You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия ва мигрант: Қудуқ қазиб буйрагимни йўқотдим - video Rossiya O‘zbekiston dunyo yangiliklar
"Мана, рубль кўп экан Россияда, кечаси билан қазиб оляпмиз", - дейди қоронғи тунда ичига чироқ ўрнатилган қудуқ ичида турган ўзбек мигрант ҳазиллашиб. Қудуқ атрофи эса қор билан қопланган.
У ва унинг сафдошлари учун бу оддий ҳолдек. Оилаларига юборган қатор видеоларида уларнинг жала ёмғир остида шалаббо бўлиб ариқ қазиётганлари ва қор устида гулхан ёқишга уринаётганлари кўринади.
Чуқур қудуқ ичида бор кучи билан белкуракни ерга ураётган ишчи - Дилмурод Мўминов.
38 яшар фарғоналик Дилмурод учун бу оғир меҳнат қимматга тушди. У бир неча кун қон босими 220дан ҳам ошиб кетиши ортидан ниҳоят шифокорга мурожаат қилди ва буйрак касали билан оғриганини билди.
"Баъзи кунлари -25 градусда ҳам қудуқ қазидик. Одамларнинг уйлари, дачаларига қудуқ қазиб берамиз. Зах шароитларда ишладик. Оз-моз ишлаб уйларимизга қайтамиз деб ишлайвердик-да", - дейди у Би-би-си билан суҳбатида.
Дилмурод Россияда ўзи яшаётган шаҳарда буйрак мутахассислари бўлмагани сабаб Москвадаги клиникага қўнғироқ қилди. Тиббий суғуртаси бўлмагани учун Москвада муолажа олиш нақадар қиммат эканини тушуниб етди ва Фарғонага қайтиб келди.
Фарғонада уни хотини, уч ёш фарзанди ва кекса ота-онаси кутарди. Аммо, у энди ишга яроқсиз. Анализлар ортидан шифокорлар унинг буйраклари қуриганини айтиб, Россиядан қай ҳолда ўз оёғида юриб келганига ҳайрон бўлишган.
Дилмуродга танадан суюқликни чиқариш учун ҳафтасига қарийб уч марта гемодиализ аппаратига уланиши таклиф қилинди. Аммо бу даво эмас, шунчаки буйрак вазифасини бажарадиган қурилма.
Касалликдан қутулишнинг ягона йўли - буйрак пересадкаси. Бу эса қиммат амалиёт, ва ундай пул Дилмуродда йўқ.
Унинг амакиваччаси Файзиддин Мўмин саҳоватпеша одамлардан ёрдам беришни сўраяпти. У gofundme хайрия саҳифасида Дилмуродга янги буйрак учун маблағ саҳифасини очди,ҳамда имкони бор одамлардан Дилмуроднинг Фарғонадаги ҳисобига пул ўтказишни сўраяпти.
"Дилмурод кўнгли айниб, еган нарсасини қайд қилаверди. Кўзи хиралашиб, яхши кўролмайдиган бўлиб қолди. Унга қўйилган ташхисда касаллиги охирги босқич, яъни терминал босқичдалиги айтилган. Яъни, унинг буйраги энди яхши бўлмайди, фақат операция керак. Худо хоҳласа, яхши одамларнинг эҳсони билан етарлича пул йиғилса, Ҳиндистонга жўнатиб операция қилдириш ниятимиз бор", - дейди Файзиддин Мўмин.
Россиядан қанча ўзбекистонлик ишчилар касал бўлиб қайтишга мажбур бўлгани борасида статистик маълумотлар йўқ. Аммо, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бот-бот майиб ва мажруҳ бўлган ўзбекистонликларнинг ватанига олиб келинаётганини хабар қилиб туради.
Бу йилнинг ўзида, агентликка кўра, етти нафар киши хориждан олиб келинган.
Аммо, бу мигрантлар муолажаси агентлик ваколатига кирмайди.
"Дадамизни яхши кўрамиз, бахтимизга соғайиб кетсинлар", - дейди Дилмуроднинг кичик ўғли. Фарғонадаги бу оила ўз боқувчиси тузалиб кетишига умид қилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek