1700 инсон жасадини тасаввур қилинг: Ўзбекистон кўчаларида бу йил шунча одам ҳалок бўлган

Сурат манбаси, YHXBB.UZ
- Author, Мустақил журналист
- Role, Ўзбекистон
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Тошкентдаги суҳбатларимиздан бирида зиёли танишимиз айтиб қолганди:
"Бизда Ли Куан Юнинг усулларини қўллаш керакмикан..."
Нега? Унинг айтишича, йўлларимиздаги аварияларнинг аксари кўриб-билиб туриб қилган инкорларимиз оқибатида рўй беради.
Қандай инкорлар?
Тезликни оширмаслик керак, лекин машинани ҳаддан зиёд тез ҳайдаймиз.
Йўл қоидаларига, светофор сигналларига риоя қилиш керак, уларга ҳамма ҳам бунга бўйсунмайди.
Автомобиль ичида ҳимоя камарини тақиш шарт, лекин уни боғлаганларни кам кўрганмиз.
Бундай муносабатни мутлақо ўзгартириш керак, бунинг ечими - қатъий қонунлар ва уларнинг амалга ошиши.
Ли Куан Ю Сингапурни қолоқ Осиё мамлакатидан дунёнинг илғорлари қаторига олиб чиққан ислоҳотчи. У нима қилган?
Сақич учун 1000 Сингапур долларидек аждарҳодек жаримани жорий этган.
Буни айримлар зиддиятли, бошқалар зарурий чора сифатида кутиб олишган.
Чунки метро эшигига безорилар ёпиштириб кетган сақич метрони ишдан чиқарганди.
Буюк ислоҳотчи деб ҳам аталадиган Ли Куан Ю ўзининг кундалигида юртдошларини тозаликка, ўзларини жамоат жойларида яхши тутишга ўргатишга кўп ҳаракат қилганини, бироқ ҳукуматнинг бу ҳаракатлари натижа бермаганидан кейин қатъий чораларни қўллагани ҳақида ёзган.
Ўзбекистонда ҳам автомобиль бошқаруви, йўлларда ҳаракатланиш билан боғлиқ ҳамма ишларда жуда қатъий чоралар, "чақиб оладиган" жарималар белгилаш керакки, қонун-қоидага бўйсунишни истамайдиганлар сабоқ чиқарсинлар, деган фикрлар ҳам кўп айтилади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Чунки қатор ҳаётий мисоллар баъзи ҳайдовчилар на ўзининг, на машинасига ўтирган инсонларнинг хавфсизлигини ўйлаб иш тутишларини кўрсатади:
Буюк Британиядан келган талаба қариндошимиз синфдошининг машинасига ўтириб ҳимоя камарини тақибди.
Ёнида рулда ўтирган синфдоши эса хафа бўлибди:
"Вой ўртоқ, манга ишонмайсанми?"
Яъни, менинг автомобиль ҳайдаш маҳоратимга сен ишонмайсанми, деган маънода.

Сурат манбаси, Telegram/YHXBB
"Бу менинг ўз хавфсизлигим учун", деган гап-сўзни уқтириб бўлмасмиш ўзига ишонган синфдошга.
Қарши шаҳридан Тошкентга келган ўрта ёшдаги аёл киракаш таксичини ёмонлади.
Кунботар маҳал "стоянкага" келиб у таксичиларнинг ёшига, машинасининг аҳволига разм солган.
"Ёш йигитларнинг машина ҳайдашидан кўрқаман, шунинг учун ёши каттароқ ҳайдовчини қидираман", - дейди аёл.
Ҳар бир ҳайдовчи билан суҳбатлашганида, "кеча шу ердамидингиз ёки Тошкентда" деб сўраган.
Ниҳоят, "ёши каттароқ экан", "кеча Қаршида эдим", деган ҳайдовчи "Нексия"сига ўтиришга рози бўлган.
Йўлда эса ярим тундан ошганидан кейин ҳайдовчини роса уйқу босган, ёлғон гапиргани фош бўлган.
"Юрагимни ҳовучлаб қолдим. Машинани тўхтатинг, ухлаб олинг", - дейишга мажбур бўлдим, дейди аёл.
Бу кўпроқ пул топиш учун вилоятлар билан пойтахт орасида қатнайдиган шахсий киракаш ҳайдовчилар ҳам ўзининг, ҳам автомобилига ўтирган инсонларнинг ҳаётини хатарга қўйишларини кўрсатади.
Айнан вилоятлар орасидаги катта магистрал йўлда такси ҳайдовчилари ухлаб қолганларида ҳаётдан кўз юмганлар оз эмас.
Тошкентда кўп йиллар ишлаган хорижлик аёл бир куни пойтахтдаги ижара уйига электр монтёр чақиртирибди. Хоналардан бирининг чироғи ёнмай қолган.
Уйга кириб келган маҳаллий монтёр шу заҳоти нарвонига чиқиб симни текшира кетган.
"Ҳой, уйнинг электрини счётчикдан ўчирмайсанми?"- деб сўрабди қўрқиб кетган аёл.
Монтёрнинг эса парвойига ҳам келмай, лампочка патронини титкилармиш.
"Нега хавфсизлик қоидаларига бўйсунмайсиз?" - деб сўраган чет эллик тушунолмай.

Сурат манбаси, AFP
СССР замонида одамлар шундай гап бор эди: Қонун-қоида бузиш учун чиқарилган.
Бугун ҳам ана шу ақида йўқолиб кетмадими?
1700 майитни бир жойда тасаввур қилоласизми?
Ахир бу уруш кетаётган Донбасдагидан ҳам кўп одам ўлди, дегани-ку.
Бу вазиятни "менга ҳеч нарса бўлмайди", "ҳеч нарса қилмайди" деган ишончдаги ўзини тиймаётганларни қонунан тийиб қўйиш билангина ўнглаш мумкиндир.
Муаллиф нуқтаи-назари билан Би-би-си нуқтаи-назари бир бўлмаслиги мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













