Россия, мигрантлар: 10 йиллик тақиқлар очилаяпти - Видео Rossiya O'zbekiston migrant

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россия Ички ишлар вазирлиги 2021 йилнинг январдан июл ойига қадар 115 мингта чет эл фуқароларини мамлакатдан чиқариб юборилишига тегишли қарорлар қабул қилинганини ва 20 мингдан зиёд муҳожирларга Россияга киришга тақиқ қўйилганини эълон қилди.

Шу билан бирга айрим муҳожирлар учун миграция амнистияси қўлланила бошланди.

Россия кимлар учун ёпиғу кимлар учун очилаяпти? Россияга киришга тақиқ бор-йўқлигини қандай билиш мумкин?

Ушбу мавзуда миграция масалалари бўйича юрист Насимжон Абдуллаев билан суҳбатлашдик.

Насимжон Абдуллаев: Кимнинг муқаддам Россияга киришига 3-5 йиллик, ҳатто 10 йиллик тақиқ қўйилган бўлса, миграция амнистиясига тушиб, бекор қилиб беришаяпти.

Агар суд бўлиб, суд қарори орқали тақиқ қўйилган бўлса, булар бекор қилинмаяпти. ИИВ томонидан қўйилган тақиқ бўлса ва белгиланган бандларга қараб (дейлик, 3 йил ичида 2 мартадан ошиқ жаримага тушса, 3 йилга тақиқ қўйилади) амнистия қўлланилаяпти.

Шу билан бирга, Россияда миграция қоидаларини бузиш (масалан, мамлакатга киргач, зарур хужжатларни қилмаган ва 90 кундан сўнг чиқиб кетмаган) ҳолларида ҳам 3 йилдан 10 йилгача тақиқ қўйилган. Шундай вазиятлардаги муҳожирларнинг тақиқлари ҳам бекор қилинаяпти.

Ҳозирги ҳолатда бу расмий эмас, ҳеч ким расман айтмаяпти. Аммо биз буни кўраяпмиз. Ҳар куни иш жараёнимизда кузатиб бораяпмиз.

Би-Би-Си: Бу "очилишлар"нинг сабаби нима бўлиши мумкин? Россиянинг мигрантларга бўлган эҳтиёжи билан боғлиқлиги борми?

Насимжон Абдуллаев: Россия мигрантларга муҳтож. Ўтган куни мамлакатга 1 млндан ошиқ мигрант кераклигини ўқидим.

Ҳозирги пайтда қурилишларда, дўконларда, ресторанларда, мигрантлар кўп ишлайдиган соҳаларда ишчилар камайган.

Россия фуқаролари, бу ерда аввалдан ишловчилар ва яшовчилар бу ишларга бормайди. Сабаби - бу соҳаларнинг ойлик маоши уларни қониқтирмайди.

Шунинг учун Россия давлатининг ҳозирда мигрантларга эҳтиёжи баланд.

Би-Би-Си: Россияга кириш тақиқи очилган ёки очилмаганлигини муҳожирлар қандай билиши мумкин?

Насимжон Абдуллаев: Ҳозирги ҳолатда Россияга киришга тақиқ бор-йўқлигини текширишнинг 2 йўли бор.

Бири ИИВ расмий сайтидаги интерактив хизматлар орқали муҳожир ўз паспорт маълумотларини ёзиб, текшириб кўриши мумкин. Аммо бу ерда ҳамма вақт ҳам аниқ жавоб олиш қийин. Сабаби ИИВ базаси тақиқ очилганидан кейин янгиланади, сайтда эса маълумотлар тез-тез янгиланмайди.

Иккинчи йўли ИИВ расмий сайтида кўрсатилган электрон манзилга ариза ёзиб жўнатилади. Тегишли қонунларга кўра, бу мурожаат 30 кун давомида кўриб чиқилади ва бу муддатдан сўнг жавоб берилади.

Би-Би-Си: ИИВ сўнгги 7 ой давомида минглаб чет эл фуқароларини депортация қилинганини билдирди. Улар орасида қанчаси ноҳақ қўйилганлари мамлакатдан чиқариб юборилган бўлиши мумкин?

Насимжон Абдуллаев: Ноҳақ мамлакатдан чиқариб юборилганлар фақат патент ёки миграция хужжатлари бўлмаганларгина эмас.

Хужжати йўқларни полиция ушлаганидан сўнг уларга таржимон, юрист, адвокат берилиши керак. Бу нарсалар қилинмайди. Бизнинг фуқаролар кўпчилиги рус тилини билмайди. Тил билмагач, судда нима бўлаётганини, суддан олдин қанақа хужжатларга қўл қўяётганини тушунишмайди ва билишмайди. Шу тарафдан ҳам - ноҳақлик.

Шундай экан, суднинг қарори ҳам ноҳақ чиқарилган бўлади. Муҳожир нималар бўлаётганини билмаган.

Муаммо бор - таржимон ва адвокат берилмас экан, муҳожирга нисбатан ноҳақлик ҳисобланади.

Агар давлат бу нарсага аҳамият берса, минглаб қарорларни бекор қилиш керак.

Би-Би-Си: Ноҳақ карорни суд орқали бекор қилишга қанча вақт кетади?

Насимжон Абдуллаев: Агар суд орқали 18.8 ва 18.10 моддалари билан мамлакатдан чиқариб юборишга қарор бўлса, аппеляцияда 2 ойни ичида юқори орган ишни кўриб чиқиши керак. Бу вақт мобайнида суд қарори ўз кучида қолиши ёки бекор қилиниши бўйича қарор чиқарилади.

Аппелляцияга 10 кун ичида шикоят топширилиши лозим. Агар 10 кун ичида топширилмаса, кассацион шикоят ёзилади.

Кассация шикояти эса 3 ой ичида кўриб чиқилади.

Би-Би-Си: Дейлик, оддий тартиббузарликлар учун ўн йиллаб депортация қилинишлар тирикчилик учун келган мигрантлар учун ўта қаттиққўл жазо эмасми? Бу бўйича хуқуқ ҳимоячилари ҳукуматга таклиф ё мурожаат билан чиққанми?

Насимжон Абдуллаев: Россияни миграция қонунчилиги ўта қаттиққўл, аёвсиз. Оддий тартиб бузилиши учун ҳам мамлакатга киришга тақиқ қўйишади. Бу жуда нотўғри.

Яқинда шу мавзуда тўхталгандик. 3 йил ичида 2 та қоидабузилиш қайд этилса, 3 йилга тақиқ қўйилади. Бу оддий йўл ҳаракати қоидаси бузилиш, оддий жарималар бўлиши мумкин.

Дейлик, муҳожир ҳайдовчи 3 йил ичида 1 марта чизиқни босса, ёки ремен тақмаган бўлса, 2-чи мартасида масалан, қизил чироқда ўтиб кетса, бўлди - 2 та жаримага тушган бўлади. Шу тариқа Россияга киришга 3 йилга тақиққа олиб келади.

Оддий жарималар учун ҳам 3 йилга мамлакатга кира олмаётганлик ҳолатлари кўп эди. Бу бўйича жуда кўп мурожаатлар бўлди, аризалар ёзилди. Натижада айнан шу ҳолатлар билан боғлиқ ишни ҳозирда масъуллар қайта кўриб чиқишмоқда. Қонуннинг шу бандига ўзгартириш киритилиши кутилаяпти.

Дарҳақиқат, Россия миграция қонунчилиги ўта аёвсиз. Биз бунга ҳамиша аҳамият бериб келаяпмиз, гапираяпмиз. Аммо давлат миграцияни ўз хоҳишича назорат қилади: кимни чиқариб юборгиси келса, чиқаради, кимни киритгиси келса, киргизади. Биз бу ерда ҳеч нима қила олмаймиз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek