You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Мусулмонлар идораси маърузачи домлаларни танқид қилди ва қанча ўзбекистонлик террорчилар сафига қўшилган? – Янгиликлар O'zbekiston, yangiliklar
Таниқли Солихон домла ишдан олинди. Ибодат либосига нисбатан тақиқ бекор қилинмоқда. Олти йилда қанча ўзбекистонлик "террорчилар томонидан ёлланган" - bbcuzbek.com дайжести.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Афғонистондан келган 13 тонна наркотик ва Суриядан қайтган ўсмирлар нималар деди?
- Ўзбекистон: Умра нега қимматлашди ва ўзбекистонлик Қозоғистон намойишларида қатнашганми?
- Назарбоевнинг қудратли жияни МХҚдан олинди, Қозоғистон зўравонликларида экстремистларнинг қўли борми? Видео
- Аэропортдаги экспресс-тест: қайта жорий қилинган "янги тартиб". Дайжест. Ўзбекистон, коронавирус
Таниқли имом ишдан олинди
Ижтимоий тармоқлар орқали Солихон домла номи билан танилган Солихон Ортиқхўжаев имом ноиби вазифасидан озод этилган.
Мусулмонлар идораси диний фаолнинг хоразмлик инсонлар тўғрисида айтганлари ортидан баёнот билан чиқиб, у Зангиота тумани "Фатҳ" масжидидаги лавозимидан олинганини маълум қилган.
Бундан аввал Ортиқхўжаевнинг сўзлари ижтимоий тармоқда кенг шов-шувларга сабаб бўлган эди.
"Хоразмни кўрсатяпти - 60 ёшдан ўтган аёллар тўйда ўтириб, эркаклардек баравар ароқ ичяпти", деган у тарқалган видеода.
Солихон Ортиқхўжаев, шунингдек, хоразмлик инсонларни Маҳмуд аз-Замахшарийни танимасликда айблаган.
"Мен бозорларда юрган хоразмликлардан сўрайман. Оғзига нос ташлаб олган, сасиб ётибди. Имоми Замахшарийни танийсанми, десам, ким у киши, дейди. Ие, землягингни танимайсанми?... А, эркаклари шу бўлгандан кейин аёллари нима бўларди.
…бутун республика учун иснод бунақа ишлар", таъкидлаган диний фаол.
Қизғин мулоҳазаларга сабаб бўлган ушбу видео ортидан муносабат билан чиққан Мусулмонлар идораси айрим "диний соҳа вакилларининг ижтимоий тармоқ ёки маърака-маросимларда масалани чуқур ўрганмай, воқеликни ҳисобга олмай, урф-одат, қонун-қоидаларга эътибор қилмай гўёки фатво сифатида айтаётган гаплари, ҳалол-ҳаромга ажратаётганлари ёки фосиқ-кофирга чиқараётганлари" хавотирли эканини билдирган.
Идора баёнотида "илмга эга бўлмай ёки масалани чуқур таҳлил этмай, манбаларга таянмай айтилган ҳар қандай гап, ҳатто уни аҳли илм айтган бўлса ҳам, фатво ҳисобланмаслиги" ва "шаръий кучга эга эмас"лиги таъкидланади.
Расмий муносабатда Солихон Ортиқхўжаев идора тизимига имом ноиби ўлароқ 2021 йилда расман ишга қабул қилингани, аммо ундан кутилган натижа ўзини оқламагани, диний фаол асосий вақтини тўй-маросимларга сарфлаб юборгани ҳақида сўз боради.
Бундан ташқари, Мусулмонлар идораси Ортиқхўжаев ўз вазифасига оид одоб-ахлоқ қоидалари, маъруза ўқишда фуқаролар, давлат, жамоат ва диний ташкилотларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи ахборот тарқатмаслик, салбий мазмундаги кескин мунозараларга сабаб бўлувчи чиқишлар қилмаслик талабларига риоя этмаганини тилга олган.
"Ўтган давр ичида Солихон домла ижтимоий тармоқларда диний соҳа вакили мақомига зид чиқишлари учун бир неча бор Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан огоҳлантирилиб, унга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Афсуски, Солихон домланинг сўнгги вақтлардаги ижтимоий тармоқларда тарқалган маърузалари унинг юқорида қайд этилган огоҳлантиришлардан тўғри хулоса чиқармаганидан далолат бермоқда", маълум қилган идора.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси аҳоли орасида диний омил асосида низоли ҳолатлар чиқишининг олдини олиш фаолиятининг устувор йўналишларидан бири экани, шу билан бирга, диний идора тизими вакиллари томонидан муайян ижтимоий қатламларга мансублик ёки динга бўлган муносабатидан келиб чиққан ҳолда жамиятда можаро ва беқарорлик келиб чиқишига сабаб бўладиган хатти-ҳаракатлар содир этилишига мутлақо йўл қўйилмаслигини таъкидлаган.
Эркинлашаётган ибодат либоси
Қонунчиликдаги жамоат жойида ибодат либосида юришга нисбатан жавобгарлик бекор қилинмоқда.
Депутат Расул Кушербаев янги Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс лойиҳасига амалдаги кодексдаги жамоат жойларида ибодат либосида юришга оид тақиқ киритилмагани ҳақида ёзган.
Амалдаги қонунчиликда "ибодат либоси" тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ 2021 йил июль ойида янги таҳрирда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонундан чиқариб ташланган эди.
Кушербаев мазкур жавобгарлик янги кодексдан ушбу қонунга киритилган ўзгартириш асосида олиб ташланаётганини билдирган.
"Ва ниҳоят яна бир мантиқсиз ва кўпчиликка ноқулайлик келтирган жазо йўқоляпти", ёзган депутат.
Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда сақланиб қолаётган жавобгарликка кўра, жамоат жойида ибодат либосида юрганлар БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши ёки 15 суткага қадар маъмурий қамоққа юзланиши мумкин.
"Қармоққа илинган 2 минг"
"Ўтган олти йил ичида халқаро террорчи ташкилотлар 27 минг нафар Ўзбекистон фуқароси билан "ишлаб", икки мингдан зиёдроқ ўзбекистонликни ўз сафларига жалб этишга муваффақ бўлган".
Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази директори Виктор Михайлов Podrobno.uz нашри билан суҳбатда ўзбекистонлик қандай қилиб террорчи-ёлловчилар илмоғига тушиб қолаётгани ҳақида гапирган.
Нодавлат-нотижорат ташкилот директорининг сўзларига кўра, террорчи ташкилотлар томонидан ёлланиш вақтида ўзбекистонликларнинг катта қисми Россия, Украина, Жанубий Корея, Туркия каби мамлакатларда меҳнат муҳожирлигида бўлган.
Михайлов ёшларни радикал ғояларга жалб этиш осонроқ экани, ёш инсонларда кўплаб муаммолар юзага кела бошлаши, улар адолатсизлик ва коррупцияни анчайин оғриқли қабул қилиши ҳақида гапирган.
У, шунингдек, нега ўзбекистонликлар, асосан, меҳнат муҳожирлигида радикаллашиб кетаётганини шундай изоҳлаган:
"Ота-онани, туғилган маконни, дўстларни соғиниш, тилни ва маҳаллий қонунларни яхши билмаслик, мигрантларга нисбатан ёв қараш туфайли бегона жамиятда ўзини ноқулай ҳис этиш оқибатида ёшлар ижтимоийлашувини йўқота боради. Буларнинг бари уларни кескин қарорлар олишга ундайди".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek