You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Путиннинг рекорд имзоси: Россия мигрантларга пенсия тўлаши, пионернинг қайтиши ва хорижий агентлар Rossiya Dunyo Yangiliklar (видео)
Путин бир кунда 100 дан ортиқ қонунларни имзолади. Иқтисодиётда махсус чоралар, "хорижий агентлар", давлатга хиёнат, тожикистонлик мигрантларга нафақа - ва яна нималар ҳақида?
Россия Президенти Владимир Путин бир кунда 100 дан ортиқ қонунни имзолади, бу 2014 йилдан бери рекорддир.
Путин имзолаган ҳужжатлар орасида Россияда ишлаган Тожикистон фуқароларига нафақа тўланиши ҳақидаги қонун ҳам бор.
Би-би-си Россия президенти сўнгги ойларда имзолаган қонунларнинг энг муҳимлари ва улар нималарни ўзгартириши ҳақида қисқача тўхталади.
Россияда ишлаган тожикистонликларга пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун
Россия Президенти Владимир Путин Тожикистон билан пенсия таъминоти соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади. Ҳужжат ҳуқуқий ахборотнинг расмий порталида эълон қилинган.
Шартнома 2021 йил 15 сентабр куни Душанбе шаҳрида имзоланган бўлиб, у мутаносиблик тамойилига асосланади ва томонларнинг ўз ҳудудида олинган пенсия ҳуқуқларини суғурта қопламасини таъминлаш бўйича молиявий жавобгарлигини тақсимлашни назарда тутади.
Ҳужжат Россия Федерацияси ва Тожикистон фуқароларига, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига тегишли. Шартнома предмети суғурта пенсияларининг барча турлари ҳисобланади.
Хориж таъсири остидаги шахслар фаолиятини назорат қилиш тўғрисидаги қонун
Бу "хорижий агентлар" тўғрисидаги янги қонун бўлиб, у "хорижий таъсир остида" бўлган ҳар қандай шахсни шундай деб эълон қилиш имконини беради.
Энди реестрга кириш учун чет элдан маблағ олиш шарт бўлмайди.
Реестрнинг ўзи мавжуд бўлган тўрттасини бирлаштириб битта қилиб қўяди.
Иқтисодиётда армияни таъминлаш бўйича махсус чора-тадбирлар тўғрисидаги қонун
Ҳокимиятга Россиядан ташқарида "терроризмга қарши ва бошқа операцияларни" қўллаб-қувватлаш учун "алоҳида ишлаб чиқариш объектлари" га иқтисодий чоралар кўриш ҳуқуқини беради. Улар орасида - корхоналарни "иш соатидан ташқари" (кечалари, дам олиш кунлари, байрамларда) ишга жалб қилиш ҳуқуқи, давлат мудофаа буюртмаси бўйича шартномаларни бажаришни рад этишни тақиқлаш, шунингдек, Мудофаа вазирлиги, Федерал хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Россия гвардияси аллақачон тузилган шартномалар шартларини ўзгартириш ҳуқуқига эга.
Аслида, бу иқтисодни расмий равишда ҳарбий асосга ўтказишга биринчи уриниш - лекин "тақиқланган" луғатдан фойдаланмаган ҳолда.
Украинадаги урушда қатнашган фуқароларга фахрий мақомини бериш тўғрисидаги қонун
Бу Украинадаги "махсус операция"да қатнашган Россия Қуролли Кучларининг таъмирлаш бригадалари ишчилари, шифокорлар, харбий мухбирлар ва фуқаролик ходимларига жанговар фахрийлар мақомини олиш имконини беради. Бу мақомни олишлари учун уларга бир кунлик хизмат сафари кифоя қилади.
Украинадан қайтган "фуқаролик фахрийлари" санаторийларга йўлланма олишда ва боғдорчилик учун ер участкаларини сотиб олишда имтиёзларга эга бўлишлари мумкин. Шунингдек, уларга шаҳар телефонини ўрнатиш ҳам осонроқ бўлади.
Давлатга хиёнат учун жазони кучайтириш тўғрисидаги қонун
РФ Жиноят кодексига 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва миллионлаб жарималарни назарда тутувчи бир нечта ўзгартиришлар киритади.
Давлатга хиёнат "қуролли тўқнашувда душман томонига ўтиш" ва "Россия Федерацияси манфаатларига зид бўлган мақсадларда чет эл ҳудудида қуролли можароларда қатнашиш" ва жосуслик - маълумотларни узатиш, тўплаш ёки сақлаш "душманга ўтиш учун" деб ҳисобланади.
Душман нафақат давлат, балки Россияга қарши турадиган ҳар қандай хорижий ёки халқаро ташкилот ҳам ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, хавф гуруҳига IT операторлари, фуқаролик фаоллари, блоггерлар ва олимлар кириши мумкин.
Чет элда Россия оммавий ахборот воситаларига нисбатан камситишларга қарши чоралар тўғрисидаги қонун
Бош прокуратурага (ТИВ билан келишилган ҳолда) Россия оммавий ахборот воситаларининг хориждаги фаолиятига қўйилган чекловларга "жавоб" сифатида Россияда исталган хорижий оммавий ахборот воситаларини тақиқлаш ҳуқуқини беради. Роскомнадзор "сохта маълумотларнинг тарқалиши" мунтазам давом этган тақдирда ОАВ фаолиятини суддан ташқари тартибда ҳам тўхтатиб қўйиши мумкин бўлади.
Пионерлик ҳақида янги қонун
Россияда бутун мамлакат бўйлаб 18 миллион болаларни ўз ичига олувчи янги "болалар ва ёшлар ҳаракати" ташкил этилади (ташаббус муаллифлари унга қўшилиш ихтиёрий бўлишини таъкидлашмоқда). Ҳаракат аъзолари "вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда иштирок этади".
Пионер ташкилотининг 100 йиллиги кунида ташкил этилиши таклиф қилинган ҳаракатнинг якуний номи ҳали тасдиқланмаган. Тавсия этилган номлардан бири - "Катта танаффус".
Пенсия жамғармаси ва Ижтимоий суғурта жамғармасини бирлаштириш тўғрисидаги қонун
Ижтимоий жамғарма деб номланадиган қўшма тузилма 2023 йил 1 январдан иш бошлаши керак. Шу билан бирга ўтиш даври икки йил давом этиши мумкин. Жамғарма фаолияти доирасида давлат ижтимоий нафақаларни марказлашган ҳолда бошқариши учун ижтимоий соҳадаги барча мавжуд тизимларни бирлаштирган ягона рақамли платформа яратиш режалаштирилган. Харажатларни оптималлаштиришдан тушган маблағ пенсия ва нафақалар миқдорини оширишга йўналтирилиши режалаштирилган.
Шундай қилиб, 14 июл куни Путин жами 128 та ҳужжат имзолади.
Россия президенти томонидан тасдиқланган қонунчиликка киритилган тузатишларда барча ҳокимият органларини ижтимоий тармоқларда саҳифалар яратишини тайинлаш; олти квадрат метрдан кам кўчмас мулк улушларини бўлиш тақиқланади; гўнгга эгалик ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, боғ ва боғ участкаларида товуқ ва қуёнларни кўпайтиришга рухсат бериш; минтақавий ҳокимиятларга уй ҳайвонларини ўзи мустақил юришини тақиқлашга рухсат бериш кабилар ҳам бор.
2014 йил июл ойида Владимир Путин 92 та қонунни имзолаган эди. Июлнинг икки куни ичида эса - 146 қонун.
Ва яна мигрантларга пенсия ҳақида:
Аввалроқ, Путин МДҲ фуқароларининг пенсия ҳуқуқлари ҳақидаги келишувни бекор қилганди.
Бир ой олдин Президент Владимир Путин МДҲ давлатлари фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги битимни денонсация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаган ва бу ҳақда ҳужжат ҳуқуқий ахборотнинг расмий интернет-порталида эълон қилинганди.
Янги қонун 1992 йилги келишувни бекор қилади, унга кўра турли МДҲ давлатларида иш тажрибасига эга бўлган нафақахўрлар Россия Пенсия жамғармасидан пенсия олишлари мумкин эди.
Келишувдан чиқиш бўйича тегишли қонун лойиҳаси Меҳнат вазирлиги ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган.
Ундаги тушунтириш хатида айтилишича, Россияга МДҲдан кўп муҳожирлар келаяпти, уларга пенсия тўлаш харажатлари ҳам ошиб бормоқда. Шу билан бирга СССРда энг кам иш стажига эга бўлмаган ёки энг кам иш стажига эга бўлмаган, мамлакат иқтисодиёти ва ривожланишига ҳисса қўшмаган мамлакат фуқаролар ҳам шартномага мувофиқ келиб қолиши мумкин.
Келгусида Россия ҳукумати икки икки томонлама янги шартномалар имзолашни режалаштирмоқда. Унда пенсионерга қаерда нафақага лойиқ бўлса, ўша давлат пенсия тўлаши кўзда тутилади, дейилганди қонун изоҳида.
Ҳозирда амалдаги қонунчиликка кўра, Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг катта қисми бу мамлакатдан нафақа олиш имкониятига эга эмас. Ўзбекистонда пенсия олишлари учун эса, Ўзбекистон Пенсия жамғармасига маълум миқдорда ойлик тўлов қилиб боришлари лозим бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek