Россия, намойишчи мигрантлар: Бу ерга ётгани келмадик - video Rossiya Putin O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Россиядаги ўзбек мигрантлари

Сурат манбаси, Screenshot

    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, ББС, Москва
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Москвада 500 дан зиёд ўзбекистонлик муҳожирлар оммавий норозилик билдиришди. Улар Россияга Ўзбекистоннинг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали келишган.

Ўзбекистонликларга иш берувчи "АНТЭК" қурилиш ташкилоти уларга авиабилетларини олиб берган, ётоқхонага жойлаштирилган, овқат билан таъминланмоқда.

Муҳожирлар нимадан норози?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Юристлар агентлик орқали юборилган мигрантлар вазиятида "оммавий қуллик белгилари"ни кўришмоқда.

"Паспортингни нега бердинг деманглар"

Ўзбекистонлик ишчиларнинг ҳуқуқ ҳимоячиларига айтишича, улар келишганига 2 ойдан ошганига қарамай, ишга чиқишмаган.

Мигрантларнинг паспортлари олиб қўйилган, ётоқхоналарга қамалишган.

Ташқарига чиқиш учун қўриқчига пора бериш ёки деразадан сакраб чиқишга мажбур бўлишмоқда.

Ўзбекистондаги оилалари таъминоти ва харажатлари учун пул топиш имкониятининг йўқлиги, қачон ишга чиқишлари номаълум қолаётганидан эътироз билдиришмоқда.

- Ижтимоий тармоқларда бизга ўхшаш вазиятларга "нега паспортингларингни берасизлар", деб таъна қилишади. Биз патентга ҳужжат қилиш учун паспортимизни бергандик. Ҳаммамизни паспортимиз ҳужжатларимизни расмийлаштириш учун олинган ва шу билан қайтариб берилмади, - дейди мигрантлар Би-би-сига юборилган видеотасвирларда.

"Бу - оммавий қуллик белгилари"

Россиядаги ўзбек мигрантлари

Сурат манбаси, Screenshot

Миграция бўйича юристлар ўзбекистонлик муҳожирларнинг ҳужжатлари олиб қўйилиб, эркинликлари чекланган ҳолатда мажбуран ушлаб турилиши - инсон ҳуқуқларига зид эканини таъкидлашмоқда.

- Кўпчиликнинг паспорти номаълум шахслар тарафидан олиб қўйилгани, мигрантларни мажбурий равишда карантин тугаган бўлса ҳам ҳеч қаерга чиқармай олиб ўтиришлари, бунинг ҳисобига иш берувчи олдида мигрантларнинг қарздорликлари ошиб бораётгани каби элементлар қонун тилида ўзбекистонликларнинг "оммавий қуллик"да қолишларига ишора, албатта, - дея вазиятни изоҳлади юрист Зарнигор Омониллаева.

Ётоқхонага "қамалиш"

"АНТЭК" юзлаб ишчиларни нега ўз ҳисобидан Ўзбекистондан олиб келиб, ойлаб ётоқхоналарда ушлаб озиқ-овқат билан таъминлаяптию ҳалигача иш бера олмаяпти?

АНТЭК раҳбариятининг билдишича, муҳожирлар коронавирусга тест топширишганида улардан бирида ижобий натижа қайд этилган.

Роспотребнадзор ташкилоти иш берувчиларга барча муҳожирларни карантинга олишни буюрган.

Белгиланган карантин муддати 6 апрелда тугаган.

Шунга қарамай, муҳожирлар ҳанузгача ётоқхоналарда сақланмоқда.

Қурилиш ташкилоти Роспотребнадзор изнисиз уларни ишга олиб чиқа олмаслигини билдирмоқда.

Аммо АНТЭК томонидан муҳожирлар карантиндан сўнг ҳам "мажбуран" ушлаб турилгани айтилмоқда.

Овқат учун деразадан сакраш

- Мигрантлар ётоқхонадан чиқиши мумкин бўлмаган. Овқатларга кўнгли тўлмаган кишилар ташқаридан емак сотиб олишга чиқа олишмаган. Баъзилари деразадан сакраб чиқишга, баъзилари қўриқчиларга пора эвазига ташқарига чиқиб, егулик олиб келишга мажбур бўлишган, - дейди мигрантлар учун бепул юрист Дилшод Тўйчиев.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги вакиллари мазкур ётоқхоналарга бориб, муҳожирлар билан учрашишган.

Би-би-сига тақдим этилган видеотасвирларда агентликнинг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Саиднўмон Мансуров бу муаммолар карантин билан боғлиқ экани ва уларни ҳал қилишга уринишлар кетаётганини билдирган.

Ёмғирдан қочиб дўлга тутилманг

Россиядаги ўзбек мигрантлари

Сурат манбаси, Screenshot

"Тонг жаҳони" МЧЖнинг мигрантлар учун бепул юристлари томонидан иш берувчиларга вазиятнинг ҳуқуқий томонлари тушунтирилгач, ётоқхоналар очилган, ўзбекистонликларнинг паспортлари қайтариб берила бошланган.

Аммо паспортларини қўлларига олган ўнлаб муҳожирлар ишга чиқишни кутмай, ётоқхонани тарк этишган.

- Илтимос, борадиган жойингиз аниқ бўлсин, акс ҳолда бундан-да қийин вазиятга тушиб қолишингиз мумкин. Бу ерда ҳозирча иш бошламаган бўлсангиз ҳам, бошпанангиз, овқатингиз тайин. Бу ердан кетиб, ҳужжатсиз мақомда қолиб, мамлакатдан ҳайдалишдан ўзингизни асранг, - дея мигрантларга маслаҳат берди юрист Дилшод Тўйчиев.

Юрист Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда "Пик" ва "Техстрой" ташкилотларини тарк этган мигрантларнинг кўпчилиги бошқа жойга бориб жойлашгач, ҳужжатларини қонуний асосда давом эттиришмаётганини таъкидлади.

"Қаерда бўлсангиз ҳам, миграция қайди, патент тўловларини ҳамиша ҳал қилинг. Ноқонуний юриб, навбатдаги муаммога дуч келманг", - дейди юрист.

Мигрантларга қачон яхши бўлади?

Фаоллар

Сурат манбаси, Screenshot

Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги ўзлари томонидан юборилган мигрантларнинг қийин вазиятларга тушиб қолаётганини тан олган.

Жумладан, карантин даврининг чўзилиб кетгани, Ўзбекистон фуқароларининг паспортлари олиб қўйилиши, мигрантларга овқат ташкил қилиш ва ётоқхона маъмурияти билан боғлиқ муаммолар ўрганилгани таъкидланган.

"Айни пайтда ушбу вазият назоратга олинган бўлиб, юқоридаги муаммоларни бартараф этиш, хусусан, паспортларни фуқароларга қайтариш, қурилиш объектларида иш бошлаш жараёнини тезлаштириш, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини яхшилаш бўйича "АНТЭК" МЧЖ раҳбарияти билан музокаралар олиб борилмоқда", - дейилади агентликнинг Telegram даги расмий каналида.

Би-би-си Ўзбек хизмати бундан аввал ҳам Миграция агентлиги томонидан Россияга ишлашга юборилган ўзбекистонликларнинг оғир вазиятларга тушиб қолаётганликлари ҳақида ёзган ва видеолавҳалар тайёрлаганди.

Ҳозирча улар билан боғлиқ муаммолар ҳам тўлалигича ҳал этилганича йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek