Украинадаги ўзбекистонликлар эвакуация қилинади. Жабрланганлар орасида ўзбеклар борми? Ўзбек зиёлиларининг мурожаати Кремлга етиб борадими? Rossiya Ukraina dunyo yangiliklar

  • Польша ўзбекистонликларга визасиз ўтишга рухсат берган;
  • Ўзбек зиёлилар урушни тўхтатинг, дея Россияга мурожаат қилди;
  • Жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган;
  • «Uzbekistan Airways» йўловчилардан тўғри тушунишни сўради.

Алоқадор мавзулар:

Польша орқали қайтиш

Ўзбекистон Украинада бўлиб турган фуқароларини Польша орқали эвакуация қилади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Юсуп Қобилжонов Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонасининг бу ҳақдаги баёнотини эълон қилди.

Хабарда маълум қилинишича, Польшанинг тегишли идоралари Ўзбекистон фуқароларига Польша давлат чегарасини визасиз кесиб ўтиши учун розилик берган.

ТИВ эвакуация учун Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳужжатлар ва мурожаат учун телефон рақамларини эълон қилган.

Шунингдек, ўзбекистонликларни юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий хавфлардан огоҳлантирган.

- Чегарани кесиб ўтиш фақат марказлаштирилган тартибда автобусларда Ўзбекистоннинг Украина ва Польшадаги элчихоналари вакиллари ҳамроҳлигида амалга оширилиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак. Польшага мустақил боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларида чегарада муаммолар пайдо бўлиши мумкин, деб ёзди ТИВ расмий вакили Юсуп Қобилжонов.

"Эвакуация қилинадиганлар рўйхатини шакллантиришда аёллар, болалар, қариялар ва талабаларга устуворлик берилади", билдирилади хабарда.

Аввалроқ ТИВ Украинада 4500 нафар ўзбекистонлик борлигини маълум қилганди.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси маълумотига кўра, жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.

Парвозлар бекор қилинди

"Uzbekistan Airways" АЖ расмий сайтида Россиянинг Ростов ва Краснодар шаҳарларига парвозлар бекор қилинганини эълон қилди.

Россия Федерациясининг Ростов-Дон (Платов) ва Краснодар шаҳарлари халқаро аэропортларининг фаолияти вақтинча тўхтатилганлиги муносабати билан авиакомпания жорий йилнинг 25 февралидан 2 мартигача 6 та арежалаштирилган мунтазам қатновлар бекор қилинганлигини маълум қилган.

"Бекор бўлган парвозлар йўловчилари авиачипталарининг тўлиқ қийматини чипта сотиб олинган жойда қайтариб олишлари ёки парвозлар қайта тикланганидан кейин бошқа санага бепул қайта бронлаш ҳуқуқига эгадирлар", дейилади хабарда.

Ва йўловчиларга вазиятни "тўғри тушунишингизга умид қиламиз деб ёзган «Uzbekistan Airways» АЖ.

Бу уруш Россия учун иснодми?

Россия ва Украина низолари Ўзбекистон ОАВ ларининг асосий мавзуларидан бирига айланган. Айниқса, интернет нашрлари вазиятни ёритиш ва таҳлил материалларида анча тезкор ва фаол. Жумладан, Kun.uz нашри ўзбек зиёлиларининг Россия-Украина муносабатларига фикрлари жамланган мақолани эълон қилди.

"Буни ҳозир қилмасангиз, тарих сизни миллат сифатида кечирмайди" сарлавҳали мақолада Ўзбек зиёлилари россияликлардан урушни тўхтатишни сўрашган.

Хусусан, ёзувчи Эркин Аъзам, Улуғбек Ҳамдам, Раҳимжон Раҳмат, шоир Фахриёр, журналист Карим Баҳриев, тилшунос олим Қозоқбой Йўлдошев каби таниқли зиёли шахсларнинг фикр-мулоҳазалари ўрин олган.

"Бу уруш, Россия давлатчилиги ва рус халқи учун исноддир. Украинага қарши қирғинни тўхтатинг" дея Россияга мурожаат қилган журналист Карим Баҳриев.

Ёзувчи Раҳимжон Раҳмат эса "Путиннинг империалистик "иштаҳаси очилиб бормоқда. Бу барчага сигнал бўлиши керак", дея огоҳлантирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek