Дунё яна бир пандемия хавфи остидами? - Олимлар жиддий хавотирда, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

    • Author, Ҳарриет Констебл
    • Role, BBC Future

Дунё яна бир пандемия хавфи остидами? - Олимларни аллақачон яна бир вирус қўрқитмоқда. Янги вирус ўлдирувчанлик даражаси 75%. Унга қарши вакцина ҳам йўқ. Ҳозир ҳамманинг диққат-эътибори Covid -19 га қаратилган. Олимлар эса, янги вирусни жиловлаш ҳаракатида.

2020 йилнинг 3 январи эди, Супапорн Вачараплуэсади жўнатмани келтиришларини кутиб турарди. Хитойнинг Уҳан шаҳрида қандайдир респиратор касаллик тарқалгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Бу вақтда кўплаб хитойликлар қамарий Янги йил байрамини нишонлаш учун қўшни Таиландга ошиқарди. Тай ҳукумати Уҳандан келаётган сайёҳларни эҳтиёткорлик билан аэропортда ва бир неча белгиланган лабораторияларда текширувдан ўтказа бошлади. Бу лабораториялар орасида Вачараплуэсадиники ҳам бор эди. Уларда сайёҳлардан намуна олиниб, муаммо бор йўқлиги текширилар эди.

Вачараплуэсади эксперт вирус овловчидир. У Банкокдаги Янги юқумли касалликлар Қизил Хоч илмий марказини бошқаради. 10 йилдан ошиқроқ вақт давомида у ҳайвонлардан одамларга юқувчи касалликларни вақтида аниқлаб, касаллик тарқалиши олдини олиш бўйича "Башорат" лойиҳасига ўз ҳиссасини қўшиб келади.

У ва унинг жамоасида турли ҳайвонлардан намуналар бор. Аммо уларнинг асосий эътибори турли коронавирусларни тарқатувчи кўршапалакларга қаратилган.

Бу ҳикоя "Кейингисини тўхтатинг" номли мультимедиа сериямизнинг биринчи қисми бўлиб, унда қандай касалликлар кейинги пандемияга сабаб бўлиши мумкинлиги ва олимлар унинг олдини олиш учун нималар қилаётганини кўришингиз мумкин.

У ва унинг жамоаси Ковид-19нинг Хитойдан ташқаридаги биринчи ҳолатини аниқлаб, касаллик табиатини атиги бир неча кунда билиб олдилар. Улар бу касаллик янги вирус сабабли эканлигидан ташқари, у инсонда пайдо бўлмаганини ҳам, улар аллақачон кўршапалакларда аниқлаган коронавирусларга алоқадорлигини ҳам билдилар. Мавжуд маълумотларга таяниб, ҳукумат беморларни тезда карантинга олиш ва фуқароларни огоҳлантира олди. Қарийб 70 миллион аҳолиси бор мамлакат бўлишига қарамай, Таиландда 2021 йил 3 январгача атиги 8 955 касаллик ҳолати ва 65 та ўлим қайд этилган.

Кейинги хавф

Дунё хали Ковид-19 билан курашиб ётганда Вачараплуэсади кейинги пандемия ҳақида бош қотирмоқда.

Осиё янги юқумли касалликлар пайдо бўладиган манбадир. Тропик ҳудудлар биохилма-хилликка бой экани унинг патогенлар макони эканлиги, янги вируслар пайдо бўлишини ҳам билдиради. Бу жойларда аҳоли сони ошиб бориши, одамлар ва ёввойи ҳайвонлар ўртасида контакт эҳтимолининг ортгани хавф омилларини ҳам кўпайтиради.

Минглаб кўршапалакларни ўрганиши асносида Вачараплуэсади ва унинг ҳамкасблари кўплаб янги вирусларни кашф қилдилар. Улар асосан коронавирусларни топган бўлса ҳам, улар орасида инсонга ўтиши мумкин бўлган ҳалокатлилари ҳам бор.

Нипаҳ вируси шулар жумласидандир. Улар учар тулкилар - мева кўршапалакларида табиий учрайди. "Бу жуда хавотирли, чунки унинг давоси йўқ... ва бу вирус жуда юқори даражада ўлимга сабаб бўлади", дейди Вачараплуэсади. Қаерда тарқалишига қараб, Нипаҳ вирусида ўлим даражаси 40 фоиздан 75 фоизгача боради.

Хавотирланаётган биргина у эмас. Ҳар йили Жаҳон Соғлиқ ташкилоти (ЖСТ) ўзининг тадқиқот ва ривожланиш фондидан маблағ ажратиш учун жамият соғлиғига жиддий хавф бўлган патогенлар рўйхатини кўздан кечиради. Улар инсон соғлиғига катта хавф соладиган, юқори эпидемик потенциалга эга бўлган ва олдини олиш учун вакцина бўлмаган патогенларга диққат қаратади.

Нипаҳ вируси улар тузган рўйхатдаги топ ўнталик ичида бор. Осиёда бир неча марта бу касаллик тарқалган, эҳтимол унинг охиргисини хали кўрмагандирмиз.

Нипаҳ вирусини бу қадар хавфли бўлишига бир неча сабаблар бор. Касалликнинг инкубация даври узунлиги (бир ҳолатда 45 кунгача чўзилгани хабар қилинган) юқтирган одамнинг ўзи бехабар бошқаларга узоқ вақт юқтириб юришини билдиради. Бу вирус жуда кўп ҳайвон турларига юқади, бу эса унинг тарқалишини янада кучайтиради. Уни бевосита контакт ёки зарарланган овқат орқали юқтириш мумкин.

Нипаҳ вирусини юқтирганларда нафас йўлларида турли симптомлар - йўтал, томоқ оғриғи, шунингдек, бадан оғриғи ва чарчоқ, энцефалит, мияда шиш, тутқаноқ ва ўлим кузатилади. Дадил айтиш мумкинки, бу касаллик ЖСТ тарқалишини олдини олишни истайдиган касалликдир.

Ҳар ерда юқтириш мумкин

Камбоджа шимоли-ғарбидаги Сангкае дарёси ёқасидаги Баттамбанг шаҳрида эрталабки илк чироқ ёнди. Тонгги бозор соат 5:00дан очилади. Мотоцикллар юрган йўлини чангитиб, савдогарлар олдидан ғизиллаб ўтади. Баланд қилиб мол ортилган, рангин чойшаб билан ёпилган аравалар мевалар сотилаётган муваққат расталар олдида турибди. Маҳаллий аҳоли қўлларидаги бозорликлари солинган пластик пакетларини кўтариб кириб чиқиб турибда. Кенг соябонли шлапа кийган кампирлар сотилаётган меваларни олиб кўради.

Бошқача айтганда, бу одатий тонгги бозор. Тепага қарамагунингизча шундай.

Дарахтларда минглаб кўршапалаклар - учар тулкилар осилиб турибди, пастда ўтган-кетганнинг устига чоптириб ҳам юбораверади. Эътибор билан қарасангиз, бозор расталари усти уларнинг ахлатига тўлганини кўрасиз.

"Одамлар ва дайди итлар кўршапалакларнинг сийдиги қоплайдиган қўнимгоҳлари тагида юради", дейди Висна Дуонг. У Пномпендаги Пастер институтидаги илмий лобараторияда вирусология бўлими раҳбари, Вачараплуэсадининг ҳамкасби ва ҳамкори.

Баттамбанг бозори Кaмбоджадаги кўршапалаклар ва бошқа ҳайвонлар одамлар билан контактда бўладиган Дуонг аниқлаган жойлардан бири. Унинг жамоаси одамлар ва кўршапалаклар бир- бирига яқин келадиган ҳар қандай жойни "юқори хавфли интерфейс" деб атайди, яъни бошқа жойга тарқалиш имконияти ниҳоятда баланддир. "Бундай жойларда вирус учун мутацияга учрашга имконият туғилади, бу эса пандемияни келтириб чиқариши мумкин", дейди Дуонг.

Хавфга қарамай, бунақа яқин контактлар кўп учрайди. "Биз кўршапалакларни бу ерда ҳам, Таиландда ҳам, бозорларда, ибодатхоналарда, мактаблар ва Ангкор Ват каби туристлар учун диққатга сазовор жойларда учратишимиз мумкин", дейди у. Одатда Ангкор Ватга ҳар йили 2.6 миллион сайёҳ келади. Нипаҳ вируси учун бир йилда ва битта жойда кўршапалакдан одамга ўтиши учун 2.6 миллион имконият бу.

2013 йилдан 2016 йилгача Дуонг ва унинг жамоаси Камбоджа кўршапалагининг бошқа ҳудудлардагилар билан қиёслаш ва Нипаҳ вирусини кўпроқ ўрганиш учун GPS кузатув дастурини йўлга қўйди.

Бангладеш ва Ҳиндистон ҳам кўршапалакларнинг маконларидандир. Ҳар икки мамлакатда ҳам ўтмишда Нипаҳ вируси тарқалган ва ҳар икки ҳолат ҳам хурмо (финики) дарахти шарбатини ичиш билан боғлиқ бўлган.

Тунда касалланган кўршапалаклар хурмо дарахтлари плантацияларига учиб бориб, улардан оқиб ётган шарбатидан ичади. Улар зиёфат қилаётганда шарбатни тўплаш учун қўйилган идишларга сийиши мумкин. Ҳеч нарсадан бехабар маҳаллий аҳоли халиги йиғилган шарбатларни кўчадан сотиб олади, уни истеъмол қилиб, касаллик юқтиради.

2001 йилдан 2011 йилгача Бангладешда 11 марта Нипаҳ тарқалган бўлса, 196 одамга юққан ва шулардан 150 нафари ҳаётдан кўз юмган.

Хурмо дарахти шарбати Камбоджада ҳам истеъмол қилинади. Дуонг ва унинг жамоаси аниқлашича, мева кўршапалаклари ҳар тунда мевани топиши учун 100 км йўл босади. Бу жойлардаги аҳоли нафақат кўршапалакларга яқин бўлиш, улар зарарлантирган маҳсулотларни истеъмол қилиб қўйишдан ҳам эҳтиёт бўлишлари керак.

Дуонг ва унинг жамоаси хавф даражаси юқори ҳолатларни аниқлаган. Кўршапалак ахлатлари (гуано деб аташади) Камбоджа ва Таиландда ўғит сифатида ишлатилади. Иш топиш имконияти оз бўлган қишлоқ жойларда кўршапалак ахлатини териб, сотиш тирикчилик манбаига айланган. Дуонг маҳаллий аҳоли мева кўршапалакларини - уларни учар тулки ҳам деб аташади - ўз уйларига яқин келишга қизиқтиришга уринадиган кўплаб жойларни аниқлаган.

Аммо гуано тўпловчилар қандай хавфга рўпара бўлаётганларини билмайди. "Биз суҳбатлашган одамларнинг 60 фоизи кўршапалаклар касаллик юқтиришини билмайди, бу борада билимсизлик ҳамон кенг тарқалган", дейди Дуонг.

Баттамбанг бозорига қайтсак, Софорн Дьюн ўрдак тухумларини сотади. Ундан кўршапалакдан юқадиган хавфли касалликлардан бири Нипаҳ вируси ҳақида сўраганларида, у "ҳеч қачон. Қишлоқликлар учар тулкилардан хавотир олмайди. Улар сабабли бирор марта ҳам касал бўлмаганман."

Дуонгнинг ишонишича, маҳаллий аҳолини хавф ҳақида ўқитиш асосий мақсад бўлиши лозим.

Дунёни ўзгартириш

Кўршапалаклардан нари бўлиш мураккаб ишмасдек туюлиши мумкин, аммо аҳоли сони ўсиб борар экан, одамлар сайёрани ўзгартириб, табиий ресурсларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун ёввойи табиатни эгаллаб бораверади. Бундай қилиш касаллик тарқалишини янада осонлаштиради.

"Ҳайвонлардан ўтадиган касалликларнинг тарқалиши ва юқувчанлиги ердан фойдаланишдаги ўзгаришлар - ўрмонсизлаштириш, урбанизация ва қишлоқ хўжалик фаолиятининг интенсивлашуви билан янада тезлашади", деб ёзади Ребека Ж. Уайт ва Орли Разгур ўзларининг ҳайвонлардан ўтувчи янги касалликлар ҳақидаги мақолаларида.

Дунё аҳолисининг 60 фоизи Осиё ва Тинч океани ҳавзаси ҳудудларида яшайди ва у ерларда урбанизациялашув ҳамон юқори суръатда давом этяпти. Жаҳон Банкига кўра, Шарқий Осиёда 2000 ва 2010 йиллар оралиғида 200 миллион одам шаҳарларга кўчган.

Кўршапалаклар яшайдиган жойларнинг бузилиши ўтмишда Нипаҳ инфекцияси тарқалишига сабаб бўлган эди. 1998 йилда Малайзияда ушбу вирус 100дан ортиқ одамни ўлдирган. Тадқиқотчилар хулосасига кўра, ўрмон ёнғинлари ва маҳаллий қўрғоқчилик кўршапалакларни ўз яшаш жойларидан чиқиб, мевазорларга - чўчқалар боқиладиган фермалардаги дарахтларга боришга мажбур қилган. Ноқулайлик вақтида кўршапалаклар кўпроқ вирус тарқатиши аниқланган. Кўчишга мажбурлик ва бегона ҳайвон турлари билан ёнма-ён яшаш вирус аввал чўчқаларга, улардан фермерларга ўтишини қулайлаштиради.

Дунё тропик ўрмонларининг 15 фоизи Осиёда жойлашган бўлса ҳам, бу минтақада ўрмонсизлашиш авжидадир. Биохилма-хилликнинг йўқолишида ҳам бу минтақа пешқадамлар ичида. Булар асосан ўрмонларнинг палма ёғи олиш каби эҳтиёжлар учун ташкил қилинган плантацияларга айлантирилиши сабабли йўқ қилинаётгани, шунингдек, турар-жойлар қуриш, фермалар ташкил қилишдан бўлмоқда.

Мева кўршапалаклари мева топиб ейиш осон бўлган қалин ўрмонларда яшаб келган. Уларнинг яшаш макони бузилса ёки зарарланса, улар уй томлари ёки Ангкор Ват миноралари ёриқларидан бошпана излайди. "Кўршапалак маконларининг бузилиши, одамларнинг овчилик орқали уларнинг ҳаётига аралашуви учар тулкиларни янги манзил излашга мажбур қилади", дейди Дуонг. Дуонг жамоаси кузатаётган, ҳар тунда 100 км босиб ўтадиган кўршапалаклар ўз табиий яшаш жойларидан айрилганлари учун шундай қилади.

Аммо, биз ҳозир биламизки, кўршапалаклар бир неча оғир касалликларни - Нипаҳ ва Ковид-19 дан ташқари, Эбола ва Сарсни ҳам ташийди.

Кўршапалакларни шунчаки қириб ташлашимиз керакми? Агар аҳволни янада оғирлаштиришни истамасак, йўқ албатта, дейди Трейси Голдстейн. У "Башорат" лойиҳаси лабораторияси раҳбари ва "One Health Institute Laboratory"да институт директоридир.

"Кўршапалаклар муҳим экологик вазифани бажаради", дейди Голдстейн. Улар 500дан ортиқ ўсимлик турларини чанглатади. Шунингдек, улар ҳашаротларнинг кўпайиб кетиши олдини олиб, одамларда бошқа касалликлар тарқалиши, масалан, чивинларга қирон келтириб, малария тарқалишини камайтиради, дейди Голдстейн.

"Улар инсон саломатлигида улкан роль ўйнайди."

У яна кўршапалакларни ўлдириш касаллик борасида жуда салбий оқибатларга олиб бориши тасдиқланганини таъкидлайди. "Сиз уларнинг сонини камайтирсангиз, улар янада кўпроқ туға бошлайди. Ҳайвонларни ўлдириб, хавфни орттирасиз, чунки бу билан вирус тарқатувчи ҳайвонлар сонини кўпайтирасиз," дейди у.

Янги саволлар

Дуонг ва унинг жамоаси қанча кўп саволга жавоб топса, янада кўпроқ саволлар пайдо бўлаверади. Барча хавф омилларини ҳисобга олсак, нега Камбоджада шу пайтгача бирор марта ҳам Нипаҳ тарқалмаган? Бу вақт масаласими ёки Камбоджа мева кўршапалаклари Малайзиядагидан фарқлими? Камбоджадаги вирус Малайзиядагига ўхшамайдими? Одамларнинг кўршапалаклар билан контакти ҳар бир давлатда ўзгачами ёки?

Дуонг жамоаси жавоб топишга интилмоқда, аммо ҳали топилгани йўқ.

Албатта, бу саволларга жавоб излаётган фақат Дуонг жамоаси эмас. Вирус овлаш олимлар, ветеринарлар, экологлар ва биз йўлиқаётган касалликлар ва уларнинг олдини олишга қизиқадиган ҳаваскор олимларнинг глобал ҳамкорликдаги меҳнатидир.

Дуонг кўршапалакларни текшириб, Нипаҳ вирусини аниқласа, уни Касалликларга Тайёрлик Австралия марказидаги Янги касалликлар лаборатория диагностикаси гуруҳи директори Дэвид Уильямсга юборади.

Чунки Нипаҳ шу қадар хавфлики, бутун дунёда ҳукуматлар унга биотерроризм потенциали бор вирус сифатида қарайди. Дунёда оз сонли лабораторияларгагина уни сақлаш, ўстиришга рухсат берилган.

Уильямснинг лабораторияси ўшалардан биридир. Унинг гуруҳи Нипаҳ бўйича дунёда етакчи экспертлардан. Уларда аксар лабораторияларда йўқ диагностика воситалари мавжуд. Ҳаво ўтмас кийимларда улар оз сонли намунадан ўта хавфли вирусларни ҳам ўстира олади. Вируслар сони кўпайса, уларни ўрганиш - қандай кўпайиши, юқиши ва касаллик келтириб чиқаришини тушуниш имкони бўлади.

Бу босқичга етиб бориш учун мураккаб босқичлардан ўтиш керак: аввал Дуонг кўршапалаклар манзилларига катта пластик чойшаб ёзиб, уларнинг пешобини йиғади. Бу уларни тутиб жароҳат етказиш олдини олади. У бу намуналарни лабораторига олиб боради, уларни пробиркаларга солиб, белгилаб, салқин яшикларга жойлайди. Бу яшиклар хавфли юкларни ташишга ихтисослашган махсус курьер орқали Австралияга юборилади. У ерда вирус рухсат олиш учун божхона назоратидан ўтади.

Ниҳоят юк Уильямснинг лабораториясига етиб боради. Намуна текширилгач, натижалар Камбоджадаги Дуонгга юборилади. Уильямсдан уникига ўхшаган дунёдаги қаттиқ қўриқланадиган лабораториялар хавфли касалликларни топишни тезлаштиришлари мумкинми, деб сўрадим. "Назарий жиҳатдан, ҳа, Камбоджага ўхшаш давлатларда биологик жиҳатдан хавфсизлиги таъминланган лабораторияларни ташкил қилиш орқали вирусни характерлаш ва диагностикасини тезлаштириш мумкин, дейди у. Аммо уларни сақлаш жуда қиммат. Мана шу кўпинча халал беради."

