You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қорақалпоғистон воқеалари: Ким Ўзбекистонни қўллаб-қувватлади, ким йўқ? Янгиликлар O'zbekiston Qoraqalpog'iston
Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги қўшнилари, Хитой ва Туркия Қорақалпоғистондаги қонли ҳодисалар борасида расмий Тошкентни дастакладилар. Европа Иттифоқи мустақил текширув ўтказишга чақирди, Халқаро Амнистия эса корақалпоқ намойишчиларга қарши "ноқонуний куч қўллашни тўхтатинг", деб Ўзбекистонга чақириқ билан чиқди.
Қорақалпоғистон: Норозилик асл сабаби нима ва Мирзиёев ақлли иш тутдими?
Туркия
Туркия Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштиришга оид чора-тадбирларини қўллаб-қувватлайди.4 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушоғлу билан телефон орқали суҳбатлашган."Суҳбат аввалида М.Чавушўғли Ўзбекистон томонидан Қорақалпоғистон Республикасида тинчлик, хавфсизлик ва жамоат осойишталигини таъминлаш, ушбу ҳудуднинг барқарор ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилган қатъий чора-тадбирларни Туркия қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди", дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.
Қозоғистон
4 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев телефон мулоқотида Қорақалпоғистондаги вазиятни ҳам муҳокама этганлар.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати баёнотида айтилишича, "Қозоғистон президенти давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистонда қонунга зид ҳатти-ҳаракатларга чек қўйиш, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади".
Олдинроқ, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги ҳодисалар бўйича баёнот тарқаттб, "биз Ўзбекистон раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган қарорларини олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз", деган.
Россия
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков, Қорақалпоғистон ҳодисалари Ўзбекистоннинг ички иши, деди.
"Ўзбекистон — бизнинг иттифоқчимиз, дўст мамлакат, бизнинг жуда муҳим шеригимиз. Ўзбекистонда юз бераётган ҳамма воқеалар бу мамлакатнинг ўзининг ички иши. Ва биз республика раҳбариятининг фаол ишлаши натижасида мавжуд ҳамма муаммолар изига тушишига шубҳам қилмаймиз", деган Дмитрий Песков.
Россия матбуоти Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Қорақалпоғистондаги вазият назорат остида эканига ишониши, Ўзбекистонда "провокацияга йўл қўймаслик учун кучлар етарли" экани ҳақидаги иқтибосни келтирдилар.
Европа Иттифоқи
Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан Президент Мирзиёев телефон орқали мулоқот қилганлар, сўзлашувда "Қорақалпоғистондаги вазиятнинг баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилгани" хабар қилинди.
Европа Иттифоқининг расмий веб-сайтида иттифоқ Қорақалпоғистондаги зўравон ҳодисаларни очиқ ва мустақил текширишга чақириқ билан чиқди.
"Биз қурбонлар ва инсонлар ўлимидан жуда афсусдамиз ва ҳодисалар ривожланишини диққат билан кузатиб бораяпмиз", дейилади ЕИ дипломатик хизмати.
"Биз барча томонларни зўравонликларни янада авж олиши олдини мақсадида ўз амалларида босиқ бўлишга чақирамиз", дейилади Европа Иттифоқининг Қорақалпоғистон воқеалари бўйича тарқатган баёнотида.
Халқаро Амнистия
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро Амнистия ташкилоти "Қорақалпоғистон протестчиларига қарши ноқонуний куч қўллашни тўхтатинг!" деган баёнот билан чиқди.
"Биз дам олиш кунлари ижтимоий тармоқларда кўрган шақатсиз яраланган намойишчилар ва кўчаларда қонга ўхшаб кўринган тасвирлардан ларзага тушдик. Расмийлар зудлик билан Нукусда нима рўй берганини ошкор этишлари керак, протестчиларга қарши куч қўлланиши борасида холис, мустақил ва синчков тергов ўтказишга буйруқ беришлари, жавобгарларни адолатли судлар қаршисида ҳозир бўлишларини таъминлашлари лозим".
"Биз Ўзбекистон расмийларининг танқидчи овозларни ўчириш ва яқинда эълон қилинган фавқулодда вазият билан ахборот йўлини тўсишдек ўзларининг одатий тактикаларини яна қайта тирилтираётганларидан хавотирдамиз. Нукусда интернет ва мобил коммуникацияни ўчириш дам олиш кунлари нималар рўй берганидан дунёни хабардор этишдан тўсади", деб айтган Amnesty International нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мэри Струсерс.
"Биз расмийларга нисбатан танқидий бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларни олдик ва улар қийноқ ва ноинсоний муомалага тутилиш таҳдиди остидалар. Ахборот тўсилгани ушбу хабарларни мустақил текширишни имконсиз қилган", дейилади халқаро ташкилот баёнотида.
Алоқадор мазвулар:
- Қодиров Нукус тартибсизликлари иштирокчилари жазоланиши шарт демоқда ва ҳалок бўлганлар кимлар?
- Кремль Қорақалпоқ воқеаларига нима деди?
- Нукус: Қурбонлар ва яраланганлар сони очиқланди, Қорақалпоғистон мақоми ўзгармайди
- Ўзбекистон Конституциясини ўзгартириш таклифи айрим қорақалпоқларни ташвишга солмоқдами? O'zbekiston, yangilik
Тожикистон
Ўша куни Тожикистон президенти веб-сайти Президент Имомали Раҳмон ва Президент Шавкат Мирзиёев телефонда суҳбатлашганлари ҳақида хабар тарқатди.
"Тожикистон Президенти Ўзбекистон раҳбариятининг Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятни барқарорлаштиришдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини изҳор этди", дейилади Тожик президенти веб-сайтида.
Қирғизистон
4 июль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефонлашган.
Расмий баёнотда хабар қилинишича, "Президент Садир Жапаров Қорақалпоғистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишларга чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари томонидан кўрилган қатъий чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлади. Бошқа давлатнинг ички ишларига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди".
Хитой
Шу куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди.
"Ўзбекистонни дўстона қўшни ва кенг қамровли шерик деб биладиган Хитой Ўзбек ҳукуматининг миллий барқарорликни таъминлаш йўлидаги амалларини қўллаб-қувватлайди ва Президент Шавкат Мирзиёев етакчилигидаги раҳбарият хотиржамлик ва бирдамликни таъминлай олишига ишонади", деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Чжао Лицзянь.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek