Видео: Диққат Украина: Бедарак йўқолган ўзбекистонликлар тақдири нима бўлди? Уруш ва тинчлик

Ўқилиш вақти: 1 дақ

Россия Украинага бостириб кириши Ўзбекистонга ҳам таъсирини ўтказмай қолмади. Украинага ишлаш учун кетиб, уруш бошлангач бедарак йўқолган 9 нафар ўзбекистонлик тақдири кўпчиликнинг эътиборига тушди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Киев вилоятининг Буча туманидаги Колоншина қишлоғида база қоровули 9 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исми ва қайси мамлакатдан эканини сўрагани акс этган видео пайдо бўлган эди. Уларнинг ҳаммаси Сурхондарё вилоятидан эканини маълум қилишган.

Буча ўтган ой Россия қўшинлари чекиниши ортидан оддий аҳолининг жасадлари топилган ва уруш жиноятлари бўлгани гумон қилинаётган жой.

Ўзбекистонликлар акс этган видео тарқалганидан бери улар ҳақида умуман маълумот йўқ. "Диққат Украина" дастуримизнинг навбатдаги сонида уларнинг тақдирига ойдинлик киритишга уриндик.

Украина жануби, хусусан Қора денгиз атрофидаги ҳудудлар Россия учун стратегик аҳамиятга эга.

Бугун Украина армияси хабар қилишича, украин қўшинлари Миколаив ва Херсон вилоятлари чегарасидаги баъзи қишлоқларини Россия армияси назоратидан чиқариб олишга муваффақ бўлишган.

Миколаивга қилинган сўнгги ҳужумда беш киши жароҳат олган. Шаҳар ва вилоятдаги қишлоқлар мунтазам ўққа тутиляпти. Украинадаги BBC News мухбири Абдужалил Абдурасулов шу кунларда у ерда бўлиб қайтди.

Дастурда Абдужалилдан сўнгги тафсилотларни сўрадик.

Дастур бошловчиси Ибрат Сафо.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek