Қозоғистонда ёнган автобусларда ўзбекистонликлар ҳам бор - Yangiliklar, O‘zbekiston

авария

Сурат манбаси, Turan press

Сурат тагсўзи, Ёниб кетган 2 автобусда жами 90 йўловчи бўлган.

Қозоғистонда йирик автоҳалокат: 1 киши қурбон бўлган, 11 киши шифохонага олиб боришган, 14 та автомашина шикастланган. Автоҳалокатда 31 нафар ўзбекистонлик йўловчилари бўлган автобус ҳам ёнган.

Қозоғистон маҳаллий нашрларининг ёзишича, Олмаота-Тошкент автомобиль йўлинида юк машинаси 2 та автобус билан тўқнашиб кетган. Натижада 2 автобусларда ёнғин чиққан. Автобусларда жами 90 нафар йўловчи бўлган.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати Жамбул вилоятида юз берган ЙТҲ сабаб ёнған автобусларнинг бирида 31 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлганлигини маълум қилди.

Маҳаллий нашрларда ёзилишича, тўқимачилик маҳсулотлари ортилган юк машинасининг ёниши сабаб йўлда тирбандлик юзага келган. Соат 03:40 атрофида юк машинаси 2 та йўловчи ташиш автобуси ва 1 та енгил автомобиль билан тўқнашув содир этган. Тўқнашув оқибатида автотранспорт воситаларида ёнғин келиб чиққан.

ФВВ маълумотига кўра, автобусларнинг бирида 31 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган ва улардан 3 нафари ўрта даражада тан жароҳати билан Тараз шаҳар тиббиёт масканига олиб борилган. Ҳозирда фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

- Ҳолат юзасидан Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан маълумот алмашинуви давом этмоқда, - деб ёзади ФВВ ахборот хизмати.

Жорий йилнинг май ойида ҳам Қозоғистонда ўзбекистонлик йўловчилар бўлган автобус ЙТҲга учраганди. Олмаота-Тошкент автомобиль йўлида содир бўлган автоҳалокатда 2 киши воқеа жойида ҳалок бўлган, 33 киши шифохонага ётқизилганди.

автобус

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Актўбе фожеасида 52 нафар ўзбекистонлик автобусда тириклай ёниб кетганди.

Қозоғистон ҳудудида ўзбекистонликлар билан боғлиқ автоҳалокатлар пандемия даврига қадар мунтазам қайд этилиб турарди. Уларнинг энг фожеалиси 2018 йилда Актўбе вилоятида содир бўлган. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияга йўл олган автобусда 52 нафар ўзбекистонлик ёниб кетганди.

Қозоғистон расмийлари автобуснинг ёниб кетиши бахтсиз ҳодиса бўлганини айтишган.

Коронавирус пандемияси ортидан йўлларнинг бекилиши Ўзбекистондан Россияга Қозоғистон орқали ишлашга кетиш ҳолларини кескин қисқартирди. Бунинг ортидан ўзбекистонлик муҳожирлар иштирокидаги автоҳалокатлар сони камайгани кузатилганди.

Таҳлилчилар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Россияга ташувчи автобуслар сифатини шубҳа остига оладилар. Россияга ишлашга кетаётган ўзбекистонликлар самолетга чипталар нархи юқорилиги боис, йўл пули нисбатан бир неча баробар арзон бўлган автомашиналарга йўлга чиқишга мажбур қолишади.

автобус 2

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев Ақтўбеда Россияга ишлаш учун кетаётган 52 ўзбекистонликнинг автобусда ёниб, ҳалок бўлишига давлат раҳбарларини айблаган эди.

Ўзбекистон ва Россия орасида қатновчи автобусларнинг йўлга қўйилиши расмийлар томонидан Актўбе фожеасидан сўнг бир неча бор янграган, аммо ҳанузгача ҳал этилгани йўқ.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ақтўбеда Россияга ишлаш учун кетаётган 52 ўзбекистонликнинг автобусда ёниб, ҳалок бўлишига давлат раҳбарларини айблаган эди.

Президент Мирзиёев одамларнинг ўзга юртларда сарсон бўлишида давлат раҳбарияти камчиликларни ўз вақтида бартараф қилмаганини сабаб қилиб келтирганди.

elegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.