Авваллари Дуонг ва Вачараплуэсади қилаётган ишларни молиялаш тизимли бўлмаган. 10 йил ишлаган "Башорат" лойиҳаси Трамп маъмурияти вақтида тўхтаб қолди, АҚШ президент Жо Байден уни қайта тиклашга ваъда берди. Бу орада Вачараплуэсади "Тай Виром лойиҳаси"ни бошлаш учун молиявий манба топди. Бу лойиҳа унинг жамоаси ва Таиланддаги Ёввойи табиат, ўсимликлар консервацияси ва миллий боғлар бўйича ҳукумат бошқармаси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Бу унга кўпроқ кўршапалакни ва бошқа жонзотларни уларга ин қурган касалликларни, уларнинг инсонга хавфини тушуниш учун ўрганишга имкон беради.

Дуонг ва унинг гуруҳи патогенларни аниқлаш учун Камбоджада кўршапалакларни давомий кузатиш ва улар шу вақтгача инсонлардаги бошқа касалликларга ҳам сабаб бўлган ёки йўқлигини ўрганиш учун молиялаш манбаларини қидирмоқда.

Улар Нипаҳ бўйича тадқиқотларини давом эттиришга етарли маблағ топа олганларича йўқ. Бусиз фожеали эпидемиялар тарқалиши эҳтимоли бор, дейди у.

"Узоқ муддатли кузатув, расмийларни эҳтимолий эпидемиядан бохабар қилиш, олдини олиш чоралари бўйича уларга тавсиялар бериш ёрдам беради", дейди Дуонг. Давомли ўрганишларсиз олимлар янги вирусларни, Вачараплуэсади Ковид-19ни Таиландда аниқлаганидек, тез аниқлай олмайди. Вакцина яратиш учун ҳам ахборот керак.

2020 йил июнида видеоқўнғироқ орқали гаплашганимизда, Вачараплуэсадидан гуруҳининг эътиборли муваффақияти ҳақида сўрадим.

"Уларнинг муваффақиятидан фахрланаман. "Башорат" лойиҳаси ёввойи ҳайвонлардан тарқайдиган янги вирусларни ташхис қилиш учун бир машқ эди. Мен ва гуруҳим коронавирусни топганимизда, бундан ҳайрон бўлмадик, боиси тадқиқот лойиҳаси. Бу лойиҳа тажрибамизни бойитди, имкониятимизни оширди."

Дуонг ва Вачараплуэсади Жанубий-шарқий Осиёда Нипаҳ вирусига қарши курашишда ҳамкорликни давом эттиришни умид қилмоқда. Улар минтақада Нипаҳ вирусини биргаликда кузатиш бўйича таклиф тайёрлаган. Улар бу таклифни АҚШ Мудофаа вазирлигининг Хавфни камайтириш агентлигига тақдим қилмоқчи. Ушбу агентлик юқумли касалликлар хавфини камайтиришга қаратилган лойиҳаларга маблағ ажратади.

2020 йил сентябрида Вачараплуэсадидан кейинги пандемиядан аввалдан огоҳлантира оласизми деб сўрадим. У Ковид-19 учун олинган минглаб намуналарини тест қилиб бўлгач, лабораториянинг оқ халатида офисида ўтирар эди. Ҳозир аввалги йиллардагидан иш анча кўпайган.

Шунга қарамай, у жилмайиб, "Ҳаракат қиламан", деб жавоб берди.

Мақолани тайёрлашда Камбоджадан Мора Писет ҳам ёрдам берди.

Репортаж "Кейингисини тўхтатинг" туркумимизнинг бир қисми, лойиҳани молиялашда Pulitzer маркази ҳам кўмаклашган.