You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Селлар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда 30 га яқин одамни ўлдирди - O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar
Сўнгги ҳафталарда уч Марказий Осиё давлати кетма-кет ҳалокатли сув тошқинларига саҳна бўлмоқда.
Ўзбекистонда, минтақада ҳали яна янги селлар келиши хавфи борлиги ҳам айтилмоқда.
Қирғизистон ва Ўзбекистондаги ҳалокатли сув тошқинлари ортидан худди шунга ўхшаш табиий офат куни-кеча Тожикистонда ҳам юз берган.
Тожикистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Суғд вилоятида юз берган сув тошқинлари 12 кишининг умрига зомин бўлган.
Бу сўнгги ҳафталарда Марказий Осиё давлатларида кузатилаётган селларда берилган энг катта сондаги қурбон бўлади.
Худди Қирғизистондагиси каби Суғддаги селларда нобуд бўлганларнинг аксарияти ҳам бир оила аъзолари бўлиб чиқишган.
Тожикистонлик масъуллар Суғддаги селларда ўнлаб турар-жой буткул ёки қисман вайрон бўлгани, томорқалар, қишлоқлараро йўллар зиён кўргани, ўнлаб бош қорамол ва майда чорва моллари нобуд бўлганини ҳам тасдиқлашган.
Ҳозир жойларда фавқулодда вазиятлар бўйича комиссиялар фаолият юритаётгани, махсус техника ташлангани, табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилаётганини билдиришган.
Аммо ҳалокатли сув тошқини натижасида етказилган моддий зарар кўлами ва жабрдийдаларга ёрдам ишлари қандай ташкил этилаётгани тафсилотларини очиқлашмаган.
Тожикистонлик масъуллар 25 июлгача яна селлар келиши эҳтимоли билан ҳам огоҳлантиришган.
Улар ўз башоратлари сабабини ҳаво ҳароратининг кўтарилиши билан изоҳлашган.
Ҳозир Тожикистонда ўртача ҳаво ҳарорати +37-39 даражани ташкил этиб турибди.
Ўзбекистон ва сув тошқинлари
Ўтган ҳафта Қирғизистон ва Ўзбекистон кетма-кет ҳалокатли сув тошқинларига саҳна бўлган.
Табиий офат ҳар икки томондан катта сондаги - йигирмага яқин инсоннинг умрига зомин бўлгани, яна ўнга яқинини яралагани расман хабар берилган.
Президент Жапаров Қирғизистондаги жабр кўрганларга расман ҳамдарлик ҳам билдирган.
Намангандаги сув тошқинларига Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида ёққан кучли ёмғирлар сабаб бўлгани айтилган.
Қирғизистонлик айрим расмийлар бунақаси аввал бўлмаганини ҳам эътироф этишган.
Сув тошқини ва кучли ёғингарчилик, бошқа томондан, Ўзбекистонда кузатилган бир неча кунлик аномал иссиқ ортидан кузатилганди.
Тожикистоннинг Суғд вилоятидаги сув тошқинлари манзарасида Ўзбекистоннинг унга бевосита чегарадош Наманган вилоятида ҳам яна сел келган.
Аммо, хабарларга кўра, сўнгги ҳодиса инсоний талафотларга сабаб бўлмаган.
Daryo.uz Наманган вилоятидаги мухбирига таяниб, Давлатобод туманидаги айрим хонадонлар жиддий зарар кўргани, 130 дан ортиқ одам эвакуация қилингани ҳақида ёзган.
Эвакуация қилинганларга бошпанадан ташқари кийим-бош ва иссиқ овқат берилгани ҳам айтилган.
Табиий офат юз берган ҳудудларда тозалаш ва турли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун дезинфекция ишлари ҳам бошлаб юборилгани маълум бўлган.
Айрим маҳаллий нашрлар сўнгги сув тошқинлари натижаси вилоятдаги иккита кўприкка ҳам зиён етгани ҳақида ёзишган.
Айтилишича, Фарғона водийсида 19-20 июль кунлари яна кучли ёмғир ва дўл ёққан, дарёларни тоширган.
Хабарларга кўра, худди шунга ўхшаш ёмғирлар Шаҳрисабзнинг тоғли ҳудудларида ҳам кузатилган.
Селга сабаб бўлган, сув тошқинлари Кўл қишлоғига элтувчи йўлнинг бир қисмини ювиб кетган, бунинг оқибатида қишлоқ бир неча соатга узилиб қолгани расман хабар берилган.
Йўлни очиш учун туман масъуллари ҳодиса жойига махсус техника ва ёқилғи маҳсулотлари юборишга ҳам мажбур бўлишгани айтилмоқда.
Маълум қилинишича, бу ерда ҳам табиий офат инсоний талафотга сабаб бўлмаган.
Сўнгги сув тошқинлари бу вилоятларга етказган моддий зиён кўлами ҳозирча маълум эмас.
Масъуллар 21-23 июль кунлари Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида яна сел келиши хавфи борлиги билан ҳам огоҳлантиришган.
Бунга ўхшаш ҳалокатли сув тошқинлари Ўзбекистонда шу йил май ойида ҳам кузатилган.
Ўшанда табиий офатдан Наманган билан бирга Андижон ва Сурхондарё вилоятлари ҳам зиён чекишган.
Сув тошқинлари икки боланинг умрига зомин бўлгани, юзлаб хонадонга зарар етказгани, автомобиль ва темир йўлларини ювиб кетгани айтилган.
Сўнгги табиий офатлар ҳар уч минтақа давлатида ҳам коронавирус ва пневмония билан боғлиқ аҳвол қайта ёмонлашиб бораётган бир пайтга тўғри келган.
Ўзбекистонда кеча, 22 июль куни ҳам яна антирекорд қайд қилинган.
719 киши коронавирус юқтирган, яна 492 нафарида пневмония аниқланган.
Коронавирусга чалинган 4 бемор эса ҳаётдан кўз юмган.
Ўтган ой Ўзбекистондан ҳам коронавируснинг ҳозирча энг юқумлиси, деб айтилаётган дельта ёки "ҳиндча" штамми тарқалаётганига оид хабарлар олинган.
Иқлим ўзгариши сабаб ёки "аср тошқини"
Сешанба куни Марказий Осиёга бевосита чегарадош Хитойда юз берган ҳалокатли сув тошқинлари эса, камида 25 кишини ўлдирган.
Хитойдаги табиий офатга ҳам кучли ёмғир сабаб бўлгани айтилган ва ёғингарчиликлар яна давом этиши, фақат бугунга келиб тўхтатиши ҳам башорат қилинган.
Одатда, йилнинг худди шу фаслида Хитойда ёғингарчалик кузатилса-да, бу галгисининг жуда кучли бўлгани кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Олимлар бунга глобал иқлим ўзгариши ҳам сабаб экани эҳтимолини назардан соқит этишмаган.
Бундан аввал ҳалокатли сув тошқинлари Европанинг айрим давлатларида ҳам кузатилган.
Табиий офатдан энг кўп Германия жабр кўрган.
Бу ерда табиий офат натижасида 160 дан ортиқ одам ўлган.
Яна юзлабининг бедарак кетгани айтилган.
Германиялик масъуллар ҳам бунақаси шу пайтгача кузатилмаганини расман эътироф этишган.
Сўнгги табиий офатга "аср сув тошқини", деб баҳо беришган.
Ҳалокатли сув тошқинлари Германияга миллиардлаб евро зарар келтиргани айтилади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бунинг ортидан Германияга ўз ҳамдардлигини билдирган.
Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ва канцлери Ангела Меркелга ўз таъзиясини йўллаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek