот эмасми? Саида Мирзиёевани ким хафа қилди? Янгиликлар
Ўзбекистон Россияга ракета компонентларини сотиш билан санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашаётгани айтилди. Газ муаммоси яна бошланди. Ўзбекистонда маҳсулотларнинг 85 фоизи қалбаки экани аниқланди. Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга мажбурлаш яна кун тартибига чиқди.
Куннинг муҳим хабарлари тафсилоти.
- Ўзбекистон Россияга ракета компонентлари етказиб бераяптими?
- Газ «заправкалари» фаолияти чеклови - муаммо ҳамон долзарб
- Еб-ичаётган нарсаларингиз қалбаки эмасми?
- Вазирликнинг ўқитувчилар воқеасига муносабати
- Ўқитувчилар ҳимоясига бу гал Саида Мирзиёева чиқди.
«Ракета компотентларини сотиш билан ёрдам»
Россия Украинага қарши курашда нафақат Эрондан, балки Хитой ва Шимолий Кореяга ҳам ёрдам сўрагани айтилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қозоғистон унга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бергани даъво қилинмоқда. Бу ҳақда Украина ОАВлари Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси вакили Вадим Скибицкий сўзларига таяниб ёзди. Скибицкий бу иддаони Италиянинг энг йирик газетаси La Repubblicaга берган интервьюсида келтирган.
Алоқадор мавзулар:
- «Россия Хитой ва Шимолий Кореяга, эҳтимол Қирғизистонга қурол-яроғ, хусусан, «Смерч» ва «Ураган» реактив тизимлари учун тўплар етказиб бериш учун мурожаат қилган. Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар борки, ракеталарни яратиш учун зарур бўлган Америка ва Япония фуқаролик компонентларини сотиш орқали Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермоқда» - дейди Вадим Скибицкий.
Украина Мудофаа вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Россия ҳарбий парадларда намойиш этадиган ўта замонавий қуролларга эга эмас. Скибицкийнинг сўзларига кўра, бу шунчаки саҳналаштирилган кўриниш. Москванинг ўзи юқори технологияли қуролларни ишлаб чиқара олмайди, шунинг учун у бошқа мамлакатларга мурожаат қилади.
Қозоғистон саноат ва инфраструктурани ривожлаштириш вазирлиги Tengrinews.kz нашрига ушбу хабарни рад этган.
"Ракета ишлаб чиқаришда ишлатиладиган Америка ва Япониянинг қисмларини Россияга сотиш хабари ҳақиқатга тўғри келмайди", деган вазирлик.
Вазирлик Қозоғистон ҳукумати шу йилнинг 23 август куни ҳарбий мақсадларда ишлатиладиган маҳсулотларни экспорт ва қайта экспорт қилишни тақиқлашга қарор қилганини эслатиб ўтган.
10 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Украинанинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Дорошенко билан учрашув бўлиб ўтган.
Ташқи ишлар вазирлиги элчи билан учрашувда Ўзбекистоннинг Россияга ёрдам бераётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз эканлигини билдирган.
"Элчига Украина мудофаа вазирлиги вакилининг амалдаги санкция чекловларини четлаб ўтиб, икки мақсадли маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида ОАВда тарқалган асоссиз баёноти муносабати билан жиддий хавотир билдирилди", дейилади расмий хабарда.
Газ-чироқ ўзбекнинг доимий ташвишими?
Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш шахобчалари фаолияти вақтинча чекланади. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» матбуот хизмати маълум қилди.
Ташкилот ушбу чекловни «об-ҳавонинг совуқлашуви шароитида аҳоли, истеъмолчилар ҳамда ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек, стратегик аҳамиятга молик корхоналарни табиий газ билан барқарор ва узлуксиз таъминлаш» мақсади билан изоҳлаган.
«Республикада табиий газ истеъмоли ортиши муносабати билан 2022 йил 9 ноябрдан эътиборан барча АГТКШ Ўзбекистон Республикаси Энергети вазирлиги ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан тасдиқланган жадвалга асосан махсус иш тартибига ўтказилади», - дейилади хабарда.
«Ўзтрансгаз» мазкур чекловнинг айнан қанча муддатга белгиланганини билдирмаган. Жорий этилаётган чоралар вақтинчалик экани ва муносиб шарт-шароит пайдо бўлиши билан барча АГТКШларнинг одатдаги иш тартибига қайтиши таъкидланган.
Ўзбекистонда электр ва табиий газ тақчиллиги неча йилларки, айниқса куз-қиш мавсумида долзарблашади. Аҳолининг қишлоқларда яшайдиган катта қисмида ҳар мавсум танқислашган газ ва чеклаб берилаётган электрдан шикояти ва норозилиги ортади. Шу боис, совуқ тушмасдан Ўзбекистон вазиятни юмшатишнинг турли чораларини кўра бошлайди.
Айнан электр ва газ тақчиллиги ортидан йил бошида Қозоғистонда аҳолининг йирик норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди.
Еяётганингиз сифатли маҳсулотми?
Ўзбекистонда аҳолини сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш мақсадида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мониторинг кузатуви ўтказган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева маълум қилган.
- «Республика бўйлаб олиб борилган жами 64 та мониторинг кузатувлари натижасида 54 та ҳолатда, яъни 85 фоизида маҳсулотнинг қалбаки намуналари сотилаётгани маълум бўлди», - дейилади агентлик ҳисоботида.
Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларнинг яроқлилик муддати ва сифат даражаси ўрганилгани маълум қилинган.
«Маҳсулотларни маркировкалаш қоидаларига мослигини таҳлил қилиш мақсадида, республика миқёсида жами 726 номдаги маҳсулотлар булар - колбаса, сосиска, сут маҳсулотлари, музқаймоқ ва қадоқланган нон маҳсулотлари ва бошқалар ўрганилди. Натижада, 365 номдаги маҳсулотда, яъни 50 фоиз ҳолатда камчиликлар аниқланди», - дейди агентлик ахборот хизмати раҳбари.
Агентлик камчиликлар аниқланган ҳолатларда сотувчиларга инсон саломатлиги учун зарар етказиши мумкин бўлган сифатсиз ва қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилмаслик юзасидан тушунтириш берилганини маълум қилган.
Ўқитувчилар уйма-уй юрибдими?
Ижтимоий тармоқда мактаб ўқитувчилари томонидан ҳудуддаги хонадонларда яшовчи мактаб ёшидаги болалар ҳақида маълумотлар йиғилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мазкур вазиятга муносабат билдирди.
«Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва таълим муассасаларга ҳеч қандай алоҳида топшириқлар берилмаганлигини маълум қиламиз», дейилади баёнотда.
Шунингдек, вазирлик ҳукумат қарорига кўра мактаб раҳбарияти ўз мактабига бириктирилган микроҳудудда яшаётган ва келгусида мактабга келиши мумкин бўлган болалар тўғрисидаги маълумотга эга бўлиши кераклигини билдирган.
«Бу жараён бугунги кунда электрон тизим орқали амалга оширилиб, бунинг учун мактаб педагоглари уйма-уй юриши зарурияти йўқ. Сўнгги 2 йилдан буён Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари электрон шаклда (онлайн) амалга оширилмоқда», - дейилади вазирлик баёнотида.
Вазирлик мактаб ўқитувчиларининг маълумотлар йиғишаётгани ҳақидаги маълумотни бошқа ташкилотларнинг «иши» эканига ишора қилган.
«Жойлардаги айрим раҳбарларнинг «ташаббуси» билан микроҳудуд бўйича маълумотларни йиғиш жараёнига педагог-ходимларни жалб қилиш ва уларни фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилиш эса мутлақо тақиқланганлигини эслатиб ўтамиз», — дейилади вазирлик муносабатида.
"Бу энди ортиқча"
«Ўқитувчиларни худди йигирма йил олдинги каби яна хонадонларни айланиб чиқишга ва ўқувчилар рўйхатини тузишга мажбур қилишаётгани ҳақида эшитиб, жуда хафа бўлдим», юқоридаги вазиятга муносабат билдирди Саида Мирзиёева
Фейсбукдаги расмий саҳифасида ўқитувчиларга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш ўта зарур деб ҳисоблаши ва мутасаддилардан уларнинг зиммасига кераксиз ва ноқонуний вазифалар юклашни бас қилишларини сўраган Мирзиёева «Ўқитувчиларни ортиқча ишларга мажбур қилиш нафақат мактабга, балки Ўзбекистон келажагига ҳам зарар етказади» дея таъкидлаган.
Ўзбекистонда ўқитувчи ва шифокорларни жамоат ишларига жалб қилиш, мажбурий меҳнатларда қўлланилиши сўнгги йилларда камайгани кузатилганди.
Саида Мирзиёева «Таълим йўналишида шундоқ ҳам муаммолар ғиж-ғиж бўлиб турганида, устига-устак ўқитувчилар гарданига яна қандайдир қўшимча вазифалар юклаш — бу энди ортиқча», деб ёзади.
«Биз ўқитувчиларга текин хизматкор ходим сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт», - дейди Саида Мирзиёева.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek