Ўзбекистон: Мирзиёев Қорақалпоғистон ҳақида гапирди ва ҳоким Андижон полкаси видеоролиги учун Spark совға қилди – янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

  • Президент ўз нутқида Қорақалпоғистонни тилга олди;
  • Ҳоким Абдураҳмонов Андижон полкаси видеоролиги учун Spark совға қилди;
  • Нақд валюта муаммоси йўқ - Марказий банк;
  • Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлади;

Мирзиёев Қорақалпоғистон ҳақида

Қорақалпоғистон аҳолисининг бир қисмида юзага келган норозилик кайфияти давом этаётган бир вақтда президент Шавкат Мирзиёев ушбу республикада амалга оширилган ижобий ишлар ҳақида гапирган.

"Икки эл бир бўлганмиз, меҳримиз меҳримизга қўшилган, қону қариндошмиз. Орол денгизи муаммоси бўйича БМТнинг иккита резолюцияси қабул қилинди. Аввал вилоятлар Қорақалпоғистоннинг кўчаларини ҳам, Нукусни ҳам билмасди, ҳозир бир халқ бўлиб ҳаракат қиляпмиз, Қорақалпоғистон ёшлари катта натижаларга эришмоқда.

Қорақалпоғистонни ривожлантириш стратегияси қабул қилганмиз, ҳар бир овулини ривожлантириш учун алоҳида маблағ ажратганмиз", деган Мирзиёев 30 июнь куни Ёшлар кунига бағишланган нутқида.

Бироқ давлат раҳбари айрим қорақалпоғистонликларда кузатилаётган норозилик кайфиятини тилга олмаган.

Шу кунларда Ўзбекистон Конституцияга киритилиши таклиф этилган айрим ўзгаришлар Қорақалпоғистон аҳолисининг маълум қисми танқидига учрамоқда.

Алоқадор мазвулар:

Хусусан, бир қанча қорақалпоғистонликлар ижтимоий тармоқ орқали янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасидан Қорақалпоғистон суверен мақоми ва республика аҳолисининг умумхалқ референдуми асосида Ўзбекистондан ажралиб чиқиш ҳуқуқи олиб ташланганидан ўз норозилигини билдиришда давом этмоқда.

"Танти қорақалпоқ халқини юрагимдан эъзозлайман. Ғурур билан айтаманки, мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман, деб яна бир марта такрорламоқчиман", таъкидлаган Мирзиёев 30 июнь куни.

Андижон полкаси келтирган Spark

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Андижон полкаси ҳақида олинган видеоролик учун Spark машинаси совға қилди, дея хабар бермоқда Daryo нашри.

Маълум қилинишича, Spark келтирган видеоролик муаллифи қизиқчи Ғайрат Аҳмедов бўлган.

Аҳмедов Андижон полкаси рақсининг тарғиботи ва оммалашуви учун ўтказилган флешмоб тадбирида ўз видеоролиги билан қатнашиб, ҳоким совғасини қўлга киритган.

Апрель ойининг охирида ҳоким Шуҳрат Абдураҳмонов Андижон полкаси яратилганининг 100 йиллиги ва "Андижон полкаси" халқ ансамбли тузилганининг 65 йиллигини нишонлаш бўйича топшириқ берган эди.

Топшириқда вилоятдаги барча давлат идоралари бутун жамоаси билан ҳар куни Андижон полкаси рақсига тушишни одат тусига киритиши лозимлиги белгилаб қўйилгани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.

"Нақд валюта билан муаммо йўқ"

Марказий банк тижорат банкларида нақд хорижий валюта танқислиги юзага келаётгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирган.

Маълум қилинишича, республикадаги "барча тижорат банклари нақд хорижий валюта билан таъминланган".

Шунингдек, Марказий банк тижорат банкларида валюта сотиш ва сотиб олиш ҳамда хориждан пул ўтказмалари узлуксиз ишлаётганини ҳам қўшимча қилган.

Афғонистон конференцияси

25-26 июль кунлари Тошкент шаҳрида 20 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилот делегациялари иштирокида Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади.

Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилган.

"Тадбирнинг асосий мақсади Афғонистонда барқарорлик, хавфсизлик, урушдан кейинги тикланишга кўмаклашиш, кўп миллатли афғон халқи ва бутун дунё манфаатлари йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига интеграциялашуви масалалари бўйича жаҳон ҳамжамиятининг ёндашувларига доир комплекс чора-тадбирлар ва таклифларни ишлаб чиқишдан иборатдир", дейилади хабарда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek