You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Мирзиёев ҳокимларни жавобгарликка тортмоқчи, Қирғизистон Отабек Умаровни тақдирлади ва пул таклиф қилаётган ҳокимлар – янгиликлар
•Мирзиёев бош прокурордан ҳокимлар коррупциясига қаттиқ туришни талаб қилди;
•Отабек Умаров Қирғизистон Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди;
•Уч вилоят ҳокими ноодатий таклиф билан чиқди;
•Ёш тадбиркорларга йирик миқдорда кредитлар ажратилади;
"Ҳаммаси порахўрлик"
Президент Шавкат Мирзиёев бош прокурордан ер ажратишдаги коррупцияга қарши курашда собит қадам бўлишни талаб қилган.
21 декабрь куни ўтган йиғилишда Мирзиёев фермер ва деҳқон хўжаликларига ажратиб берилаётган ерлар расмий рақамлардан кўп эканини тилга олган.
"Республика бўйича фермер ва деҳқонларга ажратилган ер участкалари ҳужжатга нисбатан 67 минг гектарга кўплиги аниқланди. Ҳаммаси порахўрлик. Ҳеч ким бир гектар ёки бир сотих ерни бекорга бермайди-ку?" деган президент.
Бундай ҳолатлар ортида "аниқ пора ва коррупция турган"ини таъкидлаган Мирзиёев прокуратура органларидан чора кўришни талаб қилган.
"Бизда Конституция бўйича коррупцияга қарши энг катта орган — прокуратура. Конституциявий бурчи буларнинг".
У бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевга коррупцияга йўл қўяётганларни жиноий жавобгарликка тортишга кўрсатма берган.
"Ўртоқ Йўлдошев, шуни ҳаммага қаттиқ айтиш керак — бунинг орқасида пора турибди, коррупция турибди. Фақат мажлис ўтказиш эмас, жиноий жавобгарликка тортиш керак. Катта-катта ҳокимларни жиноий жавобгарликка тортсангиз, мен сизни ҳурмат қилишни бошлайман", деган президент.
Қирғизистон фахрий ёрлиғи
Президент Садир Жапаров Ўзбекистон давлат раҳбарининг кенжа куёвини тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган.
Кабар ахборот агентлигининг хабар қилишича, Жапаров Отабек Умаровни Қирғизистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаган.
Маълум қилинишича, Умаровга қўшни мамлакат Фахрий ёрлиғи унинг маданият ва спорт соҳаларида икки давлат ўртасидаги дўстлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун берилган.
Отабек Умаров Марказий Осиё аралаш жанг санъатлари (ММА) конфедерацияси раҳбари ва Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти ҳисобланади.
Очиққўл ҳокимлар
Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов оилавий ажримлар кузатилмаган маҳаллалар раисларига 10 миллион сўмгача мукофот пули берилиши ҳақида гапирган.
Ҳоким Азимов Қашқадарё оилавий ажримлар кўрсаткичи бўйича республикада юқори ўринда туриши, 2022 йилда шахсан ўзи бу масалага эътибор қаратишини айтган.
У келаси йил давомида маҳалласида ажрим кузатилмаган раисларни 5 миллиондан 10 миллион сўмгача мукофотлаб, энг яхши сиҳатгоҳларга юборишни таклиф қилган.
20 декабрь куни халқ вакиллари кенгашларига мурожаатнома йўллаган бошқа вилоятлар ҳокимлари ҳам ўхшаш таклифларни илгари сурган эди.
Хусусан, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ортиқча вазндан халос бўлган амалдор ва фуқароларга йўқотилган ҳар бир кило учун 500 минг сўмдан берилишини билдирган.
Андижон ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов эса одамларни юришга мажбур қила олган маҳалла раиси ва ташкилот раҳбарларини Дубайга саёҳатга юборишни ваъда қилган.
Абдураҳмонов бу мақсад учун қанча керак бўлса, шунча пул ажратилишини таъкидлаган. Ҳокимлар бу пуллар қаердан келишини очиқламаганлар.
Ёшларга йирик кредит
Ёш тадбиркорларнинг бизнес лойиҳалари учун "540 миллион сўмга қадар кредитлар ажратилади".
21 декабрь кунги ҳукумат қарорига кўра, кредитлар 2022-2024 йиллар давомида бериб борилади.
Кредитлар БҲМнинг 1,000 бараваридан 2,000 бараваригача Марказий Банкнинг асосий фоиз ставкасида берилади.
Кредитлар муддати 7 йил, имтиёзли давр 3 йил этиб белгиланган.