Ўзбекистон ташқи қарзни пухта ўйлаб олаяптими - O'zbekiston dunyo yangiliklar

Маълум бўлишича, Ўзбекистон давлат ташқи қарз маблағларини жалб қилишда консерватив ёндашув ва хатарларни бошқариш принципларига амал қилади. Тошкентда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи билан боғлиқ очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ташкил этилган.

Расмий хабарда айтилишича, брифингда қатор вазирлик ва идоралар, иқтисод ва молия, инвестициялар ва ташқи савдо, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт вазирликлари таркибий бўлинмаларининг юздан ортиқ вакиллари, парламент қуйи палатаси депутатлари, нодавлат, нотижорат ташкилотлар ҳамда нодавлат телерадиоканаллари - ЎзЭОАВМА аъзолари иштирок этишган.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзини шакллантириш жараёни, унинг динамикаси ва тузилиши, лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш, қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг самарадорлигини таъминлаш масаласини муҳокама этишган.

Ўзбекистон Молия вазири Тимур Ишметов, "давлат қарзи бу - ҳар қандай давлатнинг, давлат иқтисодий сиёсатининг ажралмас ва муҳим қисми" эканини таъкидлаган.

Вазир келтириб ўтган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил 1 январь ҳолатига кўра, давлат ташқи қарзи қолдиғи $21, 1 миллиард долларни ёки ЯИМнинг 36,5 фоизини ташкил этган.

Ўзбекистон Молия вазирининг айтишича, "сўнгги йиллардаги ўсишига қарамай, халқаро стандартларга мувофиқ, Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи мўътадил даражада сақланиб қолмоқда".

Очиқ мулоқот тафсилотларидан давлат томонидан олинган ташқи қарз маблағлари асосан қайси тармоқларни ривожлантиришга йўналтирилгани ҳам маълум бўлган.

Булар иқтисодиётнинг асосий тармоқлари - энергетика, транспорт, муҳандислик ва телекоммуникация, кимё, таълим, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳалари экани айтилган.

Ўзбекистон Молия вазири келтириб ўтган маълумотларга таянилса, ўтган йил энг кўп маблағ электр энергияси саноатига йўналтирилган, бу сумма $3,1 миллиард долларни ташкил этган.

Ундан кейинги ўринларда эса, энергетика(нефть ва газ) соҳаси ($2,6 миллиард доллар), транспорт ва транспорт инфратузилмаси ($2,4 миллиард доллар) ва уй-жой коммунал хўжалиги ($2 миллиард доллар) келган.

Тадбир давомида асосий кредиторлар номлари ҳам аниқланган.

Қарз маблағларини етказиб берадиган халқаро ташкилотлар орасида $5 миллиард АҚШ доллари билан Осиё тараққиёт банки етакчилик қилган.

Юқори учликка яна Жаҳон банки ($3,7 миллиард доллари) ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ($2 миллиард АҚШ доллари) кирган.

Хитойнинг Эксимбанки ($2 миллиард АҚШ доллари), Хитой давлат тараққиёт банки ва бошқалар (($2 миллиард АҚШ доллари) бу учовлондан кейинги ўринларни эгаллашган.

Ислом тараққиёт банкиники эса, $1 миллиард АҚШ долларига етиб-етмаган.

Расмий хабарда Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлигининг 2020 йил октябрь ойидаги ҳисобига таяниб келтирилган маълумотга қаралса, "Ўзбекистон паст даражадаги давлат ташқи қарзига эга".

Мазкур агентликка иқтибосан таъкидланишича, "Ўзбекистон давлат қарзи ўрта муддатда "ББ" рейтингига эга мамлакатларнинг ўртача кўрсаткичидан паст даражада сақланиб қолади".

Парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси эса, брифинг чоғида асосий эътиборини давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни танлаш, уларни молиялаштириш ва самарали бажарилишини таъминлаш масаласига қаратган.

Шароф Назаровнинг айтишича, "бундай маблағ билан барча лойиҳалар Ҳисоб палатаси томонидан мажбурий текширувдан ўтказилади".

"Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва фуқаролари жамияти вакиллари иштирокида муҳокама қилинади".

Брифингда давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган йирик инфратузилма лойиҳалари ҳам номланган.

Энг аввало электр энергияси ва нефть-газ саноатида кредитларга бўлган талаб юқори экани тилга олинган.

Бунинг ортидан, сув таъминоти соҳасини олтита халқаро молия институтлари бирдан қўллаб-қувватлашгани айтилган.

Брифинг тафсилотларидан маълум бўлишича, суверен халқаро облигацияларни миллий валютада жойлаштиришдан олинган даромад 2 триллион сўмни ташкил этган, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Агар, Давлат ички ва ташқи қарз департаменти директорининг сўзларига таянилса, бу йил миллиардлаб сўмга ўнлаб янги мактаблар қуриш, яна ўнлабини таъмирлаш, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам янги бинолар барпо этиш, ўндан ортиқ мавжуд тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш режаланган.

Ажратилган пуллар ҳисобидан 200 кмдан ортиқ сув таъминоти тармоқлари ва иншоотлари қурилган.

Йўл инфратузилмасини ҳам янада ривожлантириш кўзда тутилган.

Жасур Қаршибоев, бундан ташқари, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар ва оилалар, ногирон аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, оила, оналик ва болалик институтини қўллаб-қувватлаш, аёлларга тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар бериш, ишсизлик нафақаларини тўлашга ҳам 149,8 миллиард сўм ажратилаётганини билдирган.

Тадбирда таъкидланишича, Ўзбекистон давлат ташқи қарз маблағларини жалб қилишда консерватив ёндашув ва хатарларни бошқариш принципларига амал қилади.

Хусусан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган узоқ муддатли (30 йилгача) ва имтиёзли фоиз ставкаларига эга давлат ташқи қарзи $19,3 млрд. долларни ташкил этади.

Ўзбекистон Молия вазири, ўз навбатида, имзоланган қарз битимларининг ҳажми йил сайин камайиб боришини таъкидлаган.

"Агар, 2019 йилда қарийб $9 миллиард АҚШ доллари жалб қилинган бўлса, демак 2010 йилда бу кўрсаткич 5,3 ни ташкил этган. Жорий йил учун белгиланган лимит эса, $5 миллиард АҚШ долларини ташкил этади".

Ўз навбатида, маърузачилар қарз маблағлари аллақачон иқтисодий тармоқларнинг иқтисодий ўсиши, шунингдек, давлат бюджетига солиқ тушумларининг кўпайиши кўринишида сезиларли даромад келтира бошлаганини ҳам таъкидлашган.

Парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг айтишича, Ўзбекистонда автоматлаштирилган DMFAS 6 дастурий таъминоти("Қарзларни бошқариш ва молиявий таҳлил тизими) фойдаланишга топширилган.

Унга кўра, Молия вазирлигининг расмий веб саҳифалари ва бошқа манбаларда Ўзбекистон давлат қарзининг ҳолати ва динамикаси ҳақидаги шарҳлар мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда.

Тадбир иштирокчилари - Ўзбекистондаги нодавлат телерадиканал вакиллари эса, учрашувнинг ижобий натижаларини қайд этишган ва бундай ихтисослаштирилган брифинглар доимий равишда ўтказилиб бориши зарурлигини таъкидлаганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek